Рамазон ойи ёзнинг энг иссиқ ва узун кунларига тўғри келди. Бу ҳол рўза тутишни бир оз қийинлаштирса-да, аслида, бу машаққатлар рўзадорга ўзгача шавқ беради.

Абдураҳмон ибн Афв ривоят қилади: «Расулуллоҳ : “Аллоҳ таоло сизларга Рамазон ойи рўзасини фарз қилди. Мен сизларга унинг кечаларида таровеҳ намозини ўқишни суннат қилдим. Ким унинг рўзасини тутса ва таровеҳни ўқиса, гуноҳларидан онаси туққан кундагидек фориғ бўлади”, деганлар» (Имом Абу Довуд).

Инсонмиз. Билиб-билмай гуноҳ қилиб қўямиз. Аммо гуноҳининг кечирилишини истамаган бормикан? Рамазонда мўминнинг оладиган нафаси ҳам ибодат бўлиб турса, рўза тутиш баробарида сон-саноқсиз гуноҳлардан покланиб, ҳаловатга эришиш қандай яхши! Рамазон ойи гуноҳлардан қутулиш учун ана шундай энг зўр имконият мавсумидир.

Рўза улуғ ибодат. Бир оз теранроқ фикрласак, унинг қанчалар буюк имкониятлар фасли эканини англашимиз мумкин. Рўзадор бир ой давомида куни билан ўзини еб-ичишдан тияди, нафсига қарши туради. Кун қанча узун ва ҳаво қанча иссиқ бўлмасин, ўзини назорат қилади, ҳеч ким кўрмайдиган жойларда ҳам ман қилинган нарсалардан сақланади. Жисми ва руҳини поклаб, нафсини тарбиялайди ва йил бўйи ҳаром нарсалардан тийилишга кўникма ҳосил қилади. Рўза тутган кишининг ўзига ишончи ортади, иродаси мустаҳкамланади, сабр-бардоши қатъийлашади ва яна бошқа кўплаб фазилатларга эга бўлади.

Вақт тўхтаб турмайди. Муштоқ бўлганимиз Рамазоннинг соатлари тобора ортда қолаверади. Ғанимат лаҳзалардан орттирган яхши амалларимиз муҳим. Яхши кўрадиган жонимизни бир оз қийинчиликка қўйиб бўлса ҳам даражалар қозониладиган дақиқаларни қўлдан бой бермай, топганларимиз билан шодланадиганлар қаторида бўлолсак, умримиз зое бўлмайди. Ҳаракатларимиз эвазига муносиб самарага эга бўламиз.

Абу Ҳурайра айтади: «Расулуллоҳ дедилар: “У (Рамазон)нинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилади”. Улар: “Эй Аллоҳнинг Расули, у Қадр кечасими?”, деб сўрашди. Расулуллоҳ : “Йўқ, лекин ишчи ишини адо этганидан сўнг ажри – ҳақи тўла қилиб берилади”, дедилар (Имом Аҳмад).

Бу муборак ой биз учун улуғ имконият, дедик. Билиб-билмай қилган гуноҳларимизни мағфират қилишини Аллоҳ таолодан сўрашимиз учун фурсат, ажру мукофот! Бу англай олганларга қиёси йўқ неъмат ҳам. У фақат Рамазон ойи рўзасини имон билан савоб талабида тутувчи мўмин-мусулмонларгагина берилади.

Дунёда турли сабаблар туфайли очлик, ташналик азобини тортаётганлар кўп. Рамазонда қорни тўқлар ҳам ихтиёрий равишда уларнинг ҳолига тушишади. Киши қалбида уларнинг ҳолидан хабар олиш, меҳр-шафқат, раҳмат, ғамхўрлик туйғулари янаям кўпаяди.

Ҳаммамиз учун бу ой муборак кечсин. Оқибати хурсандчилик бўлган машаққатлар ҳеч кимни толдирмасин.

 

Зебунисо ҲУСАЙН