Дунёда касблар жуда кўп, ҳар бирининг ҳаётда ўз ўрни, аҳамияти бор. Лекин улар орасидa шундай бир улуғ касб борки, бошқа барча касблар унинг негизида шаклланади ва тараққий этади. Бу устоз ва мураббийлик касбидир! Биз барчамиз ёшимиз, касбу коримиздан қатъи назар, бу сўзларни эшитганимизда кўнглимиздан фақат илиқ фикрлару ёрқин хотиралар ўтади. Кўз ўнгимизда қўлимизга қалам тутқазиб, эндигина илм оламига етаклаган биринчи устоз-муаллим, қийналиб турганимизда масаланинг тугунини ечишга ёрдам қилган, биргина шу амали билан умр бўйи ёдимизда қолган инсон гавдаланади. Шунингдек, қалбимизда унутилмас из қолдирган қадрдон мактабимиз ва унинг бағрида кечган беғубор йилларимизни, бизга билим берган, инсонийлик фазилатларини ўргатган меҳрибон ўқитувчи ва мураббийларимизни катта ҳурмат ва эҳтиром билан эслаймиз. Зеро, Қуръони каримда: “...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур...”, деб марҳамат қилинган.

Устозларга нисбатан миннатдорлик ва қарздорлик туйғуси қадимдан халқимиз эъзозлаб келган қадриятлардан биридир. Шунинг учун ҳам устозлар меҳнатини давлатимиз алоҳида қадрламоқда. Истиқлолга эришганимиздан кейин таълим соҳасидаги эски қолиплардан воз кечиб, бутунлай янгича қарашларга, аввало, миллий анъана ва қадриятларга, жаҳондаги илғор андозаларга асосланган тизим барпо этилиб, ҳаётга жорий қилингани ўзини амалда оқлаётир.

Мактаб бугунги кунда ижтимоий ҳаётимизнинг ажралмас бўлагига айланган. Ёш авлод таълим-тарбиясига давлат иши даражасида эътибор берилмоқда. Таълим тизими тубдан ислоҳ қилинаётган бир пайтда касб-ҳунар таълимини такомиллаштириш, янги педагогик технологияларни жорий этиш, дарсликлар ва ўқув қўлланмаларининг янги авлодини яратиш, замонавий билимларни эгаллаш, ўқитувчи кадрлар билан таъминлаш масалаларини ҳал этишни тақозо этмоқда. Бу борада амалга оширилаётган кенг миқёсли ишларга давлатимиз, шахсан муҳтарам Президентимиз бош-қош бўлмоқда.

Юртбошимиз ташаббуси билан шу йил 16–17 феврал кунлари Тошкентда халқаро ҳамжамиятни Ўзбекистонда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самаралари, юксак билимли ҳамда интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялашда давлатнинг роли ва бу борада тўпланган тажриба билан кенг таништириш мақсадида “Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш – мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти” мавзуида халқаро анжуман ўтказилди.

Анжуман иштирокчилари Ўзбекистоннинг таълим тизимини ривожлантириш борасидаги тажрибасини ўрганиш бўйича тингланган ва муҳокама этилган маърузаларни ҳисобга олган ҳолда, бир қатор тавсиялар бердилар. Жумладан, Ўзбекистон мисолида ўқитувчилар ва мураббийлар кунини умумхалқ байрами сифатида нишонлаш имкониятини, таълим соҳасини ривожлантириш ва ислоҳ қилишга ҳар йили ялпи ички маҳсулотнинг 10–12 фоизи ва давлат бюджетининг 35 фоизини йўналтираётган Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш ва ҳоказо.

Мустақиллик барча соҳалар сингари таълим тизими олдига ҳам жуда катта талаблар қўйди. Бу ҳол, албатта, табиий эди. Мавжуд эски тизимни ислоҳ этиб, янгича ҳаёт қуриш ва дунё ҳамжамиятига кириш ва бу сафдан ўз ўрнини эгаллаш учун катта муддат талаб этиларди. Бу муддатни қисқартириш кўп жиҳатдан оқилона сиёсат олиб боришга боғлиқ эди.

Ижтимоий сиёсат ҳам, ғоявий йўналишлар ҳам, маънавий янгиланишлар ҳам, барчаси илм-фанни тараққий эттириш, мамлакатда маориф ва олий таълимнинг ривожини кенг йўлга қўйиш билан боғлиқдир. Янгича таълим-тарбия бериш, мутахассисликларни пухта ўргатиш, таълим сифатини юқори поғоналарга кўтариш орқалигина мамлакат тараққиётнинг кенг йўлида барқарор бора олади. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни, “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури” қабул қилинди. Мана шу меъёрий ҳужжатлар халқ таълими учун ҳам, олий ва ўрта-махсус таълим учун ҳам бетакрор ва ғоят муҳим дастуриламал, узоқни кўзлаган йўл-йўриқ бўлиб хизмат қилмоқда. Таълим-тарбиянинг бир соҳаси сифатида диний таълим тизими ҳам ривожланди, ўз нуфузига эга бўлди. Собиқ шўро даврида бутун иттифоқдош республикалар орасида фақат Ўзбекистонда иккита институт мақомига эга олий ва ўрта мадрасалар фаолият кўрсатган бўлса, бугун юртимизда 10 та диний илм маскани ишлаб тургани қувонарлидир. Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ва республика вилоятлари марказий туманларида жойлашган 9 та Ислом ўрта-махсус билим юртларида 200 нафар устоз-мураббий диний ва дунёвий фанлардан сабоқ бериб, жамиятимиз ҳаётининг маънавий-маърифий, диний соҳалар учун етук кадрлар тайёрланмоқда. Бу даргоҳларни битирган мутахассислар республика жоме масжидларида имом-хатибликни, ўрта-махсус ислом билим юртлари, шунингдек, мактабларда ҳам ўқитувчиликни шараф билан уддалашяпти. Баъзилари эса илмий салоҳиятини ошириш мақсадида илмий тадқиқот билан шуғулланмоқда.

