Ҳақ элчиси, Мустафо, севмай бўлурми Сизни?

Сиз Хотамул анбиё, севмай бўлурми Сизни?

Асҳобга меҳру вафо, севмай бўлурми Сизни?

Зийнати Арши аъло, севмай бўлурми Сизни?

Қуръону суннатга хос, барчаси бизга мерос,

Одоби ҳусни аъло, севмай бўлурми Сизни?

Ота-она, қариндош, фарзанду ёру йўлдош –

Танда жонимдан авло, севмай бўлурми Сизни?

Намоз мўминга меърож, дея амр этдингиз,

Беш вақтга бизлар шайдо, севмай бўлурми Сизни?

Дўстлик, одиллик, ҳаё ҳам илмнинг шаҳрисиз,

Гавҳари нури зиё, севмай бўлурми Сизни?

Ғаним қалбида қўрқув, мағлубдир Сизга шайтон,

Шуҳрати олам аро, севмай бўлурми Сизни?

Жаннат Сизга мунтазир ҳуру ғилмони билан,

Оламлар ичра барно, севмай бўлурми Сизни?

Гар етсам Равзангизга, дардларим эшитгайсиз,

Дардимга олий шифо, севмай бўлурми Сизни?

Аллоҳдан осийларга шафоат сўрагайсиз,

Уммат учун Сиз фидо, севмай бўлурми Сизни?

Кўп чўзилди бу ҳижрон, висолга чорлагайсиз,

Кўз ёшим оқди дарё, севмай бўлурми Сизни?

Сиз Саййидул мурсалин ҳам коинот фахрисиз,

“Ҳулуқин азим” доно, севмай бўлурми Сизни?

 

Донобой ҚОДИРОВ,

Зомин тумани “Ғойиб ота” жомеи имом-хатиби