Жорий йилнинг “Мустаҳ­кам оила йили” деб аталиши айни кўнглимиздаги иш бўлди. Чунки жамият тинчлиги бевосита оилалар тинч-тотувлиги билан боғлиқ. Инсон хулқи, хусусан, ёшларимизнинг онгу шуури кўпроқ оилада шаклланади. Халқимиз “Қуш инида кўрганини қилади” деб бекорга айтмайди. Ҳадиси шарифда ҳам: “Фарзандларингизга гўзал ахлоқдан яхшироқ мерос қолдиролмайсиз”, дейилади. Буни яхши англаган ота-боболаримиз оила қўрғонининг маънан мустаҳкам бўлишига алоҳида аҳамият беришган.

Бир эсланг, болаликда катталарга салом берсак, “Ва алайкум ассалом”, деб алик олиш билан бирга: “Баракалла, мулла бўлинг”, дея дуо ҳам қилишарди. Бу одат ҳозир ҳам бор, албатта. Шу биргина дуонинг ўзида қанчалар мазмун-маъно борлигини ўйланг... Момоларимизнинг мурғак набираларини достон, эртак, алла айтиб ухлатишларини эслайлик. Бу эртак-дос­тонлар болаларни шунчаки овутиш учун айтилмаган, балки яхшилик билан ёмонликнинг фарқини билдириш, дунёда ҳеч бир иш жавобсиз қолмаслигини уқтириш учун ҳам тинимсиз айтиб келинган.

Совет даврида миллат руҳини сўнди­риш учун динимизни таг-томири билан қўпориб ташлашга уринишлар бўлди. Ўша машъум йиллари қанчадан-қанча зиёлиларимиз қатағонга учрашди. Минглаб асл нодир китоблар ёқиб юборилди. Илм, зиё мас­канлари бўлган масжид, мадрасалар вайрон қилинди. Аммо оққан дарё оқаверади деганларидек, халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган қадриятлар, миллий ўзлик йўқ бўлиб кетмади.

Бугунги глобаллашаётган дунёда зўра­вон ва тажовузкор кучлар қураш усулларини ўзгартиришган. Улар турли ярамас йўллар билан, айниқса, ёшларни адаштиришга ҳаракат қилишади.

Тарихи, миллий қад­риятларидан кўп ҳам хабари бўлмаган ёшлар бундай ёвуз кучлар таъсирига тушиб қолиши мумкин.

Шундай экан, доим ҳушёр бўлишимиз зарур... Айниқса, болаларимиз тарбияси масаласида.

Муҳтарам Юртбошимиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 19 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда шундай дедилар:

“Биз маънавий ҳаётимиз­ни юксалтиришда, жамиятимизда эзгу инсоний фазилатларни кенг қарор топтиришда, бузғунчи ғоя­ларга қарши туришда, азалий қадриятларимизни асраб-авайлашда... оилани мустаҳкам таянч деб биламиз...

...Ҳам жисмонан, ҳам маънан етук, ўз мустақил фик­рига эга, оқни қорадан ажрата оладиган, тараққий топган давлатлардаги тенгдошлари билан беллашишга қодир бўлган баркамол авлодни тарбиялаш, уларнинг соғлигини асраш, ҳаётга йўллашда оиланинг ўрнини ҳеч нарса билан баҳолаб бўлмаслигини юксак қадрлаймиз”.

Бу сўзлар, айниқса, биз имом-хатибларга катта масъулият юклайди. Эзгу мақсадларни ниқоб қилиб, жамиятимизга маънавий таҳдид солаётган, “оммавий маданият” шиори остида ахлоқсизликни тарғиб қилишга уринаётган, оилани, оилавий қадриятларни обрўсизлантириш илинжида юрган кучлардан халқни доим огоҳ этиб бориш бизнинг асосий бурчимиздир. Ахборот хуружларининг асл моҳиятини очиб бериш, бундай ҳаракатлар ортида турган кучларнинг ғаразли мақсадларини асосли далиллар билан вақтида фош қилиб бориш бизнинг вазифамиз.

Афсус, огоҳлик борасида куйиниб айтилаётган гапларга баъзилар енгил қарашади. Бундай лоқайдлик, менинг назаримда, охир-оқибатда хиёнатга етаклайди одамни. Ахир, бу каби кўзга кўринмас таҳдидлар ортида катта хавф борлигини сезмаслик мумкинми? Бу хавф пировардида миллат ва Ватан мустақиллигига рахна солишгача боради. Менимча, оилага ва унинг мустаҳкамлигига эътибор янада кучайтирилаётгани сабабларидан бири ҳам шу.

Раҳматуллоҳ Ҳабибуллоҳ ўғли,

Тошкент шаҳри “Хўжа Аламбардор” жоме масжиди имом-хатиби, “Йил имоми – 2011” кўрик-танлови ғолиби