Исломда никоҳ муқаддас саналади. Шу муқаддас никоҳ эр-хотинни жисман ва руҳан яқинлаштиради. Келин-куёвнинг ҳис-туйғулари, орзу-умидлари, сир-асрорлари, дард-ғамлари, бахту саодатлари, барча-барчаси бирлашиб, қовушиб кетади. Бу Аллоҳ таоло ҳалол никоҳ туфайли бандаларига берган муҳаббат самарасидир. Ана шу муҳаббат билан қўша қаришлари учун куёв ҳам, келин ҳам астойдил ҳаракат қилишлари керак. Бунинг учун ҳар ким ҳақларини, зиммасидаги вазифаларини билиб, шунга амал қилса оила тинч ва саодатли бўлади. Ҳар бир жойда бир бошлиқ бўлганидек, оилада ҳам бошлиқ бўлиши керак. Аллоҳ таоло: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчидир” (Нисо, 34), деб эркакларга оила бошлиғи вазифаси юклатилган. Қайси хонадонда шу илоҳий қонун бузилиб, оила бошқаруви жилови хотинга ўтса, масканда тартиб ўзгариши, жанжаллар ва қўйди-чиқдилар кўпайиши мумкинлиги ҳаётий тажрибада исботини топган.

Рўзғорнинг ҳаловатли бўлишида аёл асосий сабабчи эканини унутмаса, уй-ҳовлиси тоза-озода бўлишига аҳамият берса, рўзғор ишларида тадбирли бўлса, эри ундан рози бўлади ва ҳаёти ширин ўтади. Умму Салама онамиздан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ : “Қайси бир аёл эрини рози қилган ҳолда оламдан ўтса, у аёл жаннатга киради”, деганлар (Имом Термизий).

Оила тотув бўлиши учун уй бекаси зиммасидаги ишларини ўрнида бажармоғи лозим. Айни замонда қайнона-келин муносабатлари долзарб мавзулардан саналади. Айрим қайноналар диёнатни унутгани боис фақат ўзини ўйлаб, арзимаган сабаб билан навниҳол келиннинг оёғига болта уриб, жувонмарг қилади. Мусулмончиликни яхши билганларида келинлари ахлоқсиз, тарбиясиз чиқиб қолганида ҳам Аллоҳдан қўрқиб, уларни яхши йўлда тарбиялашга ёшларнинг турмушини сақлашга ҳаракат қилишарди. Тарбиясиз келинни сабр билан олижаноб инсонга айлантириш мумкин.

Айрим оналар қизим бировнинг хонадонига келин бўлиб борса қийналмасин, деб рўзғор ишларини икир-чикиригача ўргатишади. Ундай келиндан қайнона ва қайнота барака топади. Айрим оналар эса қизим қийналмасин деб, рўзғор ишларининг ҳаммасини ўзи бажариб, қизларини талтайтириб, эркатой қилиб ўстиришади. Оқибатда қиз рўзғор ишларига уқувсиз бўлади. Омади келиб, қиз тушган хонадондаги қайнонаси тоза қалбли, оқила аёл бўлса-ку, яхши. Билмаганини ўргатиб, ўз қизидек кўриб, ўғли учун уни тарбиялаб олади. Аммо акси бўлса-чи, орзу-ҳавасларга бурканиб келин бўлган қиз уч-тўрт ойдан кейин ота-онасиникига қайтиб боради.

Муҳтарама қайноналар, ўзингиз совчи бўлиб, танлаган келинингиз уйингиздан кетиб қолса, унутманг, бу сизнинг ҳам айбингиз. Доно халқимиз: “Яхши гап билан илон ҳам инидан чиқади”, деган. Демак, сиз муроса қилишда, кўнгилга йўл топишда хато қилгансиз. Келинингизни қанчалик ёмонламанг, барибир у ёш, ғўр, ҳаёт машаққатларини бошидан ўтказмаган тажрибасиз бўлгани учун ҳеч ким уни айбдор санамайди. Айб сизга юкланаверади. Одамлар назаридан қолиб, халқ орасида обрўйингиз кетади.

Айрим йигит-қизлар бир-бирини ёқтириб қолиб, турмуш қуришади. Кўп вақт ўтмай, турмуш ташвишлари бошланади. Орадаги оташин муҳаббат оддийлашгандек туюлади гўё. Бунга сабаб... Келин-куёв бир-бирини севишса ҳам, келиннинг шеваларими, расм-русумларими, одатларими қайнонага тўғри келмайди. Уни йўқотиш учун иссиқ-совуқ, сеҳр-жоду, макр-ҳийлалар қила бошлайди. Ўғли ёқтирган қизни келин қилдими, азиз қайнона сабр-бардош билан, уни ўз қизидек кўриши лозим. Ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ демасдан, яхши ишларини мақтаб, кўнглини кўтариб, билмаганларини мулойимлик, ширинсўзлик билан ўргатиб бориши, кўнглини совутмасдан, меҳрибонлигини намоён қилса, келин ҳам ўғли туфайли шу хонадон аъзосига айланганини унутмаса, келин ҳам қайнонани онасидек кўради. Қайнона ўзининг қизи ҳам бировникида келин бўлиши мумкинлигини унутмаслиги керак. Қизига қайнонаси ёмон муомала қилса, қанча қийналади, кўнгли сиқилади, қудасидан хафа бўлиб, боласига ачинади. Ўз қизига ачинган аёл келинини ҳам тушуниши керак.

Оиланинг бахти барқарорлиги оила аъзоларига боғлиқлигини биламиз. Айниқса, катталарнинг оқиллиги – оналар, қайноналарнинг мулоҳазакорлиги оилада тотувлик ва барака бўлишини таъминлайди.

 

Аҳмаджон Бобомурод,

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти мударриси