Айдарбек ТУЛЕПОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

 

"МУСТАҚИЛЛИК" сўзининг туб мазмун-моҳиятини она-Ватан озодлигини орзу қилган ва бунинг учун курашганлар чуқур англайди. Шу боис оғир синовли давр­ларни бошидан кечирган ва ҳозирги дориломон кунларнинг қадрини биладиган юртдошларимиз ёш авлод онгига "ИСТИҚЛОЛ" деган тушунчанинг нақадар залворли эканини ўтмиш ва бугунни қиёслаган ҳолда етказишлари муҳимдир.

 

Кеча ва бугун

Мустақил Ўзбекистонимизнинг асрларга татигулик 21 йили давомида рўй берган ўзгаришлар ҳар бир кишининг ҳаётига дахлдордир. Мўмин-мусулмонлар диний ибодатларини эмин-эркин адо этмоқдалар, ёшларимиз олий ва ўрта махсус ислом билим юртларида таълим олишяпти ҳамда минг­лаб фуқароларимиз ҳаж ибодатини адо этиб, "ҳожи" деган улуғ номга эга бўлишди. Давлатимиз томонидан бу эзгу ва олижаноб ишларга ундовчи диннинг равнақи учун кенг имкониятлар берилди.

Асрлар давомида етук олимларни тарбиялаган мадрасалар эшигига шўро даврида қулф осилди, билим масканлари турли омборларга айлантирилди. Истиқлол неъмати боис, ал­ҳамдулиллоҳ, юртимизнинг ҳар бир гўшаси кундан-кунга ўзгача чирой очмоқда. Қад рост­лаётган замонавий иншоотлар, обод этилаётган зиёратгоҳлар юртимиз гўзаллигига янада файз бахш этмоқда. Осори атиқаларни таъмирлаш жараёнида асосан тарихий ёдгорликларнинг асл кўринишини сақлаб қолишга ҳаракат қилинди.

 


Биз боболаримизнинг муқаддас дини бўлган Ислом динини қадрлаймиз, ҳурмат қиламиз, одамзод руҳий дунёсида имон-эътиқодни, инсоний фазилатларни мустаҳкамлашда унинг ўрни ва таъсирини юксак баҳолаймиз.

 Ислом КАРИМОВ


 

Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Имом Мотуридий ва Бурҳониддин Марғилоний каби алломаларнинг юбилей тўйлари тантанали равишда нишонланди. Уларнинг хокипок­лари қўним топган гў­шалар обод этилиб, зиёратгоҳлар барпо қилинди. Улуғ бобокалонларимизнинг илмий мерослари тадқиқ этилиб, ёш авлод тарбиясида унумли фойдаланилмоқда.

Ёш авлодни ҳар томонлама билимли қилиб тарбиялаш, интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларни маънавий жиҳатдан баркамол инсон бўлиб етишишларини таъ­мин­лаш олиб бори­лаёт­ган оқи­лона сиёсатнинг асоси­ни таш­­кил эта­­ди.

Истиқлол илм масканлари эшик­ларини ёш­лар­га кенг очиб бер­ди. Мустабид тузум даврида фа­қатгина 2 та – Тошкент Ис­лом институти ва Бухорода "Мир Араб" мадрасаси чекланган шароитларда фаолият юритишга рухсат этилганди.

Мустақилликкача 425 киши диний маълумотга эга бўлган бўлса, 1991–2012 йилларда Ислом ўқув юртларини олти минг­дан зиёд табалалар тамомлади. Ушбу соҳада ҳам диний, ҳам дунёвий билимларни мукаммал эгаллаган етук кадрлар тайёрланди. Бугун ушбу диний таълим масканларида таҳсил олган талабалар турли соҳаларда, хусусан, масжидларда имомлик қилиб, ватандошларимизнинг диний маърифатини ошириш, уларга Ислом динининг асл моҳиятини етказиш йўлида фидокорона хизмат қилмоқдалар.

Пойтахтимизда Тошкент Ислом институти, "Кўкалдош" ва "Хадичаи Кубро", Китоб шаҳрида "Хожа Бухорий", Наманганда "Мулла Қирғиз", Андижонда "Саййид Муҳйиддин махдум", Урганчда "Имом Фахриддин Розий", Нукусда "Муҳаммад Беруний" билим юртлари фаолият кўрсатмоқда.

Шўро даврида харобага айланган масжидлар қайта тикланиб, фойдаланишга топширилди. Аввал ўлкамизда саксонга яқин масжид фаолият юритган бўлса, ҳозирга келиб уларнинг сони икки мингдан ошиб кетди.

Мустабид тузум даврида ҳаж сафарига бориш ҳам жуда қийин бўлиб, сафар ижозати ниҳоят даражада чекланган эди. Таассуфки, узоқ йиллар давомида диёримиз мусулмонларининг бу йўлдаги орзу-ниятларига эътибор берилмади. Натижада кўплаб уламоларимиз ва бир қанча имон-эътиқодли кишиларимиз ҳажга боролмасдан, армон билан бу дунёдан ўтиб кетдилар.

