Усмонхон АЛИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

 

Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим. Муҳтарам юртдошлар, Ўзбекистон мусулмонлари идораси номидан Сизларни улуғ айём – Рамазон ҳайити билан чин қалбдан, самимий муборакбод этамиз. Ушбу қутлуғ байрамнинг файзу баракоти қалбларимиз ва хонадонларимизни мунаввар ва хушнуд айласин.

Мустақиллик шарофати, Аллоҳнинг инояти ила Муборак Рамазон ҳайити, мана, йигирма бир йилдан бери, юртимизда эмин-эркин ва катта шодиёналик билан мўътабар байрам сифатида нишонланмоқда. Эрта тонгдан жоме масжидларига йўл олган юртдошларимиз ихлос билан ҳайит намозини адо этадилар, юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги ва турмушимиз фаровонлигини Аллоҳдан сўраб, эзгу дуолар қиладилар. Ҳайит намозидан сўнг ота-оналар, табаррук ёшдаги қариялар зиёрат қилинади, беморларнинг ҳолидан хабар олинади, меҳру мурувватга муҳтож кишиларга эътибор кўрсатилиб, уларга қувонч улашилади.

Якунига етаётган раҳмат ва мағфират ойи – Рамазони шариф мустақил юртимиз учун ҳар қачонгидан ҳам файзли, баракотли бўлди. Бу ойда барчаларимиз эмин-эркин рўзаларни тутиш, икки мингдан ортиқ масжидларимизда таровеҳ намозларини ўқиш, Қуръон хатмларини амалга ошириш, элимиз фаровонлиги, мустақил юртимиз тараққиётини тилаб дуои хайрлар қилиш бахтига мушарраф бўлдик. Бу шарофатли ойда қилган ибодатларимиз, тавба-тазарруларимиз қалбларимиздаги ғуборларни ювди, ихлосимизни оширди, нафсимизни жиловлашга, янада саховатли бўлишга, ёмонликлардан тийилиб, фақат ўзимиз учун эмас, ўзгалар учун ҳам фидойи ва камарбаста бўлишга, эзгу амалларимизни кўпайтиришга ўргатди. Мўмин-мусулмонларимиз муборак Рамазон ойи давомида “Ким бир кишига енгиллик яратиб берса, Аллоҳ унга қиёматда енгиллик беради” деган ҳадиси шарифга амал қилиб, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган оилаларга, ёши улуғ кексалар ва фахрийларимизга ҳурмат-эҳтиром, меҳр-мурувват, саховат кўрсатдилар.

Муҳтарам мўмин-мусулмонлар, энди эса, ушбу саховатпешаликни сақлаб қолиб, меҳр-оқибат, қаноат ва шукроналик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик хислатларини янада кучайтиришда давом этайлик, ғаразли ишлардан, ёмонликлардан йироқ бўлиб, мустақиллик неъмати ҳамда ушбу мунаввар кунларнинг шукронасини қилиб, яхшилик, эзгу ишларни кўпроқ бажариш ҳаёт тарзимиз, доимий одатимизга айлансин.

Ушбу саодатли кунларда оилаларимизнинг маънавий камолоти, фаровонлиги, фарзандлар бахт-саодати, уларнинг ҳар томонлама етук, одоб-ахлоқли, Ватани, халқи, дину диёнатига содиқ инсонлар бўлиб камол топишини сўраб, дуои хайрлар қилайлик. Зеро, жорий йилнинг юртимизда “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилиниши замирида юртнинг осойишталиги мужассамдир. Оила соғлом экан – мамлакат барқарордир. Фарзандлари билимли, имонли, меҳр-оқибатли, дунё таниган, юртга фидойи бўлган оила қасри ҳеч қачон бузилмайди.

Азиз юртдошлар,тақдиримиз, бахтимиз, эркин ва обод Ватанимиз мустақиллигининг 21 йиллиги тантаналари ва шодиёналари арафасида мўътабар ва қадрли байрам Рамазон ҳайитини нишонлаш барчамиз учун ғурур ва ифтихор туйғуларини бахшида этади.

Ушбу қутлуғ айёмда диний ва миллий қадриятларимизнинг ҳаётий кучини тиклаш, ибодатларимизни эмин-эркин адо этишимиз учун давлатимиз томонидан барча қулайликлар, зарур шароитлар яратиб берилганини, жаҳон илму фани, маданияти ва ислом таълимоти ривожига улкан ҳисса қўшган ўнлаб алломаларимизнинг илмий мерослари ва қадамжолари тикланганини алоҳида мамнуният билан таъкидламоқчиман.

Зеро, халқимиз асрий орзулари ушалган ушбу шодиёна кунларга осонликча етиб келганимиз йўқ. Неча йиллар мобайнида халқимиз миллий-диний анъаналари, эътиқодидан бебаҳра бўлди, ҳақ-ҳуқуқлари топталди.

Мустақиллик шарофати туфайли муқаддас юртимиз замини азал-азалдан улуғ алломалар, азиз-авлиёлар ватани бўлиб келганини юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш, ёш авлод қалбида миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини камол топтириш бахтига мушарраф бўлдик.

Мустақиллик йилларида Самарқанддаги Имом Бухорий ва Шоҳизинда зиёратгоҳлари, Бухородаги Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд мажмуалари, Сурхондарёдаги Имом Термизий ва Ҳаким Термизий мақбаралари, Қарши шаҳридаги Кўкгумбаз ва Одина масжидлари, Тошкентдаги ҳазрати Имом мажмуаси каби ўнлаб муқаддас қадамжолар маънавий-руҳий ва ахлоқий тарбиянинг таъсирчан марказлари сифатида қайтадан чирой очди. Ушбу зиёратгоҳлар бугунги кунда юртдошларимизни боболар қолдирган бой маънавий меросдан баҳраманд бўлишга, уларнинг ишларидан ибрат олишга, улар билан фахрланишга, айниқса, ёшларимизни аждодларга муносиб ворис бўлишга, уларнинг яратувчанлик фаолиятини давом эттиришга даъват этиб келмоқда.

Ҳурматли юртдошлар, Рамазон ҳайити шодлик ва хуррамлик айёми, бу кунларга соғ-омон етказгани учун Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиб, ўзаро меҳр-оқибатли, ҳусни муомалада бўлайлик, гина-кудуратни унутиб, ҳайит шарофати туфайли бир-биримизга қучоқ очайлик. Муборак ҳайит кунларини халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик ва саховат билан ўтказайлик.

Рамазон ҳайити арафасида улуғ айём билан муҳтарам Президентимизни, барча юртдошларимизни чин дилдан,самимий муборакбод этамиз. Мустақил Ватанимиз истиқболи порлоқ, тинчлиги ва осойишталиги бардавом, халқимиз фаровонлиги янада зиёда бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз.

Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин, азизлар!