Юртимиздан ҳажга келган мўмин-мусулмонларимиз Мадинаи мунавварадаги муборак қадамжоларни зиёрат этиб, ибодатларини ўзгача файз ва катта мамнуният билан адо этдилар. Ҳожиларимизнинг Пайғамбаримизнинг масжиди ёнгинасида жойлашган "Тоййиба" меҳмонхонасига қўнганлари уларга катта қулайлик ва енгилликлар бўлди.

Мадина шаҳри ер юзидаги барча мўмин-мусулмон зиёратини орзу қиладиган муборак манзилдир. Эски номи "Ясриб" бўлиб, кейинчалик "Мадинату Росулиллаҳ" -"Расулуллоҳ шаҳри" деб аталган.Ушбу шаҳарнинг фазилати шундан.

Зотан, бу ерда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўн йил истиқомат қилдилар. Қуръони карим оятларининг бир қисми Мадинада нозил бўлди. Иброҳим (алайҳиссалом) дуолари билан Маккаи мукаррама омонлик ва баракотли масканга айланган бўлса, Мадинаи мунаввара Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дуолари ила обод бўлди.

Расули акрам (алайҳиссалом):: "Менинг масжидимдаги бир намоз бошқасидаги мингта намоздан яхшидир.Фақат Масжидул Ҳаром бундан мустасно",деб марҳамат қилганлар. Демак, "Масжидун Набавий" афзалликда Байтуллоҳдан кейин иккинчи ўринда туради. Яна бир ҳадисда "Уйим билан минбарим ўртасида жаннат боғларидан бир боғ бор", дейилади.

Ҳожиларимиз гуруҳ раҳбарлари билан бирга Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) масжидларини зиёрат қилишди. У зотнинг равзаи мубораклари олдида намоз ўқишди. Қабрлари олдига бориб, у кишига ва ҳазрат Абу Бакр, ҳазрат Умарга (розияллоҳу анҳум) ёру дўстлари ва қавм-қариндошлари номидан саломлар йўлладилар.

Бундай салом йўллашнинг фазилати жуда улуғдир. Аввало, ҳадиси шарифдаги "Бирор киши менга салом берса, албатта, Аллоҳ менинг руҳимни қайтариб беради ва мен ўша одамнинг саломига алик оламан", деган сўзларига кўра ҳар бир киши маййитга эмас, балки Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) ўзларига салом бераётганини юрагидан ҳис этиши лозим. "Ким менга бир марта салом берса, Аллоҳ таоло унга ўн марта салом беради" ва "Бирор киши менга салом берса, Қиёматда унга менинг шафоатим вожиб бўлади", деган ҳадиси шарифларни ҳар бир зиёратчи кўнглидан ўтказади.

Шунингдек, ҳожиларимиз Мадина яқинидаги Уҳуд тоғи, Қиблатайн (икки қиблали) ва Қубо масжидларини зиёрат қилишди. Гуруҳ раҳбарлари уларга бу ерларнинг тарихи ва фазилати ҳақида сўзлаб бердилар.

Юртдошларимиз дастлаб, "Уҳуд тоғи шаҳидлари" мажмуасини зиёрат қилишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) "Уҳуд тоғи бизни яхши кўради ва биз ҳам Уҳуд тоғини яхши кўрамиз", деганлар. Ривоятларда Уҳуд тоғини жаннатга кирадиган тоғлардан бири деб ҳам таърифланади. Зиёратчилар ушбу тоғ атрофида дафн этилган улуғ саҳобаларнинг руҳи-покларига дуолар қилишди. Ушбу жойда Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) энг суюкли амакилари ҳазрат Ҳамза ва етмиш нафар улуғ саҳоба дафн этилган.

Шундан сўнг, Қиблатайн масжиди зиёрат қилинди. Пайғамбаримиз даврларида намозни Каъба томонга қараб ўқиш тўғрисидаги оят Мадинада тушган. Аллоҳ таоло бундай дейди: "Гоҳо юзингизни (ваҳий кутиб) осмон бўйлаб ўгириб туришингизни кўраяпмиз. (Xотиржам бўлинг,) Сизни ўзингиз рози бўладиган қибла (Каъба)га (юз) ўгиртирамиз. Юзингизни Масжиди Ҳаром (Каъба) томонга буринг! (Эй, мўминлар, сизлар ҳам) қаерда бўлсангизлар, юзларингизни ўша тарафга бурингиз! Аҳли китоблар бу - Парвардигорларидан (келган) ҳақиқат (илоҳий фармон) эканини яxши биладилар. Аллоҳ уларнинг қилмишларидан ғофил эмасдир" (Бақара, 144).

Ислом тарихида биринчи қурилган "Қубо" масжиди Маккаи мукаррама томондан Мадинаи мунавварага кириб келишдаги бир тепаликда бунёд этилган. Мадина шаҳри зиёратига борган кишилар Қубо масжидида тўхтаб, намоз ўқийдилар. Ҳадисда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): "Ким уйида таҳорат олиб, Қубо масжидига келиб намоз ўқиса, умра савобини олади", деганлар.

Аллоҳ таоло Қубо масжиди тўғрисида бундай марҳамат қилган: "Биринчи кундан тақвога асосланган масжид - Сизнинг ўшанда туришингиз лойиқроқдир. Унда покланишни xуш­кўрадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севар" (Тавба, 108). Бу оятдаги "Сизнинг ўшанда туришингиз" сўзидан Қубо масжиди тушунилади.

Бу муборак жойларни зиёрат қилган ҳожиларимиз Ислом тарихида юз берган ибратли воқеалар билан танишишади.Қалб лари муҳаббат нурларига тўлади ва таскин топади. Ҳазрат Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва саҳобаларнинг оёқ изларини кўргандай бўлади.

Ҳожи юртдошларимизга бошчилик қилиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва бошқа масъул ходимлар қулай шарт-шароит ташкил этиш йўлида сидқидилдан хизмат қилмоқдалар.

 

Комилжон БУРҲОНОВ,

Мадинаи мунаввара