Абри баҳор ер юзига сув сочмиш,

Гуллар чаман бўлиб чиройин очмиш,

Жаҳон яшилликнинг хирқасин кийиб,

Қодиру яктога ҳамд-сано айтмиш.

 

Меҳрибон Аллоҳ бу қадим оламга,

Гулу райҳонлардан дастурхон ёзмиш.

Шамоллар хушхабар бериб одамга,

Баҳор келди деб, бир-биридан ўзмиш.

 

Дала-дашт қирмизи либослар киймиш,

Минг бир наво ичра булбуллар куймиш,

Ошиқлар юрагин ҳижрон ёндириб,

Маҳбуб висолидан умидлар туймиш.

 

Аҳли дунё қалби сурурдан урмиш,

Аллоҳнинг қудратин такроран кўрмиш.

Кўнгиллар мунаввар шукроналардан,

Кекса-ёш Аллоҳим раҳматин сўрмиш.

 

Раҳмон, раҳм айла, ризқимиз мўл эт,

Лутфу карам бирла қалбимиз кўл эт.

Илоҳи, кечиргил гуноҳларимиз,

Бандангнинг умрини жаннатий йўл эт.

 

Шермурод ДЎНГБОЕВ,

Тошкент шаҳар "Тинчлик"  масжиди имом-хатиби