Зангиота туманидаги “Ҳасанбой ота” жомеи имом ноиби Яҳё қори Турдиев билан суҳбат

 

Устоз, болалик йилларингиз, қал­бингизда Қуръони каримга илк муҳаб­бат уйғотган кишилар, имомлик фаолиятини бошлаган даврингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Мен деҳқон оиласида туғилдим. Отам деҳқончилик билан шуғулланса-да, аҳли илмга мухлис, домлаларнинг хизматига шай инсон эди. Онам ҳам ўқимишли аёл бўлган. Онамнинг айтишларича, беш фарзанддан ёлғиз мен тирик қолган эканман. Қолган тўрт нафар жигарим қизамиқдан вафот этишган.

Қуръондан илк сабоқларни ота-онам (Аллоҳ раҳмат қилсин) беришган. Уларнинг саъй-ҳаракатлари, дуолари билан 13 ёшимда Қуръони каримни тўлиқ ёдладим. Шунингдек, устозларим Абдухалил ва Абдунодир домлалардан таҳсил олдим. Болалик йилларимда таълим олиш жуда мушкул эди. Дафтар, қалам оз бўлгани боис, тахтачага кўмир ё бўр билан алифбони ёзиб, ёдлаб бўлганимиздан сўнг ўчириб, бошқа ҳарфларни ўрганардик.

Олим бўлишимни истаган отам 1954 йили уйимиздан 1600 км узоқликда жойлашган “Рўзи ҳожи” мадрасасига олиб борди. 1960 йилда мадрасани тамомлаганимдан кейин домла Шоҳимардоннинг ёнида мударрис бўлиб ишладим. Бироқ шу йилнинг ўзида устозимнинг маслаҳати билан собиқ Иттифоққа келиб, Андижонда қўним топдим. 1962 йилда “Мир Араб” мад­расасига ўқишга кирдим. 1968 йил мад­расани тугаллагач, Тошкент вилоятидаги Бектемир қишлоғига кўчиб келдим. Бу ерда ўн йилга яқин комбинатда ишладим. Шу орада Абдулазиз қори Маҳмудов билан устоз-шогирдлик муносабатларини йўлга қўйдим. 1976 йилда Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон (Аллоҳ раҳматига олсин) билан танишдим. У кишининг таклифи билан 1977 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратига ишга кирдим. Шу тариқа имомлик фаолиятим бошланди.

 

– Қуръони каримни ёд олувчи, тиловат қилувчи унинг ҳақларини тўлиқ билиб олиши ҳамда уларга риоя этиши ва бунда лоқайдликка йўл қўймаслиги лозим, деб эшитганмиз. Айтинг-чи, Қуръони каримнинг қорилар зиммасида қандай ҳақлари бор?

– Бу ҳақларнинг биринчиси, Қуръонни ҳурмат қилиш. Зеро, Аллоҳнинг Каломи қанчалик эъзозланса, шунча оз. Домлаларимиз бизга Қуръонни кўкракдан пастга қўйиш гуноҳ, деб уқтиришарди.

Қуръони каримнинг қорилар­даги ҳақларидан яна бири унга амал қилишдир. Қайси қори эл орасида ҳурматга сазовор бўлса, билингки, Аллоҳ у бандани Қуръонга амал қилгани, унинг ҳақини адо этгани учун азиз қилган.

Бундан ташқари, мунтазам равишда тиловат, такрор қилиб туриш ҳам Қуръоннинг ҳақларидандир. Шу боис, шогирдларимга ҳар куни Қуръонни, оз бўлса-да, такрор қилишларини тайинлайман. Баъзан улар: “Кунда бир-икки пора эмас, беш-олти пора ўқишга ҳам қодирман”, деса, “Йўқ, кам бўлса-да бардавом бўлсин, бир кунда беш-олти пора ўқиб, кейин бир ҳафта умуман ўқимай қўйгандан кўра, ҳар куни оз-оздан так­рор қилинг”, деб маслаҳат бераман. Агар қори ҳар куни икки порадан ўқиса, бир йилда Қуръонни йигирма тўрт маротаба хатм қилади. Зеро, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳга энг севимли ибодат оз бўлса ҳам, доим бўлганидир”, деганлар.

Афсуски, ҳозирда баъзи қориларимиз Қуръонни фақатгина Рамазон ойи кириши арафасида такрор қилиб, хатмга ўтмоқдалар. Бу Қуръоннинг ҳақини адо этмаслик ҳисобланади. Ўзим ҳар куни камида икки пора ўқишга одатланганман, бомдод намозидан аввал бир-бир ярим пора тиловат қиламан.

– Фарзандим қори бўлсин деган ниятда юрган ота-оналар учун қандай тавсия­лар берасиз?

– Илм аҳлига ҳавас қилган, фарзандининг қори бўлишини истаган ота-онага айтадиган биринчи тавсиям – луқма ҳалоллигига эътибор берсин. Ҳаромга яқинлашмасин, ҳалол нарсани ҳам меъ­ёрида истеъмол қилсин. Фарзандини ҳам ҳалол луқма билан вояга етказсин. Домлаларимиз кўча-кўйда бирор нарса еб юрганимизни билиб қолишса, қаттиқ ранжиб: “Сен кеча Қуръондан бир бетни юз маротаба ўқиб ёдлаган бўлсанг, бугун икки юз маротаба ўқисанг ҳам, ёдлай олмайсан. Шубҳали овқат емагин. Зеҳнинг заифлашиб қолади!” деб койишарди.

Шундай улуғ ниятни кўзлаган ота-она олимларни ҳурмат қилсин, уларни яхши кўриб, мухлис бўлсин. Фарзандини ёшлигидан одоб-ахлоқли қилиб тарбия­ласин. Боласининг олдида бир-бири билан жанжаллашмасин, уйда сокинлик ҳукм сурсин. Фарзанд келажакда етук олим бўлиши учун жуда кўп машаққат, саъй-ҳаракат талаб этилади. Аввало, ота-онанинг, сўнгра толиби илмнинг ҳамда устознинг биргаликдаги интилиш ва ҳаракати бўлиши лозим. Шуларнинг бари бириккандагина фарзанд етук олим, қори бўлади. Ота-она масъулиятсизлик қилса ёки талаба илм олишдан бошқа нарсаларга чалғиса, оқсаш кузатилади, мақсадга эришилмайди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг: “Ҳар бир нарсага ҳам бир монелик бўлади-ку, лекин илмнинг монелари кўп бўлади”, деган мазмундаги ҳадислари ҳаммамизни илм олишда собитқадам, бардавом бўлишга ундайди.

 

 Даврон НУРМУҲАММАД  суҳбатлашди.