Фотима опа Отахонова мактабда қирқ йилдан ортиқ математика фанидан дарс берадилар. Турмуш ўртоғи, техника фанлари доктори Абдурашид Отахонов билан беш ўғил, бир қизни вояга етказишди. Суҳбатимиз мавзуини Фотима опанинг ўзлари белгиладилар.

– Суҳбатларда, матбуот ва радио-телевидениеда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ҳақида гап кетганида, кўпроқ қизлар тарбиясига эътибор қаратилади. Оналару бувижонлар қизлари улғайгани сайин: “Сен келажакда бошқа хонадонга келин бўласан. Шунинг учун бундай бўлишинг керак, мана бунақа ишларни ўрган”, деб огоҳлантириб туришади. Албатта, бу жуда яхши анъана. Лекин қуш парвози иккала қаноти ҳам соғломлиги, қувватига боғлиқ бўлгани каби, оила мустаҳкамлиги, тинч-тотувлиги ҳам эр ва хотиннинг рўзғор юкини биргаликда, аҳилликда кўтаришига боғлиқ. Қолаверса, хонадоннинг моддий ва маънавий фаровонлигида, соғлом, ақлли-ҳушли фарзандлар улғайишида эрнинг масъулияти катта бўлади. У оиланинг бошлиғидир. Демак, ота-оналар, атрофдагилар, жамият ўғил болаларни бир рўзғорни чиройли бошқара оладиган ақлли, илму ҳунарли, меҳр-муҳаббатли, уддабурон инсонлар қилиб вояга етказишга интилиши керак.

– Фотима опа, ҳар хил вазият бўлади. Баъзи масалаларда ҳатто эру хотиннинг фикрлари ҳам бир жойдан чиқмай қолиши мумкин. Сизлар болалар тарбиясида қандай йўл тутардингиз?

– Аёл киши табиатан кўнгли юмшоқ, шу сабабли боласини ҳадеб авайлайверади. Эрим жуда талабчан, ҳаракатчан эдилар. Илм кишиси бўлсалар-да, уйда, дала ҳовлида худди деҳқонлардек ишлардилар, рўзғорга керак бўладиган меваю сабзавотларни ўзлари етиштирардилар. Ўғиллар мактабга боришдан олдин қўлига тешаю кетмон олиб, дадаси билан меҳнат қилишни бошлашган. “Болани ёшлигидан меҳнатга эгилтириш керак”, дердилар. Дала ҳовлида ишлаган кунлари кечки пайт ҳолдан тойиб қайтишарди. Онаман-да, уларнинг аҳволини кўриб раҳмим келарди. Аммо ўша пайтда мен: “Чарчадингми? Қийналдингми?” десам, отасининг ҳурматини бир даража пастга тушириб, ўзимни яхши кўрсатишга уринган бўламан. Шунинг учун доим: “Даданг тўғри айтадилар. Шундай қилишларинг керак”, деб урғу берардим. Лекин болани ишлатишнинг йўл-йўриқлари бор. Унга топшириқни бериб, ўз ҳолига ташлаб қўйсангиз ҳам бўлмайди. Домла ўғилларига олдин ҳамма ишни бир-бир ўргатардилар: ер қандай чопилади, экин қандай экилади, кузда дарахту токларнинг қайси шохи қолдирилиб, қайсиниси кесиб ташланади – ҳаммасини кўрсатиб берардилар. Кейин ўғилларимиз каттароқ бўлганда бозорга бирга олиб борадиган бўлдилар. Рўзғорга нималар харид қилиш керак, ниманинг қанақасидан олган маъқул, сотувчи билан савдолашиш, олди-сотдида икки томоннинг рози бўлиши – ҳаммасини эринмай тушунтирардилар. “Бекорчиликдан бемаънигарчиликлар келиб чиқади”, деб, боланинг бўш қолишига ҳеч имкон бермасдилар. Сира ёдимдан чиқмайди: бир куни эрталаб ишга кетаётиб ўғилларига ҳовлидаги мингта ғиштни кечгача бошқа томонга ташиб қўйишни буюрдилар. Ҳозирча ишлатилмаётган, ўзи бир чеккада турган ғиштни бошқа томонга кўчиришдан мақсад нима эканини тушунолмадим. Кечқурун секин сўрасам: “Ҳайрон бўлманг, меҳнат доимий эҳтиёжига айлангунча, болани бўш қўймаслик керак. Бошқа иш тополмадим, яна бир куни жойига ташиб қўямиз”, дедилар.

