Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир неча оятларида биз бандаларини хайрли ва эзгу ишлар қилишга тарғиб этиб: “Раббингиздан (бўлувчи) мағфиратга ва кенглиги осмонлару Ерга тенг, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннат сари (солиҳ амаллар қилиш билан) шошилингиз!” (Оли Имрон, 133), деб марҳамат қилган.
Ислом динида энг гўзал амаллардан ҳисобланадиган, мусулмонларнинг бир-бирларига бўлган муҳаббатларини зиёда қиладиган бу салом беришдир. Биринчи бўлиб салом беришда ҳам Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ўтадиган киши бўлмаган. Ҳатто баъзи саҳобалар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан аввал у зотга салом берамиз, деб панароқ жойларда кутиб турардилар. Лекин Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) уларга биринчи бўлиб салом берардилар.
Саодат асрида яшаган зотларнинг ҳаётларини эсласак, уларнинг ҳам хайрли ишларда бир-бирлари билан мусобақалашганларига гувоҳ бўламиз. Ҳаётлик пайтларидаёқ жаннат башоратини қўлга киритган, яхшилик қилишда умматнинг пешқадамларидан бўлган икки буюк зот – Абу Бакр Сиддиқ ва Умар (розияллоҳу анҳумо)лар ҳам яхшиликда ким ўзарга бир-бирлари билан мусобақалашардилар. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) айтади: “Абу Бакр Сиддиқ ҳар бир ишда мулойимликни ва иложи борича бошқаларга билдирмасликни яхши кўрардилар. Мен эса, ҳар бир ишда ошкораликни, кўпчилик ўрнак олсин деб, уларга билдириб қўйишни ёқтирардим.
Мадинадаги бир хонадонга ҳар куни тунда бориб, уй эгаларига яхшилик қилиб келардим. Яхшилик қилишда пешқадам бўлдим, деб хурсанд эдим. Кунларнинг бирида яна ўша хонадонга бордим ва идишдаги овқатни кўриб, ҳайрон қолдим. Бу ерга мендан аввал келиб, яхшилик қилган киши ким экан, деб ўйлаб қолдим ва буни билиш учун кутиб турдим. Не кўз билан қарайки, яхшилик қилишда мендан ўзиб кетган инсон Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) эди. У зот мендан аввал бу хонадонга келиб, ҳеч кимга билдирмасдан яхшилик қилаётган экан”.
Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) яна айтади: “Биз бир куни тунда Расул (алайҳиссалом) билан бирга инсонларнинг ҳолларидан хабар олиш учун кўчага чиқдик. Бир жойга етганимизда Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) дам олишни хоҳладилар. Ўша ердаги уйнинг деворига суяниб дам олдик. Билсак, у Абдуллоҳ ибн Мас­ъуд (розияллоҳу анҳу)нинг уйлари экан. Дам олаётганимизда уй ичидан жуда чиройли овозда тиловат қилинаётганини эшитдик. Тиловат тугагач, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга қараб: “Аллоҳга қасамки, Абдуллоҳ ибн Масъудга жаннат вожиб бўлди. Бу хушхабарни унга етказинглар”, дедилар. Шундан сўнг уйимизга қайтдик. Уйга боргач, кўзимга уйқу келмади. Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)га хушхабарни биринчи бўлиб етказай, деб бомдоддан олдин уникига шошилдим. Бориб эшикни тақиллатганимда, Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)нинг ўзи менга пешвоз чиқди. “Эй Абдуллоҳ, хурсанд бўл, сенга хушхабар келтирдим”, дедим унга. У сокинлик билан: “Хабар бўлди”, дедилар. “Қандай қилиб, сен қаердан хабар топдинг?” дедим ҳайрон бўлиб. “Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) хабар берди”, дедилар. Шунда мен “Ҳақиқатда, Аллоҳ таоло яхшилик қилишда Абу Бакрни пешқадам қилган экан”, дедим".
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: “Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалар жамланиб турган жойга чиқиб: “Қиё­мат қоим бўлганида инсонлар маҳшаргоҳга йиғиладилар. Баъзи пайғамбарлар у жойга ёлғиз ўзи келади. Баъзи пайғамбарлар битта ҳамроҳ билан, баъзилар эса ундан кўпроқ уммати билан келади. Мен эса, маҳшаргоҳга мағрибу машриқни тўлдирадиган жуда кўп умматларим билан келаман. Мана шу умматимнинг ичидан етмиш мингтаси жаннатга ҳисобсиз киради”, дедилар. Жамланиб ўтирган саҳобаларнинг орасида уй-жойи йўқ, камбағал Уккоша ибн Миҳсан деган саҳоба бор эди. У киши шу пайт ўрнидан туриб: “Эй Аллоҳнинг расули, Аллоҳ таоло мени ҳам ўша етмиш минг умматнинг ичида қилишини сўраб дуо қилинг”, дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳим муваффақ қилгин!” деб дуо қилдилар. Шунда саҳобалар бирдан: “Эй Аллоҳнинг расули, мени ҳам дуо қилинг, мени ҳам дуо қилинг”, деб қолишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларга: “Сизлар учун энди амал қолди, Уккоша яхшилик эгаллашда сизлардан ўзиб кетди”, дедилар.
Ўйлаб кўрадиган бўлсак, яхшилик қилиб, савобларни қўлга киритишда жуда кўп имкониятларга эгамиз. Ўз ҳолатимиздан келиб чиққан ҳолда, ихлосу муҳаббат билан ёндашадиган бўлсак, бизларнинг ҳар бир амалимиз савобга айланади. Кимдир қўли билан, кимдир яхши сўзлари билан буни амалга оширади. Яна кимдир табассуми билан кишилар кўнглини олади. Агар сепаётган атиримизни ҳам мусулмонлар озор чекмасин, доим мен билан ҳамроҳ бўладиган фаришталар озорланмасин, аҳли аёлим, фарзандларим, яқинларим озорланмасин деган яхши ният билан сепадиган бўлсак, мана шу ишимизда ҳам савобларни қўлга киритамиз.
 

Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ,
Тошкент шаҳридаги "Новза" жоме масжиди имом-хатиби