 


Истиқлолдан аввал ҳаж сафарига саноқли кишиларгина борган бўлса, ҳозир ҳар йили 11 мингдан зиёд фуқароларимиз умра ва ҳаж ибодат­ларини адо этиб келмоқдалар. Шу кунга қадар 145 мингдан ортиқ юртдошларимиз муборак сафарларга бориб қайтдилар.


 

Истиқлол шарофати билан юртдошларимиз қулай шароитларда ва бевосита давлатимиз кўмагида муборак Байт­ни зиёрат этиш бахтига муяссар бўлдилар. Ўтган йиллар мобайнида ҳукуматимиз томонидан ҳаж зиё­ратига борувчиларга мунтазам ёрдам кўрсатилиб келинмоқда. Ҳар йили минглаб фуқароларимиз ҳаж сафарига бориб, Ислом динининг бешинчи арконини адо этиб қайтмоқдалар.

Ўзбекистонда истиқомат қилаётган турли дин ва миллатлар вакиллари ўртасида тотувлик таъминланди. Ўзбекистондаги диний конфессиялар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ришталари тарихий анъаналар билан бир қаторда ҳуқуқий ва ижтимоий асослар билан ҳам мустаҳкамланди. Бу мамлакатимиз Конституциясининг 18-моддасида қуйидагича акс этган: "Барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, диний эътиқоди, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар қонун олдида тенгдир".

 

Нурафшон кунлар қадрига етайлик!

Ҳар қандай эзгу ният ва мақсадни амалга ошириш, аввало, жамиятдаги мустаҳкам тинчлик ва хотиржамликка боғлиқ. Бу барча замонларда ўз исботини топган ҳақиқатдир. Сир эмаски, ҳозир ­дунёнинг айрим мамлакатларида сиёсий беқарорлик ҳукм сураётган бўлса, бошқа бир ўлкада террорчилик, миллат танламас иллатлар халқаро хавфсизликка таҳдид солмоқда. Бу каби ҳолатлар эса бизнинг тинч ва фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам асоси бўлган истиқлолимизга шукрона қилиш, қадрига етиш ва уни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга ундайди.

Табиийки, киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳамма нарсадан ҳам қимматлидир. Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинаи мунавварага жўнаб кетаётганларида туғилиб ўсган ватанлари Маккаи мукаррамага юзланиб: "Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлур эдим", деганлари сийрат китоб­ларида баён этилган. Демак, ватанни севиш, ватанпарвар бўлиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб яшаш инсон табиатида мавжуд бўлган ҳис-туйғудир.

 


Ислом оламидаги энг нуфузли ташкилотлар­дан бири –ISESCO томонидан пойтахтимиз – Тошкентга 2007 йилда Ислом маданиятининг пойтахти мақомининг берилиши ҳукуматимизнинг Ислом маданияти ва маънавиятини юксалтириш йўлида амалга ошираётган хайрли ишларининг жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилишидир.


 

Зеро, ватан, миллат, дин тушунчалари инсон учун азиз ва муқаддасдир. Буюк аллома Алихон тўра Соғунийнинг қу­йидаги сўзларидаги она-Ватанни севган ва унинг йўлида жон фидо қилишга тайёр бўлган киши қалбида ғайрат ва шижоат уйғотади: "Ҳар бир инсонга маълумдурки, дунё ҳаётида инсоннинг энг севган, қадрли, қимматли тўрт нарсаси бордир. Бу тўрт нарсага эга бўлмаган кишилар инсонлик шарафидан маҳрум бўладилар. Улар: озодлик ва эркинлик, меҳнат билан топилган бойликка ўзи эгалик қилиши, туғилиб ўсган она-Ватани ҳамда аср­лар бўйи эътиқод қилиб келаётган муқаддас динидир".

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 17 июлдаги "Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида"ги қарори ҳар бир фуқаро қалбини тоғдек кўтарди. Ундаги белгиланган мақсад ва вазифаларни тўла бажариш қай бир соҳада бўлишидан қатъи назар, ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

Ҳамиша муборак Рамазон ойи юртимиз аҳлига катта қувонч бахш этади. Бу йил ҳам шундай бўлди. Қайси бир масжидга борманг, у ерда Рамазон шукуҳи акс этади. Қуръон хатмларига қатнашаётган кексалар билан суҳбат қилсангиз, кўзларида миннатдорлик ёши бал­қиганини, Яратганга шукроналар айтишаётганининг гувоҳи бўласиз. Зеро, Пайғамбар (алайҳиссалом) ҳадисларининг бирида: "Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун "Аллоҳга ҳамд бўлсин" деса, шунда у ўша неъматидан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади", деганлар.

Демак, кечаю кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этиб бормоғимиз лозим бўлади. Зеро, Қуръони каримда шундай дейилади: "Агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман". (Иброҳим, 7)

Истиқлолнинг ҳар бир йили юртимиз тарихида ўзига хос ёрқин из қолдирмоқда. Бу давр­да эришилган улкан муваффақиятларимиз тарих зарварақларига зарҳал ҳарфлар билан муҳрланмоқда. Ватанимизни янада обод, турмушимизни бундан-да фаровон этиш – энг улуғ мақсадимиздир.