Бир гуруҳ ҳожилар Маккада бир кун
Давра суҳбат қурдик шукрона учун.
Барча олиб борган совға-саломлар –
Ватандошларга деб ҳадя-инъомлар.
Совға улашилди кўзда ёшлар-ла
Даврадаги барча ватандошларга.
Бир йигит сўради шунда дафъатан:
– Олиб келдингизми юрт тупроғидан?
Ҳамма ҳайрат тўла сукутда қолди,
Қалбларни бир соғинч эгаллаб олди...
Қарангки, қўқонлик бир ҳожи бобо:
– Она юрт тупроғи кўзга тўтиё, –
Деди. Яширгандек гўё жўрттага...
Сўнг бир халтачани қўйди ўртага.
Жами йиғилганлар, ёшмиди-қари
Қўл узатди бирдан халтача сари.
– Ҳой, шошманглар, – деди эҳсон эгаси,
Тенг тақсимлаб берди, олди барчаси.
Шу чоқда бизлардан тупроқ сўраган
Навқирон ул йигит турди ўрнидан:
– Ижозат берсангиз, энди ёр-дўстлар,
Юрт тупроғи ҳақда айтгум бор сўзлар:
Ўтар чоғи отам қилди васият:
“Ўғилгинам, тингла пандим бу соат,
Асл Ватанимдир Турон, Туркистон!
Туғилган жойимдир Фарғона, Қўқон.
Чодак тоғларию Найман сойлари,
Қўқонжон шаҳримнинг кўча-кўйлари.
Олтмиш йил талпинди Ватанга юрак,
Рўёбга чиқмади бу эзгу тилак.
Шўролар ҳукмрон, шуҳрат овоза,
Темирдан девору пўлат дарвоза.
Кириш йўқ, чиқиш йўқ, хату хабар йўқ,
Она юрт соғинчи – юракдаги чўғ.
Ота-онам қабри, хоки-тупроғи...
Бир зиёрат этиш – дил изтироби...
Мен учун қанчалар азиздир, болам!
Ватанга талпинар бу юраккинам...
Бир сиқим тупроғи бўлсайди шу он,
Кўзларимга суриб йиғласам чунон...
Юрт соғинчи, дарди ўртаб беомон,
Умр тугамоқда, қалбимда армон...
Эй ўғлим! Ёдда тут, Ўзбекистоним
Ҳурриятга чиқар – боғу бўстоним.
Ул азиз Ватанга саломимни элт,
Тупроғидан келтир, руҳимни шод эт!
Мен топган бойликлар озмунча эмас,
Аммо кўнглим бугун уларни демас.
Сиқим тупроқ азиз менга баридан –
Отам, онам ётар унинг бағрида...”
Йигит ғамли сўзин тугатгани чоқ,
Барча ватандошлар қалбида титроқ,
Кўзларидан қайноқ ёшлар оқарди,
“Ҳадя” келтирганга мамнун боқарди...

Абдуллоҳ ҳожи АБДУЛҚОДИР,
Учкўприк туманидаги “Қораянтоқ” жоме масжиди имом-хатиби