Мамлакатимиз тарихан кўп миллатли ўлка бўлгани туфайли бу заминда турли дин вакиллари эмин-эркин яшаганлар. Юртимизда диний ташкилотлар ҳам жамият тараққиётида тобора фаол иштирок этиб, халқ маънавиятини юксалтиришга, қадриятларини тиклашга, энг асосийси, мустақиллигимизни мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқдалар. Юртимиз истиқлолга эришгач, эътиқод эркинлиги қонуний асосда таъминланди.

Конституциямиз барча фуқароларнинг виждон эркинлигини кафолатлайди. Ушбу бағрикенглик тамойили 1998 йил май ойида қабул қилинган янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунда ҳам ўз ифодасини топган. Бу ҳужжатда халқаро меъёрларга жавоб берадиган, халқимиз руҳига мос келадиган имон-эътиқод, инсоф-диёнат, меҳр-оқибат каби энг эзгу фазилатлар аксини топган. Ушбу қонун фуқароларнинг диний эҳтиёжларини қондириш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш учун хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон раҳбарияти мустақилликнинг илк кунлариданоқ ўзининг динга муносабатини “Дунёвийлик – даҳрийлик эмас” тамойили асосида аниқ ва ишончли йўлга қўйди. Давлатнинг динга муносабати “Инсон эътиқодсиз яшай олмайди”, деган аниқ ишонч асосида белгиланди.

Ўзбекистонда турли дин вакилларининг ҳеч қандай тўсиқларсиз ибодат қилишлари учун барча шароитлар яратилган. Республикадаги диний ташкилотлар мустақил ҳуқуқий шахс сифатида ер майдони ва биноларга эга бўлишлари, диний адабиётлар нашр этишлари, диний мутахассислар тайёрлашлари, турли тадбирлар ўтказишлари, муқаддас жойларга зиёратлар ташкил этишлари мумкин. Шу асосда диндорлар ўзлари хоҳлаган динга эмин-эркин эътиқод қилиб, барча амал ва маросимларни тўлиқ бажармоқдалар. Диний байрамларини нишонламоқдалар. Мусулмонларнинг Рамазон ва Қурбон ҳайити байрамлари, насронийларнинг Пасха ва Рождество байрамлари нишонланиши оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилмоқда.

Динлараро бағрикенглик ғояси нафақат диндорларнинг, балки бутун жамият аъзоларининг эзгулик йўлидаги ҳамкорлигини назарда тутади ҳамда тинчлик ва барқарорликнинг муҳим шарти ҳисобланади. Қадимдан юртимизнинг йирик шаҳарларида масжидлар, черковлар, синагогалар ибодатчиларга хизмат кўрсатиб келгани, тарихимизнинг оғир синовли дамларида ҳам диний асосда можаролар чиқмагани халқимизнинг динлараро бағрикенглик борасида улкан тажрибага эга эканидан далолат беради.

Бугунги кунда ҳукуматимиз фуқароларнинг виждон эркинлигини кафолатлаш бўйича барча зарур тадбирларни амалга оширмоқда.

Муҳтарам Юртбошимиз «Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари» асарида динга муносабатни қуйидагича ифодалаган: «Биз бундан буён ҳам аҳолининг энг олий руҳий, ахлоқий ва маънавий қадриятлардан, тарихий ва маданий меросдан баҳраманд бўлиши тарафдоримиз».

Истиқлол туфайли динимиз ва миллий қадриятларимиз қайта тикланди. Ислом маданиятига мансуб бўлган минг йиллик тарихга эга, ўтмиш қаъридан оламга нур таратиб келган муқаддас ёдгорликлар, масжид ва мадрасалар мўмин-мусулмонларга қайтариб берилди.

Шунингдек, аждодларимизнинг тарихий мероси қайта тикланди, уларнинг илмий асарларини ёш авлод кенг ўргана бошлади. Буларнинг самараси ўлароқ, халқимизнинг диний илмларга бўлган ташналигини қондириш мақсадида бир қанча диний-маърифий адабиётлар нашр этилди. Хусусан, Қуръони карим ва ҳадислар тўпламлари ўзбек тилига таржима қилинди. Уламоларимиз тафсир ва ислом ҳуқуқшунослигига доир кўпгина китобларни чоп эттиришди.

