Ёшларимиз теран билимли ва етук мутахассис бўлиб етишишларида устозларнинг тутган ўрни беқиёсдир. Динимиз таълимотлари инсон зотининг жаҳолат зулматидан нурли ҳаётга етишишида муҳим омил бўлган устоз ва мураббийлар хизматлари юқори баҳоланиб, Аллоҳ таолодан уларга улуғ мукофотлар бўлиши башорати берилган.

Қуръони каримда бундай дейи­лади: “... Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала, 11). Бошқа бир ояти каримада бундай дейилган: “... Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!.” (Зумар, 9). Аллоҳ таоло олимларнинг нақадар тақводор эканликларини таъкидлаб: “Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар. Ҳақиқатан, Аллоҳ қудратли ва мағфиратлидир” (Фотир, 28), дейди.
Устозлик мақоми ҳақида жаноби Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Олимнинг бошқалардан ортиқлиги кечада ойнинг юлдузлардан кўра зиёда нур таратишига ўхшайди. Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар ўзларидан динор ҳам, дирҳам ҳам эмас, фақат илму маърифатни мерос қилиб қолдиришган. Ким бу меросни олган бўлса, у катта бахту саодатни қўлга киритибди” (Имом Термизий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти).
Луқмони Ҳаким ўғлига бундай насиҳат қилган экан: “Эй ўғлим! Олимлар билан ҳамнафас бўл, устозлар орасида ўтир, чунки Аллоҳ таоло еру осмонни суви билан обод қилганидай, қалбларни ҳам илму ҳикмат нури билан мунаввар қилади”.
Шайхулислом Бурҳониддин Марғиноний ҳикоя қилади: «Бухорои шарифнинг улуғ олимларидан бири талабаларга дарс бериш асносида гоҳ-гоҳ ўрнидан туриб қўяр эди. Зийрак талабалар бунинг сабабини сўрашди. У зот: “Устозимнинг фарзанди кўчада болалар билан ўйнаб юрибди. Гоҳида ўйин билан машғул ҳолда эшик олдига келганда, устозим ҳурматидан ўрнимдан туряпман”, деб жавоб берди».
Устоз шогирдига шафқатли бўлиши, уни ўз фарзандидек кўриши, илм бергани учун ҳеч нарса талаб қилмаслиги, балки Аллоҳ йўлида холис илм ўргатиши лозим бўлади. Устоз шогирдларига насиҳат қилишни тўхтатмайди, улардан маслаҳатини дариғ тутмайди, имкони борича шогирдларини ёмон хулқлардан қайтаради. Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Икки тоифа одамлар билимни хор айлайди: ахлоқсиз устоз ва жоҳил, илмсиз зоҳид”.
Аллоҳ таоло азиз устозларнинг билим-маърифатларидан доимо баҳрамандликни ва билганларимизга амал қилишни барчамизга насиб этсин.

Завқиддин ОРИПОВ,
Қизилтепа тумани бош имом-хатиби