Ҳар янги йил ўзгача бир руҳият билан бошланади. Фикру зикримизни янги орзулар, мақсадлар ва режалар қамрайди. Чунки бошланган йилдан ўтганларидан кўпроқ самара умид қилинади. 

Худди шунингдек, севимли журналимизнинг ҳар бир сони ҳам янги ҳаяжон билан дунёга келади, янги ҳаяжон билан кутилади. Бу ишда динимиз асосларига таяниб, тилимиз жозибасини сақлашга уринган ҳолда кўнгилларга йўл топишга ҳаракат қиламиз. Берилажак тавсияларни ақл ва мантиқ ўлчовлари орасига қўйиб ифодалашга интиламиз. Таъсирланганларимиз билан Сизга ҳам таъсир кўрсатишни истаймиз. Хуллас, яхшилик билан яхшилик истаб, кўнглингизга ташриф буюришни мақсад қилганмиз. Амалларимиз натижаси динимиз мустаҳкамлиги бўлсин. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бу дин мустаҳкам диндир. Унда ўрта ҳол ва юмшоқлик билан бораверинглар”, деб марҳамат қилганлар (Имом Аҳмад ривояти). Зотан, сизу бизнинг ҳам йўриғимиз шундай.

Ислом дини маданияти, маърифати билан хонадонингизга кириб бораётган “Ҳидоят” журнали покиза руҳияти билан Аллоҳ таоло амрларига, суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларига чорлайди, ибрат олишга ундайди, саволларингизга жавоб беради, излаганингизга етиштиради, деб ўйлаймиз.

Бу йил анъанавий рукнларимиз қаторига “Мустаҳкам оила йили” рукни ҳам қў­шилди. Унда берилажак мақолалар, суҳбатлар, лав­ҳалар, ҳикматли сўз ва иборалар номдаги маъно ва моҳиятга уйғун ҳолда, самимий ниятларимизни рўёбга чиқишига ёрдам беради.

Умид қиламиз, бугунимиз истиқболимиз учун янги, тоза уфқлар очади. Чунки сизнинг ҳам, бизнинг ҳам ниятимиз самимий, амалларимиз холис! Имонимизни тоза асраш, ибодатни юксак шуур ва идрок қилиш учун юракларимизда маънавий жўшқинлик бор. Билиш, ақлли бўлиш ва билганларига амал қилиб яшаш мусулмон фазилати. Турли рукнларда турли мавзулар остидаги тавсиялар, йўл-йўриқлар сизу бизни яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтаради – фазилатли бўлишимизга ёрдам беради, иншааллоҳ. 

Зебунисо ҲУСАЙН