Болаларнинг олдида ҳар қандай масалада бир-биримизни қўллаб-қувватлаб турардик. Агар мен уларга насиҳат қилсам, дадаси гапимга сира аралашмасдилар. Агар эътирозлари бўлса, кейин ўзимга айтардилар.

– Атрофдагиларга муомала, муносабат маданиятини, аёлларни ҳурматлаш, оғирини енгил қилишни бола аввало оилада ўрганади...

– Биз “Бола мустақил ҳаётини йўлга қўйгунича ота-онасига бўйсуниши керак”, деб уларнинг онгига сингдирганмиз, шунинг учун гапимизни сира икки қилишмади. “Уйланганидан кейин ҳам уй ишларининг ҳаммасини хотинга ташлаб қўйиш яхши эмас. У ҳам чарчайди, ўзининг иш-ташвишлари бор. Касал бўлиб қолса ёки фарзанд кўриб туғруқхонада ётса, бу ишларни билганинг асқатади”, дердим. Дадаси талабчан ва қаттиққўл бўлсалар-да, мени ва Умидахон қизимизни жуда авайлардилар. Хотин-қизларга нисбатан худди шундай муносабатни энди ўғилларимда кўраман. Катта ўғлимиз уйланганида, келинимиз талаба эди. Шунда болалар: “Кеннойимнинг ўқиши учун шароит яратиш керак. Биз уй ишларини олдингидек навбат билан бажараверамиз”, дейишди.

– Фотима опа, ўғилларингизнинг ҳаммаси олий маълумотли, айримлари бир неча соҳа бўйича мутахассис, икки-уч чет тилини ҳам билишади. Бунинг учун алоҳида шароит яратганмисизлар?

– Йўқ, айримларга ўхшаб: Бу болам ўзгача, алоҳида қобилиятли. Фақат ўқиши керак”, деб бошқаларидан ажратиб, ҳамма нарсани тайёр қилиб бермаганмиз. Уларнинг мактабдаги ўқиши, ўзини тутиши, юриш-туришига эътиборли бўлганмиз, дарсдан кейин ўз ҳолига ташлаб қўймаганмиз. Ҳатто институтда ўқиётганида дарсларга қатнашиши, кимлар билан дўстлашиб, нималар билан шуғулланиши доим назоратимизда эди. Баъзида болалар имтиҳон ёки ёзма иши борлигини, шунга тайёрланиши кераклигини айтишса, дадаси: “Яхши, тайёрланинг. Лекин олдин ҳаммамиз учун керак бўлган мана бу ишни бажариб қўйишимиз керак”, дердилар. Баъзан: “Ёзувчилар ёки журналистлар замондан икки-уч қадам олдинда юриши керак”, деган гапни эшитамиз. Фикримча, ота-оналар ҳам келажакни олдиндан кўра билиши, дунё тараққиёти қаёққа қараб кетаётганини англаши ва болаларини шунга мослаб ҳаётга йўналтириши керак.

Домла янги аср илғор техника ва компютер асри бўлади, деб болаларга ёшлигидан компютерда ишлашни ўргатдилар. Ўзлари рус, испан тилини лутфлари билан яхши билардилар. Ёшлари олтмишга яқинлашганида, инглиз тилини ўргана бошладилар, ҳар куни икки соат шуғулланардилар. Ҳар бир ишда ўрнак бўлиб, кейин болалардан ҳам иш ва ўқишга мана шундай жиддий киришишни, яхши натижаларга эришишни талаб қилардилар.

