Дунёнинг геополитик, иқтисодий ва ижтимоий, ахборот-коммуникация харитасида жиддий ўзгаришлар рўй бераётган, турли мафкуралар тортишуви кескин тус олаётган вазиятда, фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан кўра муҳим аҳамият касб этмоқда.
Маълумки, одамдаги ҳар қандай касалликнинг олдини олиш йўли, аввало, танада унга қарши иммунитет ҳосил қилишдир. Биз ҳам фарзандларимизни она-Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, ота-боболаримизнинг муқаддас динига садоқат руҳида тарбиялаш учун, аввало, уларнинг қалби ва онгида мафкуравий иммунитетни кучайтиришимиз зарур. Токи ёшларимиз миллий ўзлигини, шу билан бирга, дунёни чуқур англайдиган, замон билан баробар қадам ташлайдиган инсонлар бўлиб етишсин. Ана шунда жоҳил ақидапарастларнинг «даъвати» ҳам, ахлоқ-одоб тушунчаларини рад этадиган, биз учун мутлақо бегона ғоялар ҳам уларга ўз таъсирини ўтказа олмайди.
Ёш авлодни турли маънавий тажовузлардан ҳимоя қилиш ҳақида сўз юритганимизда, нафақат халқимиз улуғлайдиган хусусиятлар, айни пайтда унинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатадиган номаъқул иллатларни ҳам очиқ айтишимиз зарур бўлади.
Биринчи навбатда, худбинлик ва лоқайдлик, миллатчилик ва маҳаллийчилик, коррупция ва манфаатпарастлик, бошқаларни менсимаслик каби иллатлардан жамиятимизни бутунлай халос этишга ҳаракат қилишимиз лозим. Зеро, бу ёмон иллатлар нафақат айрим шахсларнинг, балки бутун жамиятнинг таназзулига сабаб бўлади. Ана шулардан бири ҳасаддир.
Ҳасад – бошқаларни кўролмаслик, уларнинг ютуғидан қувониш ўрнига куйиниш, ичиқораликдир. Муқаддас манбаларимизда ҳасад инсонийликка мутлақо зид бўлган жирканч одат сифатида қаттиқ қораланади. Жумладан, муборак ҳадисларда «Бировга ҳасад қилишдан сақланинг, чунки олов ўтинни қандай куйдириб тугатса, ҳасад ҳам қилган савоб ишларингизни худди шундай куйдириб тугатади» (Имом Абу Довуд ривояти), деб айтилган.
Азал-азалдан очиқкўнгил, самимий ва меҳнаткаш, яхшиликни юксак қадрлайдиган халқимиз бу иллатдан ҳазар қилган. Бироқ ҳасад балоси кишилик жамиятлари билан қадам-бақадам яшаб келмоқда. Тарихга назар ташласак, не-не буюк зотлар ҳасад ва бахиллик туфайли азоб-уқубатларни бошидан кечирган.
Халқимизнинг юксак салоҳиятини, унинг қандай буюк ишларга қодир эканини дунёга намойиш қилишда заминимиздан етишиб чиққан юзлаб улуғ зотлар фидойилик намуналарини кўрсатганлар. Бундай инсонлар диёримизда ҳозир ҳам кўплаб топилади, иншоаллоҳ, уларнинг сафлари кенгайиб бораверади. Муҳими, шундай инсонларга хайрихоҳлик билан муносабатда бўлиш, уларни қўллаб-қувватлашдир. Агар биз мамлакатимизнинг қайси шаҳар ёки қишлоғида бўлмасин, “йилт” этган истеъдод учқунини кўрганда уни ардоқлаб, қўллаб-қувватлаб, иқтидори ривожига йўл очиб берсак, мухтасар айтганда, ҳасад қилиб эмас, ҳавас қилиб яшашни ҳаётимиз қоидасига айлантирсак, шубҳасиз, миллий тараққиётда янада юксак марраларни эгаллаймиз.
Жамият тараққиётига тўсқинлик қиладиган иллатлардан яна бири хиёнатдир. Эзгулик ва ҳақиқатга садоқати бўлмаган, уларга ишонмаган одамлар ҳар замон ва маконда юрт ва тинчлик учун таҳлика туғдирганлар. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга ва Расулга (буйруқларига) хиёнат қилмангиз ва (бир-бирингиздаги қўйган) омонатларингизга (ҳам) билиб туриб хиёнат қилмангиз!” (Анфол, 27).
Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса бундай деганлар: «Аллоҳ таоло: “Мен қиёмат куни уч киши: менинг номимни ўртага қўйиб (бирон нарса) олиб, сўнг хиёнат қилганнинг, ҳур-озод одамни сотиб, сўнгра пулини еганнинг ва мардикорни ижарага олиб ишлатиб, ҳақини тўлиқ бермаганнинг душманидирман”, деди» (Имом Бухорий ривояти).
Бу иллатларни келтириб чиқарадиган асосий омил маънавий қашшоқликдир. Маънавий қашшоқ кишининг ҳеч қандай муқаддас нарсаси бўлмайди. Шу боис, Ватанини, миллатини, яқинларини пул, обрў, амал каби ўткинчи манфаатлари йўлида қурбон қилади.
Бу ҳаётда одам баъзан ўзини йўқотиб қўядиган ғоят мураккаб муаммоларга дуч келади. Кескин вазиятдан чиқишнинг имкони йўқдек туюлади. Шундай пайтда ким тўғри йўлдан адашмаслиги мумкин? Ўйлайманки, биринчи навбатда, ўз кучига ишонган, руҳий дунёси, маънавий олами бақувват бўлган одамгина бундай вазиятдан ёруғ юз билан чиқа олади. Маънавий бойлик шундай пайт­да одамга катта куч ва мадад беради. Инсоннинг маънавияти юксалиши билан унинг иродаси ҳам кучайиб боради. Ирода, аслида, мустаҳкам ишонч демакдир. Иродаси бақувват одам ўзига ишонади ва ҳар қандай мураккаб вазифани ҳам ўз зиммасига олишдан қўрқмайди. Шунинг учун ҳам юксак иродали инсонга суяниш мумкин.
Бировнинг ҳаётига, ён-атроф­да содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бетараф ва бепарво қараб, шунчаки кузатувчи бўлиб яшайдиган одамдан қўрқиш керак. Улардан ҳеч қачон яхшилик чиқмайди. Чунки уларда на ишонч, на ирода бўлади; ҳатто ўз халқи, Ватани тақдирига ҳам бегона одамдек қарайди. Донолар айтганидек, лоқайд одам душмандан ҳам хавфлироқдир. Чунки душманнинг кимлиги, асл қиё­фаси сиз учун олдиндан маълум бўлади. Бироқ лоқайд ва бепарво одамнинг қиёфасини бирданига билиб бўлмайди.
Машҳур файласуфлардан бири айтади: «Душманлардан қўрқма – нари борса, улар сени ўлдириши мумкин. Дўстлардан қўрқма – нари борса, улар сенга хиёнат қилиши мумкин. Бефарқ одамлардан қўрқ – улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим ва бепарво қараб туриши туфайли ер юзида хиёнат ва қотилликлар содир бўлаверади».  
Ҳар бир инсон ҳаётида ғоят аҳамиятли бўлган бу фикрларни ёшларнинг онгига сингдириш, уларни ҳаёт синовларига бардошли этиб тайёрлаш муқаддас бурчимиздир.
 

Қамариддин ҚАМБАРОВ,
Янгийўл тумани, "Хонтўра" жоме масжиди имом-хатиби