Эй ўғил! Онангни ранжитма асло!
Ахир у сени деб қилди жон фидо.
Cенинг бахту иқболинг, камолинг тилаб,
Бир умр Холиққа этди илтижо.

Чиллали чақалоқ, заиф тан эдинг,
Сенга боқар эди қувончи чексиз.
Авайлаб, авайлаб бағрига босиб,
Юзингга термулиб йиғларди унсиз.

Тақдири азалдир қудрати Раҳмон,
Онанг дуолари бўлди ижобат.
Мунгли ва меҳрли алласин тинглаб,
Бағри-қучоғида ўсдинг саломат.

Шу зайл орадан ўтди кўп йиллар,
Бўй чўзиб улғайдинг, бўлдинг навқирон.
Лекин заҳматкашинг – бечора онанг
Қадди долу ожиз мисли ногирон.

Воажаб бугун-чи, сен ҳам отасан,
Онангнинг бошига қиров қўнганда.
Болангни эркалаб тинмай ўпасан,
Бир четда қаровсиз онанг турганда...

Боланг ширин, оҳ, бунчалар ширин!
Сен унинг юзига боқиб тўймайсан.
Онанг назарида сен ҳам шундайсан,
Маҳзун нигоҳида меҳри яширин.

Лаблари пичирлар, юраги титрар,
Сен томон боқади маъюс кўзлари.
Яқин бориб кўнгил ила тингласанг,
Сенга яхши дуо унинг сўзлари...

Эй ўғил! Онангни ранжитма асло!
Ахир у сени деб қилди жон фидо.

Абдуллоҳ АБДУЛҚОДИР,
Учкўприк тумани бош имом-хатиби