– Фарзандлар улғайгани сари уларнинг ҳам ўз фикр-мулоҳазалари қатъийлашиб боради. Ота-она ҳамма масалада ўзи чизган чизиқдан чиқмасликни талаб қилиши болаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини камситиш бўлмайдими?

– Боланинг ёшига қараб ота-она қатъий талаб қиладиган ишлар бор. Масалан, ўсмирлик, ёшлик чоғларида улар тенгдошлари билан тўпланиб ҳар хил мусиқалар эшитишга, телевизор ёки видеофилмлар томоша қилишга жуда қизиқишади. Ёнбошлаб ётиб мусиқа тинглаш ёки ҳар хил кинолар кўриш каби болани ишёқмас қилиб қўядиган ҳолатларни биз қатъий тақиқлаганмиз. Мактабдаги ўқитувчилари билан доимий мулоқотда бўлиб, қайси соҳага қизиқиши ва иқтидори борлигини аниқлаганмиз. Шундан бўлса керак, камолот ёшига етгандан кейин ҳам ўғиллар биздан маслаҳатсиз иш тутишмади. Чунки улар ота-онанинг розилиги билан бошланган ишларнинг охири хайрли эканини англаб етишди. Масалан, катта ўғлим Жаҳонгир электротехника бўйича олий маълумотли бўлиш арафасида Халқаро Банк академиясида ҳам ўқиш нияти борлигини айтди. Олдинига: “Сен физик бўлсанг, банк соҳасида нима қиласан?” дедиг-у, кейин ҳартомонлама ўйлаб: “Майли, ҳаракат қилиб кўр”, деб розилик бердик. Ҳозир шу ўғлим банк соҳасида ишлаяпти. Болаларнинг билимга қизиқиши, интилиши, мақсади қатъий бўлса, уларни қўллаб-қувватлаш керак. Худога шукр, мен болаларни катта қилиб, парваришлаб қийналмадим.

– Кўпчилик оналар бола боқиш осон эмас дейишади-ку?!

– Тўғри, мен ҳам ўйнаб-кулиб юриб катта қилганим йўқ уларни. Бироқ меҳнатингнинг мевалари ширин, ўзинг орзу қилгандек бўлса, қийинчиликларни кўриб-кўрмагандек бўларкансан. Мен яқинда кенжа ўғлимиз Шарофжоннинг магистратурани битириши муносабати билан Американинг Темпел университетида дипломлар топширилиши маросимида қатнашиб келдим. Фараз қилинг: катта зал, икки юздан ортиқ битирувчи. Шулар орасида биринчи бўлиб: “ўзбекистонлик Шарофжон Отахонов” деб минбарга таклиф қилишганида, тўпланганлар шунақа олқишлашди, эсласам, ҳамон кўзимга ёш келади.

Жуда катта армоним шу, турмуш ўртоғим болаларимга биринчи устоз, тарбиячи, боғбон бўлиб, эл-юрт ҳавас қиладиган, жамиятимиз тараққиётига ҳисса қўшадиган илмли, ғайратли, дунёқараши кенг, мустақил Ватанимиз шарафини юксалтирадиган инсонлар қилиб тарбияладилар-у, уларнинг айни роҳатини кўрадиган пайтда бандаликни бажо қилдилар. Фарзандларимга доим: “Ҳалоллик, тўғриликдан адашманг. Яхши одамларга қўшилинглар, яхшилик қилишдан ҳеч чарчаманг. Эл-юртнинг хизматида бўлиб, дуо олинглар. Бунинг савобидан отангизнинг руҳи баҳраманд, охирати обод бўлади”, деб такрорлайман.

Муҳтарама УЛУҒОВА суҳбатлашди.