Инсон ўз мақсад ва орзуларини сўз билан ифода этади, меҳру садоқати ва муҳаббатини билдиради. Пок диллардан самимий сўзлар чиқади. Самимийлик сўзнинг таъсир кучини оширади, бошқалар қалбига тезроқ етиб боради. Самимий айтилган аччиқ ҳақиқатлар, аччиқ сўзлар эшитувчининг иззат-нафсига тегмайди. Ҳар бир сўзни етказиш йўллари, ҳар бир жумланинг таъсир чегараси бор. Хоҳ катта, хоҳ кичикка салом бериб ўтишдан тортиб, “Соғ-саломат юрибсизми?” деган сўзларгача турли-туман муносабат ва кайфиятларни ифодалайди. 

Яхши сўз билан одамнинг кўнгли тоғдек кўтарилади, бошига мусибат тушган одамга бир оғиз ширин сўз катта мадад бўлади. Чунки ширин сўз кишилар руҳиятига илиқлик олиб киради. Ширин сўз воситасида битмаган ишингиз битади. Бу ҳолни, айниқса, фарзандларимизни тарбиялаш жараёнида яққол кўриш мумкин. Шўх болаларни дўқ, пўписа билан тўғри йўлга солиб бўлмайди.

Улар сизнинг қаҳрингиз, қаттиқ бақир-чақирингиздан қўрқиши мумкин, аммо ҳурмат қилмай қўяди, тобора тўполончи, қулоғига гап кирмайдиган, бирон иш қилмоқчи бўлса, сиздан ҳайиқадиган, кейинчалик алдайдиган бўлиб қолади. “Яхши гап билан илон инидан чиқади”, деб бекорга айтишмаган.

Яхшилик ширин сўздан бошланади. Чунки ширин сўз – қалб овози, жон озиғи, ёмон сўз эса қаҳру ғазаб ифодаси, юракка санчиладиган тиғдир. Дарз кетган қалбдан сўрашибди:

– Сенга нима бўлди? Тиғ тегмаса ҳам дарз кетибсан-а?

– Тиғдан ҳам ёмон нарса – заҳарли тил тегди, – дебди қалб. – Энди бу жароҳат битиши қийин.

Сўз отилган ўқ кабидир, уни қайтариб бўлмайди. Ўйламай айтилган аччиқ сўз кетидан қанча узр сўраманг, кеч бўлади. Қўрслик, хунук сўз айтиш билан киши аввало ўз обрўсини тўкади. Жамоат орасида чиройли гапириш қандай яхши! Аммо даврадагиларнинг мақтаниш учун сўзлашлари донолик нишонаси эмас. Одамлар кўп гапнинг эмас, ширин сўзнинг гадоси бўлишади. Ширин тил, самимий муомала оилани ҳам мустаҳкамлайди. Аччиқ тил заҳрини ширин муомала билангина кесиш мумкин. Тил билан дил ҳамоҳанг бўлгандагина, ширин сўзлилик шахснинг фазилатига айланади. Кексалар: “Ширин сўз, ақлли фикр билан дўст орттирасан, аксинча бўлса, душман кўпайтирасан”, дейишади.

“Қобуснома”да сўзлаш санъати ҳақида қуйидагиларни ўқиган эдик: “Халқ олдида сўзинг гўзал бўлсин, уни халқ қабул қилсин. Халойиқ сенинг сўз билан баланд даражага эришганингни билсин, чунки кишининг мартабасини сўз орқали биладилар”. Атрофга назар ташламай, ёнидагиларнинг руҳий ҳолатларини эътиборга олмай, қичқириб ёки хахолаб ўтириш одобдан эмас.

Яқинда автобусда кетаётгандим, йўловчилар тирбанд. Орқа ўриндиқларда қиз-йигитчалар суҳбат қилиб кетишяпти. Қизларнинг оғзида сақич, онда-сонда пуфакчалар чиқазиб, арзимаган нарсалар ҳақида баҳслашиб боришарди. Ёнларида кекса онахон ва отахонлар борлигини сезишмайди гўё. Афсус, бундай манзарани кўп учратамиз.

Аслида, одам боласи онадан ёмон одат билан туғилмайди. Бироқ бошқалардан ёмон одатларни юқтириши мумкин. Шунинг учун фарзандларимизда чиройли муомала, сўзлаш маданиятини тарбиялашга ҳам жиддий эътибор қаратишимиз керак.

Янги Зелландияда бошқаларга қўполлик, дағаллик қилган кишига қонун бўйича катта жарима солинаркан ёки жавобгарликка тортиларкан. Олимлар: “Руҳий нотинчлик тез қаритади”, дейишади. Дарҳақиқат, оғир руҳий эзилиш, изтироблар кишининг ташқи қиёфасини ҳам ўзгартириб юборади. Яхши сўзли одам инсонпарвар, кўнгли беғубор, доимо бировларнинг хатосини кечирадиган, кенгфеълли, ҳаммага табассум улашади. Атрофдагиларни ҳурматлаб, яхши муомала қиладиганлар учун Полшада “Табассум” ордени таъсис этилган. Сўзимни Умар Хайёмнинг рубоийси билан якунламоқчиман:

Дунёнинг тилаги, самари ҳам биз,

Ақл кўзин қораси – жавҳари ҳам биз.

Тўгарак жаҳонни узук деб билсак,

Шаксиз унинг кўзи – гавҳари ҳам биз.

 

Тўхтахон РАҲИМОВА,

маънавият тарғиботчиси