Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Сирдарё вилояти вакили

Мўминжон Усмонов билан суҳбат

 

– Домла, суҳбатимиз бошида вилоят имом-хатиблари олиб бораётган хайрли ишлар, мусулмонлар учун масжидларда яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида тўхталсангиз.

– Советлар даврида диний ва миллий байрамларни нишонлаш, маросимларни ўтказишга йўл қўйилмас эди. Алҳамдулиллаҳ, ис­тиқлолимиз туфайли қад­риятларимиз тикланди. Бай­рамлар байрамларга улан­моқда. Яқиндагина Қур­бон ҳайитини нишонлаган бўлсак, саккизинчи декабр Ўзбекистон Рес­пуб­ликаси Конституция­си қабул қилинганига ўн тўққиз йил тўлди. Динимиз ҳукмларида қайта-қайта таъкидланган ота-она, қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар ҳақ-ҳуқуқ­ларини билиш, кам таъминланган оилаларга беғараз ёрдам беришдек яхши одатлар кенг ёйиляпти.

Бир вақтлар вилоятимизда бор-йўғи тўртта масжид бўлган. Ҳозир ибодат қилувчилар учун расмий фаолият юритаётган етмиш учта жоме бор. Уларнинг барчасида малакали имомлар хизмат қиляпти. Масжидларда ўзгаришлар катта, йилдан-йилга шароитлар яхшиланиб бормоқда. Яқинда “Гулистон” жомеъ масжидининг янги биноси ҳам фойдаланишга топширилди. Айниқса, таҳоратхоналар замонавий жиҳозлар билан таъмир этилиб, қулай шароит яратилаётганидан халқимиз мамнун. Айни пайтда Оқ олтин, Сайхунобод, Мирзаобод, Ховос, Сирдарё, Сардоба туманларидаги масжидларда таъмирлаш ишлари кетяпти.

– Шаръий масалаларни оммага етказиш, бидъат-хурофотларнинг олдини олиш учун имом-хатиблардан изланиш, меҳнат талаб қилинади. Айниқса, ёт ғоялар таъсиридан ҳимояланиш учун халқимизнинг эътиқоди соф ва мустаҳкам бўлиши керак...

– Албатта, диний масалаларни халққа тўғрилигича етказиш имом-хатибларнинг елкасига бир қадар масъулият юклайди. Айниқса, эътиқод ибодатларнинг ўзаги, асоси бўлиб, у тўғри бўлмаса,  амалларда мазмун йўқ. Яъни, қийшиқ пой­деворнинг устига қанча мустаҳкам баланд девор кўтармайлик, у бир кун қу­лайди. Шунга ўхшаш имон-эътиқодда адашишнинг оқибати хатарли. Тарихга қаралса, айнан ақида масалаларида янглишган турли тоифалар халқ тинчини бузган, кўплаб тартибсизликларга сабаб бўлган.

Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Ҳақиқий мўминлар Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига имон  келтириб, сўнгра шубҳа қилмаган ва моллари ва жонлари билан Аллоҳ йўлида жиҳод қилган зотлардир. Айнан ўшаларгина (имонларида) содиқдирлар”(Ҳужурот, 15).

Ёт оқимлар таъсирига тушиб қолган инсонларнинг оила-аъзолари билан ҳам алоҳида самимий суҳбатлар ўтказишни жорий қилдик. Айниқса, ёшларга ғаразли мақсаддаги оқимлар алдовига учмаслик­ларини ҳамда аср вабоси – гиёҳвандлик, кашандалик, спиртли ичимликлар истеъмол қилишнинг зарарларию ёмон оқибатларини тушунтиряпмиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Фарзандларингизга шаръан буюрилган ва қайтарилган нарсаларга риоя қилишни айтинглар, ана шу ишларинг уларни дўзахдан сақлаганларинг бўлади” (Ибн Жарир ривояти).

Ёшлар тарбиясидаги энг биринчи ҳимоячи, йўл-йўриқ кўрсатувчи ота-она бўлади. Чунки бола тасаввурида одоб-ахлоқ намуналари, яхшилик уруғлари оилада шаклланади. Эътибордан четда қолдирилган фарзанд эса ёмон муҳит таъсирига тушиши табиий. Оқибатда эса нафс қурбонига айланиб, ҳаётини издан чиқариши ҳеч гапмас.

– Донишмандлар: “Ўқиш, ўрганиш ила илм эгалланади. Билимли, маърифатли инсон эса ёмонлик қилмайди” дейишади. Ҳозир ҳар бир муассаса ва ташкилотларнинг кутубхоналари бор. Жумладан, масжидлар кутубхонасини ҳам диний-дунёвий китоблар билан бойитишга ҳаракат қиляпмиз. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг нашри “Ҳидоят” журнали ва “Ислом нури” газеталарига обуналар давом этяпти...

– Китоб илм манбаи, мутоала қилмаган инсон маънавият, маърифатдан узоқлашади. Ҳозир ҳар бир даргоҳда китобхон учун шароит етарли. Йилдан-йилга даврий нашрлар сони ортиб, савияси яхшиланиб бормоқда. Шулар қатори диний нашрлар “Ислом нури” газетаси ва “Ҳидоят” журнали ойма-ой мухлислар хонадонига етиб бормоқда. Нашр­ларда берилаётган мақолалар мазмуни, савияси ўқувчилар эътиборида. Ҳар сонини интиқ бўлиб, ўқийдиган журналхонларимиз кўп. Нашрларимиз диний, ижтимоий, тарихий, ахборий рукнлари билан қизиқарли. Ўқувчи биратўла масала, ҳадис, тафсирлар мисолида ибратли воқеалар, янгиликлардан ҳам хабардор бўлишяпти.

Ўқувчилар сонининг ортиши халқимизнинг диний билимларга чанқоқлиги ва маънавияти юксалаётганидан даракдир. Имом-хатиб­лар оммани ушбу даврий нашрлар фаолияти билан яқиндан таништириб боришса, инсонлар маънавий озуқа олишида яна бир ёрдам бўлади. Ўқиганлар эса савобга эришадилар. Қолаверса, халқнинг тараққий этиши ва комил инсонлар йўлидан боришига сабабчи бўламиз.

Имом-хатиблар билан ўтган йиғилишимизда шу масалада суҳбат ташкил қилдик. Бу йилги мавсумда ўқувчиларимиз сони янада кўпаяди, иншааллоҳ.

Абдувоҳид ЎРОЗОВ суҳбатлашди.