Ҳартомонлама етук, диний ва дунёвий билимларга эга бўлган, жамиятимиз тараққиётига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшадиган кадрларни етиштириш мақсадида 1999 йилда Юртбошимиз ташаббуслари билан Тошкент Ислом университети ташкил этилди. Ушбу олий ўқув юрти олдига Юртбошимиз қатор мақсадларни қўйган, улардан бирида бундай дейилади: “Улуғ мутафаккир ва авлиёлар Имом Бухорий, Имом Термизий, Хожа Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Замахшарий каби юзлаб-минглаб аждодларимиз қолдирган меросларини чуқур ўрганиш, уларни мужассамлаштириб, халқимизга, энг аввало ёш авлодимизга етказишдай вазифани ўз зиммамизга олиш – биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир”. Бугун бу нуфузли ўқув даргоҳини битирган талабалар турли соҳаларда муносиб фаолият олиб боришяпти.

2003 йили ҳукуматимизнинг Тошкент ислом институти ва ислом ўрта-махсус билим юртлари битирувчиларига бериладиган дипломлар давлат стандартларига тенглаштирилгани тўғрисида қарор қабул қилгани алоҳида аҳамият касб этди. Эндиликда Ислом ўрта-махсус билим юртини тамомлаган талаба, давлат ўрта махсус-таълим масканини битирган талаба билан бир қаторда йўналиши бўйича меҳнат фаолиятини бошлаши ёки илмий салоҳиятини ошириши учун олий таълим муассасасига кириб ўқиши мумкин. Тошкент Ислом институтини битирган кадрлар эса ишлашлари ёки магистратура босқичида ўқишни давом эттириш имконига эгадирлар.

2008 йили Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Имом Бухорий халқаро марказида масжидлар имом-хатиблари учун илмий-амалий ўқувлар олиб борилмоқда. Бу марказда ўқиган имомлар олдинги имомлар эмас. Улар бугунги кун дунёда бўлаётган ижтимоий-сиёсий ўзгаришлардан тўла хабардор, Ўзбекистонда ва хорижда бўлаётган воқеалар, ислоҳотлар тўғрисида ҳам кенг маълумотга эга диний кадрлардир. Ҳозиргача ушбу нуфузли даргоҳда республиканинг турли туманларидан 1097 имом-хатиб билим савияларини, малакаларини ошириб, кенг оммага янада самаралироқ хизмат кўрсатмоқда.

Ҳадиси шарифда келтирилишича, инсонларга таълим берувчи, уларни яхшиликка йўналтирувчи устознинг гуноҳлари кечирилишини сўраб ҳатто денгиздаги балиқлар ҳам истиғфор айтишар экан.

Халқимизнинг “Устоз отангдек улуғ”, деган мақоли олам-олам маънони англатади: агар ота-она фарзандни дунёга келтирса, уни камолга етказадиган, етук инсон қиладиган устозлардир. Саодат манзилига етишнинг ўзига яраша юки бўлади. Ана шу юкнинг салмоқли қисми ўқитувчи-муаллим елкасида.

Мамлакатимизда ўқитувчилар меҳнатини қадрлашга, уларга ҳар жиҳатдан ғамхўрлик кўрсатишга алоҳида эътибор берилмоқда. Жумладан, таълим тизимини жаҳон андозалари асосида ислоҳ қилиш, янги илм масканлари қуриш, уларни замонавий техника воситалари билан жиҳозлаш ишлари изчил давом эттириляпти.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 9 январдаги Фармони билан 1 октябр мамлакатда “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” деб белгиланди. 1997 йилдан бошлаб ҳар йили 1 октябрда “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади. Ўқитувчи ва мураббийлик касбининг қанчалик шарафли ва машаққатли эканлиги барчамизга аён. Чунки бу касб эгалари фарзандларимизнинг келажакда ҳартомонлама етук, баркамол бўлишларига масъулдирлар, уларни эъзозлаш, меҳнатини қадрлаш эса ҳар биримизнинг бурчимиздир. Ўқитувчи ва мураббийларнинг обрў-эътиборини янада ошириш, ёшларимизнинг биздан кўра билимли, кучли ва бахтли бўлишлари учун барча шароитлар яратилмоқда.

Дунё шиддат билан ўзгариб, навқирон авлоднинг қалби ва онгини эгаллаш учун кураш тобора авж олиб бораётган, мураккаб ва таҳликали бир даврда устоз-мураббийлар тутган ўринни бирон-бир мезон билан ўлчаш, баҳолаш мушкул. Шуни алоҳида таъкидлаш керак, бугун Ватан тараққиёти, миллат истиқболи учун дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган, мустаҳкам имон-иродага эга, мустақил юрт туйғусини теран англайдиган, бегона оқим ва ғояларга қарши қатъий турадиган авлодни тарбиялашда устоз ва мураббийларнинг ўрни жуда юксак, вазифалари улкан ва масъулиятлидир.

Шавкат ҲАМДАМОВ,

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот котиби