Илоҳи, элу юртимни кундан-кунга айла фаровон,
Улуғ халқим зафарлар йўлида ҳеч толмаган карвон.
Ки юртимда холислар кўп, кўп эрур марди майдон,
Бу кунлар таърифи сиғмас битилса шеърлару достон,
Бошима Ҳумо янглиғ, шукри беҳадким, соябоним бор,
Мани жону дилим, ҳур диёрим – Ўзбекистоним бор.

Биҳамдиллаҳ, азал халқим лутфи илоҳийга ёрдур,
Элимга адлу меҳр ҳам диёнат, оқибат кордур,
Мусаффо тонгларим, шукрким, тинчлик посбондур,
Саломат қил, ё Илоҳий, дин бу дунё мадоридур.
Бошима Ҳумо янглиғ, шукри беҳадким, соябоним бор,
Мани жону дилим, ҳур диёрим – Ўзбекистоним бор.

Машриқу Мағриб жаҳонни сайр этиб бир неча бор,
Кўрмадим сендек диёр, бағрингда эрк ҳам ҳалол ризқ бор.
Яратгандан сўраб бахту саодат ҳам ривожингни,
Ғуломинг айтадур ашъор танамда токи жоним бор,
Бошима Ҳумо янглиғ, шукри беҳадким, соябоним бор,
Мани жону жаҳоним, мустақил Ўзбекистоним бор.

Ғуломиддин ЭРГАШЕВ,
Тошкент вилояти Зангиота тумани
“Абдуллоҳ ибн Аббос” жоме масжиди имом-хатиби