Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз МАНСУР билан суҳбат

 

Савол: Домла, Рамазон ойининг файзи ва баракоти туфайли ёз кунларининг узун ва жазирама иссиқ бўлишига қарамай, рўза тутаётган юртдошларимиз масжидларда Қуръони карим хатмида қатнашишди. Қориларимизнинг чиройли тиловатидан заминимизга барака ёғилаётганини ҳаммамиз ҳис этдик...

Жавоб: Бу йил Рамазони шариф ёзнинг ўрталарига тўғри келди. Ихлосманд халқимиз кечалар қисқа, кунлари узун бўлган бир пайтда рўза тутди. Ёз чилласининг ҳеч бир таъсири йўқдек, ибодатларини, хатми Қуръон, таровеҳ намозлари адо этилди. Бу миллатимизнинг эътиқоди кучли ва маънавияти юксак эканининг далолатидир.

Рамазон ойида тутилган рўза шарофати билан, чин тавба қилган банданинг ўтган билиб-билмай қилган гуноҳлари кечирилади. Очлик, ташналикка Аллоҳ учун сабр қилган бандаларнинг ихлослари эвазига улкан мукофотлар ваъда қилинган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Албатта, сабр қилувчиларга (охиратда) мукофотлари беҳисоб берилур” (Зумар, 10).

Савол: Уламоларнинг кўплаб масжидларда бўлиб, намозхонлар билан суҳбат қуриб, уларнинг турли саволларига жавоб беришганидан юртдошларимиз мамнун. Жумладан, сиз ҳам шаҳримиз масжидларида бўлдингиз.

Жавоб: Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов тавсияларига биноан идорамизнинг масъул уламолари ва имом-хатибларига масжидлар фаолиятини ўрганиш, айниқса, хатми Қуръон бўлаётган масжидларга бориб, суҳбатлар қилиб бериш вазифаси юклатилган эди. Жумладан, камина ҳам бир неча масжидларда бўлдим. Борилган жойларда илмга ташна халқимиз Рамазон суҳбатларини жон қулоғи билан тинглаб, ўзларини қизиқтирган масалаларни сўрашди. Йилдан-йилга илмда, амалда илгарилаш, айниқса, ёшларимизнинг мустақил фикрлаши, дунёқарашининг кенгаяётгани яққол сезилади. Мустақиллик йилларида том маънода юртимизда эътиқод эркинлигининг таъминлангани боис соф миллий қадриятларимиз тикланди, маънавий салоҳиятимиз ошди. Ҳақ таолодан қўрқмайдиган, бандасидан уялмайдиган кимсаларгина бу ойда Рамазонга нисбатан ҳурматсизлик қилиши мумкин. Шукрлар бўлсин, орамизда Аллоҳ таолодан қўрқиб, бандасидан ҳаё қиладиган инсонлар жуда кўп. Абдуллоҳ ибн Масъуд ривоят қилади: Пайғамбаримиз бундай дедилар: “Аллоҳ таолодан ҳақиқий ҳаё қилинглар!” Саҳобалар сўрашди: “Ё Расулуллоҳ, нима қилсак, Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилган бўламиз?” Шунда у зот: “Ким бош ва ундаги аъзоларни, қорни ва ундагиларни асраса, дунё безакларига алданмаса, ўлимни ва чиришни ёдда тутса, Аллоҳ таолодан ҳақиқий ҳаё қилган бўлади”, дедилар.

Рўза ёлғон ва ғийбатни эшитмасликка, кўзни ҳаромдан асрашликка, тилни тийишликка, очликни ҳис этиб, қалбни маълум муддат бўлса-да, пок тутиш учун кўникма ҳосил қилади. Ғанимат фурсатларнинг қадрига етиб, Рамазон ойида рўза тутиб, таровеҳ намозларидаги хатми Қуръонда қатнашиб, имкон қадар савобга эга бўлиш ҳар биримиз учун улкан ютуқдир.

Савол: Фарз ва суннат намозларни туриб ўқишса-да, таровеҳда узрсиз орқа сафда, баъзилар ўтириб олаётганларига гувоҳ бўлдик. Баъзилар олдинги саф тўлмаса ҳам уч тўрт қатор орқада ўзига қулай салқин жойда туриб имомга иқтидо қилишди. Домла, айтингчи, тик туриб ўқиш, сафда жипс ва текис бўлиб туриш фақат фарз намозлар учунми?

Жавоб: Фатво китобларимизда барча намозларни тик туриб ўқиш афзал дейилган. Фақат узрли кишиларгагина намозни ўтириб ўқиш жоиз ҳисобланади. Фарз, суннат намозларни туриб ўқиб, таровеҳга келганида, бир оз ҳолсизлик, ёки белда оғриқ бўлиб, узр пайдо бўлса, кекса отахонларга рухсат. Аммо ёш, бели бақувват кишиларнинг таровеҳ намозини ўтириб ўқиши макруҳ бўлади. Жамоат намозларида сафни тўлдириш, текис бўлиб, жипслашиб туриш суннатдир. Шунга кўра олдинги қаторда бўш жой бўлиб, қасддан орқада туриш фарз намозлардаги каби таровеҳда ҳам макруҳдир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида ўзларини камтар тутувчидирлар” (Мўминун, 1–2). Намоз эътиборсизлик, беписандлик билан хушламагандек бажариладиган ибодат эмас. Ҳақ таоло банданинг ибодатига муҳтож ҳам эмас. Бандани унинг ихлос ва муҳаббатига қараб мукофотлайди. Шу боис сафга эътиборсизлик ибодатга нисбатан сусткашлик, ҳурматсизлик ҳисобланади. Пайғамбаримиз бунга жиддий аҳамият берар, саҳобаларни тўғри туришга чақирар, бунга ҳам қаноатланмай баъзида сафларни оралаб, бўш жойлар ва нотекс ўринларни текислатиб, жипслаштириб чиққанлар. Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинади: Набий : “Сафларни тўғри олинглар, елкаларингни баробар тутинглар, очиқ жойларни тўлдиринглар, (тўлдирмоқчи бўлган) биродарларингга мулойим бўлинглар, шайтон учун сафда бўш жой қолдирманглар. Ким сафни уласа, Аллоҳ ҳам уни улар, ким сафни узуқ қолдирса, Аллоҳ ҳам уни узуқ қолдиради”, дедилар (Имом Абу Довуд). Яна бир ҳадисларида: “Сафларингизни тўғри қилинглар, албатта, сафнинг тўғри бўлиши намознинг комиллигидандир”, дейилган (Муттафақун алайҳ).

Савол: Фурсатдан фойдаланиб, масжидлардан тушган ва жамоани қизиқтирган айрим саволларга ўрин берсак:

Таровеҳ намозида хатм бўлаётганида суранинг ўртасидан бир ё бир неча оят ташлаб кетилса, нима бўлади?

Жавоб: Қориларнинг хатм пайти янглишиб, бир ё бир неча оятларни қолдириб кетиш ҳоллари учраб туради. Бундай пайтда имом ўзи шуни фаҳмлаб тузатишини кутиш керак. Агар тузатмаса, саломдан сўнг буни фаҳмлаб турган иқтидо қилувчи кейинги ракатларда тўғрилаб кетиши учун секин билдириб қўйиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Шунда имом биринчи қолиб кетилган оятларни ўқиб, сўнг келган жойидан давом эттиради.

Савол: Эргашувчи қунут дуосини ҳали ўқиб тугатишга улгурмаганида имом рукуга борса, эргашувчи нима қилади?

Жавоб: Муқтадийнинг имомга эргашиши вожиблиги эътиборига кўра, эргашувчи ҳали қунут дуосини тугалламаган бўлса ҳам, имом билан рукуга бориши керак.

Савол: Айрим кишилар намозга ният қилмай, четроқда ўтириб олиб, Қуръони каримни тинглайди-да, имом рукуга бораётганида унга эргашади. Шундай қилса ҳам бўладими?

Жавоб: Намозга узрсиз қўшилмай, иқтидо қилмай тинглаб, имом рукуга бораётганида намозга киришиш макруҳдир.

Савол: Домла, суҳбатимиз якунида улуғ байрам – ҳайит, хурсандчилик куни одамлар қилиши керак бўлган энг зарур тавсияларни айтсангиз?

Жавоб: Ҳайитни шодиёна, кўтаринки руҳ билан кутиб олишимиз керак. Ҳайит куни остона тагида туриб, белни боғлаб ўзини азадор ҳолатда кўрсатиш ёки кўчама-кўча юриб таъзия бўлган хонадонларга бориш каби ишлар динимиз кўрсатмаларига зиддир. Бизнинг эътиқод эркинлигимизга йўл қўйилмаган совет даврида бу каби хурофот ишлар кўп жойларда одат тусига айланиб улгурган эди. Шу сабаблими, қанча тушунтириш ишлари олиб борилса ҳам айримларнинг бунга тушунчаси етмаяпти ва уни тарк этиши қийин кечмоқда.

Иншааллоҳ, яқин келажакда бундай ишларнинг хато эканини халқимиз тўлиқ тушуниб етиб, ҳайитни Пайғамбаримиз кўрсатмаларига мувофиқ байрамона ўтказишларига ишончим комил. Чунки ўтганларини эслаш, уларнинг руҳларини шод қилишнинг тартиб-қоидалари ва ўз ўрни бор. Буни айнан ҳайит кунига аралаштириш яхши эмас, албатта.

Ундан кўра, қариндош-уруғ, ёру дўстлар билан дийдорлашсак, кекса ёшдаги улуғларимизни зиёрат қилиб дуоларини олсак, ўз аҳлларимизга совғалар улашиб, бир-биримизни ва болаларимизни хурсанд қилсак, бунинг савоби улуғдир.

Абдувоҳид НУРУЛЛОҲ ўғли суҳбатлашди.