“Эй имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара, 183).

Рамазон покланиш ойи. Бу ўринда инсондаги жисмоний тозаришлардан кенгроқ маънолар назарда тутилади. Яъни, рўзадорда руҳий тозариш кузатилади. Саҳардан шомгача еб-ичишдан тийила олган одамда сабр-қаноат туйғуси кучаяди. Иродаси мустаҳкамланади. Иродали, сабрли инсонлар руҳий хотиржамликка эришади. Хотиржам руҳ эгалари тилларини ғийбатдан, беҳуда гап-сўзлардан тияди. Кўнгилларидан ҳасаду ғаразни, гина-кудуратни ҳайдайди. Одамларга нисбатан эътиборлироқ, раҳм-шафқатлироқ муносабатда бўлишга интилади. Худбинлик ўрнини бағрикенглик эгаллайди. Ҳатто турли узрли сабаблар билан рўзадор бўлмаган кишиларда ҳам бу муборак ойнинг ижобий таъсири кузатилади. Шу сабабдан ҳам Рамазон ойига маърифат, мағфират, тинчлик, хотиржамлик, сабр ойи каби сифатлар қўшиб айтилади. Булар барчаси бир-бирини эргаштириб келгувчи инсоний фазилатлар ҳисобланади.

Ҳужжатул ислом Имом Ғаззолий таърифича: “Рўза тутиш жон учун закот, бадан учун риёзат, яхшилик учун даъват, гуноҳлардан сақланиш” демакдир.

 

Олам аҳли, билингизким, иш эмас душманлиғ,

Ёр ўлунг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш...”

 

Эътибор қилинг, Алишер Навоий ҳазратлари ўз хитобларида Олам аҳли...” деяпти. Миллату ирқ, дину мазҳаб каби тафовутлардан юқори туриб, дунё халқларига мурожаат қиляпти. Тинчликка, ўзаро ҳамжиҳатликка чақиряпти. Зеро, ер юзи бўйлаб сочилиб кетган халқларнинг келиб чиқиш ўзаги битта, бир ота-она фарзандларидир. Исломнинг беш устунидан бири бўлмиш рўза туфайли ўзаро аҳиллик, тотувлик, бағрикенглик туйғулари кучланади. Нифоқу ихтилоф ўрнига ҳамжиҳатлик, ҳамкорликка интилиш юзага келади.

Рамазонда қилинадиган ҳар қандай хайрли амалга бошқа ойлардагидан бир неча ҳисса кўпроқ ажр берилади, шунга кўра кишиларда бу ойда савобли ишларни ҳар қачонгидан кўпроқ қилишга интилиш майли ортади. Қолаверса, бир ой давомида фақат яхши ниятда, яхши амалда бўлган кишиларнинг рўзадан кейинги ойларда ҳам бундай яхшиликларда бардавом бўлишлари табиий.

Фитр Рамазон ойи охирида ҳар бир мусулмон бериши лозим бўлган садақадир. Фитрни ҳайит куни тонг отгач беришнинг савоби улуғроқ дейилади. Аммо уни ҳайитдан олдинроқ ҳам бериш мумкин. Муҳтожлар ҳайит арафасида камчиликларини битказиб, байрамга тайёргарлик кўришларига имкон туғилади. Фитр садақаси замирида эса байрам ҳаммага татисин, қўли қисқа, камхаржроқ кишиларнинг оила аъзолари ҳам байрам шодликларидан баҳраманд бўлсин, байрам қувончи ҳар бир хонадонга, ҳар бир кўнгилга кириб борсин, деган эзгу мақсад ётади. Диннинг беш устунидан яна бири закот айнан Рамазон ойи берилишида ҳам чуқур маъно бор.

“Сизлар молларингизни закот бериш билан қўрғонлангиз (ҳалоллангиз), касалларингизни садақа бериш билан даволангиз ва турли бало-офатларга дуони ҳозирлангиз”, дея марҳамат қилинади ҳадиси шарифда.

Закот моли нисобга етган кишига вожиб бўлади. Бу жамиятда ўзаро меҳр-оқибатни кучайтиришда, тўкисликни таъминлашда асос бўлади.

Булардан ташқари, хайр-садақанинг, эҳсоннинг турлари кўп. Имкони бор мол-дунёси, бошқалар илму ҳунари, хизмати билан, ҳатто яхши сўзлари, панд-насиҳатлари билан ҳам хайр-садақа қилишлари мумкин. Яхшилик, эҳсон олдин ота-онага, оила аъзоларига қилинади. Бунда оила мустаҳкамлиги таъминланади. Қариндош-уруғ, қўни-қўшни, етим-есир ва кексаларга, талабаларга қилинган ёрдам хоҳ моддий, хоҳ маънавий тарзда бўлсин, ўзаро меҳр-оқибатни, ҳамжиҳатликни пайдо қилади. Бундай ҳамжиҳатлик устувор жамиятда эса соғлом муҳит юзага келади, мамлакат равнақи бардавом бўлади.

 

Қурбонали ТУРСУНОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби