Қурбон ҳайитининг файзу баракоти қалбларимизни ва хонадонларимизни мунаввар айламоқда. Бу улуғ кунда Ислом оламидаги барча имон-эътиқодли мусулмон биродарларимизнинг қалблари равшан, диллари хушнуд, нигоҳлари муқаддас Каъбага қаратилган бўлиб, улар Аллоҳнинг фазлу карамидан умидвордирлар.

Бу улуғ айёмни элу юртимизда меҳр-оқибат, ўзаро биродарлик, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, ҳиммат ва саховат каби анъаналаримиз тобора мустаҳкам қарор топаётган бир шароитда кўтаринки руҳ билан кутиб олаётганимиз янада қувонарлидир.

Айниқса, муҳтарам Президентимизнинг Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги қарори қабул қилиниши юртимизда азалий анъаналаримизга алоҳида этибор берилаётганининг ёрқин далили бўлди. Унда ҳайит байрамини жойларда тартибли ва халқимизнинг миллий қадриятларига мос равишда ўтиши учун барча тадбирларни амалга оширишга қатор мутасадди ташкилотлар жалб қилинган. Бу халқимизга янада қувонч бахшида этди.

Маълумки, бу кунда барча мусулмонлар бир-бирларини байрам билан қутлаб, қариндош-уруғлар, ёру-биродарларни зиёрат қиладилар, яқинлари ва беморларнинг ҳолидан хабар оладилар. Бирор сабабга кўра аразлашган, гина-кудратли таниш-билишлар ҳам ҳайит кунларида ўзаро узр сўрашиб бир-бирларига қучоқ очадилар. Бундай хайрли ишлар азалий қадриятларимиздандир.

Мусулмонлар фақатгина шу кунларда эмас, балки йил давомида бир-бирларига бўладиган ўзаро муомила-ю муносабатларни яхши қилмоқлари керак. Аллоҳнинг берган неъматларидан хайр-эҳсон қилиб, саховатли кишиларимиз меҳрга муҳтож одамларга ёрдам қўлини чўзишлари керак. Савоб ишни ҳар ким, ҳар куни қилиши керак.

Ислом дини кишиларни бир-бирига меҳр-оқибатли бўлишга чақириши билан бирга, уларни динидан, миллатидан қатъи назар, ўзаро иззат-ҳурмат кўр­сатишга ундайди.

Бу йилги Қурбон ҳайити жуда шукуҳли кунларга тўғри келди. Асосий қонунимиз қабул қилинганинининг 20 йиллик байрамига ҳам саноқли кунлар қолди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Дин ва виждон эркинлиги масалаларига катта эътибор қаратилган.

Ватанимиз мустақилликка эришганидан кейин ҳар йили республикамиздан минглаб мўмин-мусулмонлар муборак ҳаж ибодатини бажариш бахтига муяссар бўлмоқдалар. Уларнинг эмин-эркин, ҳеч қандай қийинчиликларсиз ибодатларини адо этиб, соғ-саломат уйларига қайтишлари учун барча шароитлар яратиб берилмоқда.

Қурбон ҳайити билан барча юртдошларимизни, қарилик гаштини сураётган табаррук ёшдаги нуроний отахон ва мунис онахонларимизни чин дилдан муборакбод этиб, Ватанимизнинг истиқболи порлоқ, юртимиз тинчлиги ва осойишталиги бардавом, халқимиз фаровонлиги янада зиёда бўлишини Яратгандан сўраймиз.

Қурбон ҳайитингиз қутлуғ бўлсин азиз юртдошлар!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси