Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 20 йил тўлди. Унда инсон ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати олий қадрият деб белгилаб қўйилгани юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли исботини топмоқда.

Юртимиз аҳолисининг асосий қисмини мусулмонлар ташкил этади. Бошқа дин вакилларини камситмаган ҳолда Ислом динига эътибор берилиши халқимиз кўнглидаги ишдир.

Аждодларимиз меросини ўрганишга бағишланган халқаро анжуманлар ўтказилаётгани, диний-маърифий нашрлар чоп этилаётгани, ҳаж ва умра ибодатини тўла-тўкис адо этишга кўмаклашиш мақсадида қулайликлар берилаётгани бизни қувонтиради.

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунга асосан диний ташкилотларнинг бошқа ташкилотлар билан тенгҳуқуқлиги таъминланди. Ушбу қонуннинг 5-моддасида прозелитизм, миссионерлик ҳаракатлари тақиқланиши белгиланган.

Афсус, қонунга зид ҳаракатларини турли йўллар ва усуллар билан амалга оширишга уринаётган бузғунчилар, миссионерлар ҳамон учраб турибди. Улар нопок мақсадларини ёшлар ўртасида, айниқса, диний маълумоти бўлмаган ёки ёт таъсирларга берилувчан айрим содда фуқаролар орасида ёйишга ҳаракат қилишади. Натижада айрим одамлар алданиб, моддий-маънавий қийинчиликлар баҳонасида фитначиларнинг тузоғига илиниб қоляпти. Шу муносабат билан барчани огоҳликка, ҳақ динимизни, миллий қадриятларимизни, бой тарихий меросимизни ҳимоя қилишга чорлаймиз.

Фитналарга бошловчи ҳар қандай ҳаракат ва ғояларга ҳаммамиз қарши туришимиз, мустақил диёримиз равнақини таъминлаш, халқимиз тинчлигини сақлашдек улуғ ишга холис ҳисса қўшмоғимиз керак.

Миродил МИРЖАЛИЛОВ,

Қибрай тумани “Дўрмон” жоменинг имом-хатиби