Ушбу ишларнинг юксак эътирофи сифатида 2007 йил ISESCO ташкилоти Тошкент шаҳрини Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилганини келтириш ўринлидир. Ушбу ташкилот ҳамкорлигида Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида “Ўзбекистон – буюк мутафаккирлар юрти” мавзуида халқаро анжуманлар ўтказилди. Тадбирда 30 дан зиёд, жумладан, Саудия Арабистони, Қувайт, Миср, Покистон, Эрон, Хитой, Япония, АҚШ, Буюк Британия, Франция, Туркия, Иордания, Исроил, Бангладеш каби мамлакатлардан давлат, жамоат ва дин арбоблари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этишди.

Миллий ва диний қадриятларнинг ҳаётимизда муҳим ўрин тутиши, тарихий хотирамизни тиклаб, ўзлигимизни англашимиздаги ўрни, янги жамият қуришда муҳим куч-қувват манбаи экани Юртбошимизнинг қуйидаги пурмаъно фикрларида яққол ифодасини топган: “...Биз ўз миллатимизни мана шу муқаддас диндан айри ҳолда асло тасаввур қила олмаймиз. Диний қадриятлар, исломий тушунчалар ҳаётимизга шу қадар сингиб кетганки, уларсиз биз ўзлигимизни йўқотамиз”.

Маънавий қадриятларимизни тиклаш, хоссатан, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Термиз, Хива, Андижон, Фарғона, Марғилон каби шаҳарларда тарихий ёдгорликларни таъмирлашга катта аҳамият берилди. Буюк алломаларимизнинг зиёратгоҳлари обод этилиб, уларнинг илмий мероси ўрганилмоқда. Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд, Ҳожа Аҳрор Валий каби улуғлар номи билан боғлиқ жойлар, Шоҳи Зинда, Кўкгумбаз мажмуалари қайта бунёд этилди, масжид ва мадрасалар обод қилинди.

2007 йили Тошкентнинг Эски шаҳар даҳасида “Ҳазрати Имом” жоме масжиди, “Бароқхон”, “Муйи муборак” мадрасалари, Абу Бакр Қаффол Шоший зиёратгоҳи, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Тошкент Ислом институтининг янги биноларидан иборат мажмуа барпо этилди.

Халқимиз маънавиятини ошириш, диний ва миллий қадриятларимизни тиклаш ҳамда аҳолини турли ёт ва бузғунчи ғоялардан ҳимоя қилиш ишларида тажрибали имом-хатиблар меҳнати, “Мовароуннаҳр” нашриёти, Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилган Имом Бухорий халқаро марказининг фаолияти алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Республика Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Ислом институти ва ўрта-махсус билим юртларида жорий этилган таълим стандартлари, ўқув режалари, талабаларга давлат меъёрларига мувофиқ диний ва дунёвий билим берилаётгани инобатга олиниб, ушбу билим юртлари битирувчиларининг дипломлари давлат таълим ҳужжати сифатида эътироф этилди.

2011 йилдан Ўзбекистон Президенти “Истеъдод” жамғармасида Тошкент Ислом институти ва ўрта-махсус билим юртлари раҳбарлари ва ўқитувчилари учун малака ошириш курслари ташкил этилди.

Тинчлигимиз, ақидавий бирлигимизни турли оқимлар хуружидан ҳимоя қилиш, ёш авлодга муқаддас динимизнинг соф инсонпарварлик, маърифатпарварлик ва меҳр-мурувват ғояларини сингдиришда ушбу диний билим юртларининг фаолияти самарали бўлмоқда.

Хуллас, мамлакатимиз Конституцияси қабул қилингач, жамиятимизнинг барча соҳаларида бўлганни каби маънавий-диний ҳаётда ҳам улкан ислоҳотлар амалга оширилди, барча миллат вакиллари учун диний бағрикенглик ва виждон эркинлигини таъминлашнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси барпо этилди.

Ортиқбек ЮСУПОВ,

Дин ишлари бўйича қўмита раиси