Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилдилар: “Билингки, танада бир аъзо бор. Агар у соғлом бўлса, бутун тана соғлом бўлади. Агар у бу­зилса, тана ҳам бузилади. Билингки, у қалбдир” (Муттафақун алайҳ).

Инсоннинг ҳар бир аъзоси ўзига хос вазифани амалга ошириш учун яратилган. Ўша аъзо соғ бўлса, ўз ишини яхши бажаради. Агар касалликка чалинса, ишини бажаришга қийналади ёки бутунлай бажара олмай қолади.
Шунингдек, қалб хасталанса, унинг ҳам ўзига хос ишига – илм, ҳикмат, маърифат, Аллоҳ таолонинг муҳаббати, ибодати ва ундан ҳосил бўладиган лаззатланишга халал етади.
Кўкрак қафасининг чап томонидаги гўшт парчаси – юрак; қалб эса юракдаги қувватдир. Кўринмайди, моддий борлиқ эмас. Бунга кўнгил ҳам дейилади. Юрак ҳайвонларда ҳам бор. Лекин кўнгил фақат одамзодга хос.
Баъзан: “Бир гуноҳни, ёмонликни бартараф қилиш учун унинг манбаини йўқотиш керак”, деган гапни эшитиб қоламиз. Бу нотўғри тушунча! Сийрат асарларида ёзилишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нубувватнинг илк йилларида Ҳарамда намоз ўқир, Парвардигорга узоқ-узоқ сажда қилардилар. Ҳолбуки, ўша пайтда биргина Каъба ичида уч юздан ортиқ бут-санамлар бор эди. У зот ишни бутларни синдиришдан бошламадилар, балки энг аввал қалблардаги бутни парчалашга аҳамият бердилар, қалб покизалигига эътибор қаратдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тавҳид калимасини, имон уруғини юракларга шундай жойлаштирдиларки, одамлар қандайдир тошларга юкуниш хорлигидан Улуғ Аллоҳга ибодат қилиш мартабасига юксалгач, уйларидаги ва Каъба ичи­даги бутларни ўзлари синдиришди.
Маст қилувчи ичимликдан ҳам бирданига буткул қайтарилмади, бу жараён уч босқичда давом этди: дастлаб унинг фойдаси ҳам, зиёни ҳам борлиги, бироқ зиёни фойдасидан катталиги таъкидланди; кейин одамнинг то нима деяётганини ўзи тўлиқ англамагунича, яъни иродасига тўла ҳукмронлик қилмагунича намозга яқинлашмаслик буюрилди. Ва ниҳоят, учинчи босқичда барча турдаги маст қилувчи нарсалар буткул ман этилди. Бунинг ҳикмати шуки, шаробга муҳаббат, унга боғлиқлик инсонлар қалбидан чиқарилиши керак эди. Бунга эса босқичма-босқич эришилди. Хамр қатъий тақиқлангани ҳақидаги оят нозил бўлганида саҳобалар аллақачон бунга тайёр бўлганди. Жарчи оятни эълон қилиши билан пиёласида ичиб турганлар қолган ичимликни ҳам сипқориб қўя қолай демади, ҳатто ҳўплашга улгурганлар ҳам туфлаб ташлашди. Демак, гуноҳ қалбда бўлади, кейин вужуд ижросида юзага чиқади. Қалб тарбия топмасидан, покланмасидан туриб жисм тарбияланмайди. Шу боис, аввало қалбни гу­ноҳлардан пок­лай олмас эканмиз, ғийбатдан ва ёлғон гапиришдан тийилолмаймиз, кўзимизни ношаръий жойларга қарашдан тўсолмаймиз, оёқларимиз гуноҳ йўллар томон оғаверади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қалбларига ишора қилиб: “Тақво мана бу ерда бўлади”, дея уч марта таъкидлаганлар.
Эл орасида “Беайб – Парвардигор” деган нақл юради. Ҳақиқатан, фақат Яратгангина хато-нуқсонлардан пок. Инсон хатокор, янглишади, гуноҳга қўл уради. Бироқ бу “Истаганингча яшайвер, чунки сен инсонсан”, дегани эмас. Хато-гуноҳларни вақтида англаш, тавба қилиш ва ўзимизни ўнг­лаб-тузатиб бориш, омонат берилган умримизни муносиб яшаб ўтиш барчамизга насиб этсин!

Абдулҳаким АКМАЛОВ,
Оҳангарон туманидаги “Абдуқаҳҳор махсум” жоме масжиди имом-хатиби