Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили Юсуфхон МУҲИДДИНОВ билан суҳбат

 

Домла, вилоят вакили этиб тайинланганингизга ҳам бир йил бўлай деб қолди. Бу қисқа вақт ичида қандай ишлар қилинди ва нималар режада турибди?

– Энг биринчи, жойларга бориб, масжидларнинг шарт-шароитлари ва имом-хатиб­лар фаолияти билан танишдик. Ибодат қилувчиларга қулайлик яратиш мақсадида замон талаби асосида дастурлар ишлаб чиқиб, шу тизим асосида иш бошладик. Айни пайтда воҳадаги ўттиз саккизта масжидда таъмирлаш, таҳоратхоналарини янгилаш ишлари бошлаб юборилган. Пойтахтимиз масжидларидаги каби қулай шароитлар бизда ҳам бўлаётганидан аҳоли мамнун. Воҳамиз халқи кўпроқ тарқоқ ҳудудларда жойлашган бўлса-да, илмга ташна улар. Маънавий озуқа берадиган адабиётлар, диний нашрларга аҳолининг қизиқишлари тобора ортмоқда. Имом-хатибларимиз маърузалар қилиб ҳар бир киши мус­тақил фикрга эга бўлиши ва мақсадли яшаши кераклигини уқтиришяпти.

– Суҳбатимизни одоб-ахлоқ ва оила муносабатлари мавзуида давом эттирсак. Ёшларнинг турмуш қуришга тайёрлиги қай даражада, улар никоҳ ва талоқ каби фиқҳий масалаларда ҳам тушунчаларга эгами?

– Илм билан одоб эгизакдир, бири бўлмаган жойда иккинчиси ҳам яшамайди. Тарозида энг кўп оғир келадиган амал гўзал хулқ бўлса, илм Аллоҳнинг ҳузуридаги даражадир. Абу Заррга (розийаллоҳу анҳу) Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) қайси водийдалиги маълум бўлгач, укасига уловда бориб, у зотнинг гапларини эшитиб келишини тайинлайди. Укаси қайтиб келиб: “У зотни кўрдим, одамларни гўзал ахлоқли бўлишга буюраётган эканлар, дейди” (Имом Бухорий).

Кўп ҳолларда арзимаган жанжал сабабли билиб-билмай, охирини ўйламасдан, Аршни ларзага келтирадиган, тилга олиш мумкин бўлмаган сўзни (талоқ) айтиб қўйишмоқда. Бу каби совуқ муносабатлар кўпроқ илмсиз, ахлоқсиз ёшлар ўртасида ёки диний масалалардан тушунчаси йўқ хонадон фарзандлари орасида юзага келади.

Ҳатто никоҳини буткул янгилаб бўлмас ҳолга тушаётганлар ҳам йўқ эмас. Бироз вақт ўтгач эса қилган ишидан пушаймон бўлишади, аммо кеч, ўртада тирик етим бўлган гуноҳсиз фарзандларнинг уволига қолишади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (имонда) содиқ кишилар билан бирга бўлингиз” (Тавба, 119).

Тўғри, шаръий масалаларда ҳам ёшларнинг бундан ўн-ўн беш йил олдингидан кўра илми, дунёқараши анча такомиллашгани сезилади. Энг олдин ота-она фарзандига ёшлик пайтиданоқ доно маслаҳатларию тажрибаларини сўзлашлари ҳамда ҳаётда учраши мумкин ҳар қандай кўнгилсизликка тайёр туришларини сингдириб боришлари лозим.

Имкон қадар одоб-ахлоқ ва никоҳ муносабатлари тўғрисида маҳаллалар билан ҳамкорликда тадбирлар ўтказиб турибмиз. Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идорасидан юборилаётган тезис мавзуларида ҳам оилавий масалаларга кенг ўрин бериляпти. Никоҳ ўқилиш пайтида ҳам келин-куёвга никоҳ бу – Аллоҳга гувоҳлар ҳузурида айтиладиган муқаддас аҳд эканини тушунтириб, йўл-йўриқлар кўрсатиб, маслаҳатлар бер­япмиз.

– Домла, Рамазон файзи, қўшалоқ байрамларимиз шукуҳи, шодлиги ҳамон бизни тарк этганича йўқ. Ўзгача интиқлик ва тараддуд ила кутилган байрам уюшқоқлик билан ўтказилди...

– Ҳа, юртимиз мус­тақиллигининг йигирма йиллигини ва Рамазон ҳайитини яхши кутиб олиш ҳақида маърузалар қилдик. Ҳеч қандай бойликка алмаштириб бўлмайдиган тинчлик-хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик неъматидан, иншааллоҳ, халқимиз баҳраманд. Ўтган йигирма йил ичида қилинган ишлар ҳисобини сўзлашга тил ожиз. Тарихий обидалар, ёдгорликлар қадр топиб, таъмирланди ва янги замонавий иншоотлар қад ростлади. Бунинг учун фақат шукр қиламиз.

“Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик” йилида қабул қилган иш режаларимиз асосида жойларда юрт ободлиги учун ҳаракатлар давом этяпти. Қўшма тадбирлар иш режасини ҳам тузганмиз. Вазифамиз маънавий муҳитни шакллантириш ёшлар онгида Ватан туйғусини қарор топтиришдан иборат.

– Ўтган йили вилоятда “Ҳидоят” журнали, “Ислом нури” газетасига обуна суст бўлди. Сабаблари ўрганилганида, ҳар бир сони баъзи мухлисларга вақтида етказиб берилмаётгани маълум бўлган эди...

– Ўтган мавсумда йўл қўйилган хатоларни тузатиш ҳаракатидамиз. Баъзи масжидларда обунага эътибор берилмаган, тушунтириш ишлари яхши йўлга қўйилмаган. Йил бошидагидан обуначиларимиз сони ҳозир анча ортди.

Имом домлаларимиз, отинойилар ва маҳалла маслаҳатчилари ҳам жойларга боришганида нашр­лар билан аҳолини таниш­тириш­моқда. Журнал ва ­газета саҳифаларида ақи­да ва одоб-ахлоқ масала­ларининг ёритилиши айниқса “Тафсир”, “Ҳадис шарҳи”, “Ислом сабоқ­лари”, “Долзарб мавзу” ва “Аёллар саҳифаси” каби рукнларда берилаёт­ган ранг-баранг мақолалар­дан ўқувчиларимиз мамнун. Чунки соф эътиқод бўлмаган, шариатга амал қилинмаган масканда ёмон ишлар, ноҳақлик, бузғунчиликлар ва ёт оқимларга ўралашиб қо­лиш ҳоллари юз беради. Шунинг учун домлаларимиз, отинойиларимиз эл орасида соф исломий эътиқод тушунчаларини кенг ёйишга ҳаракат қилишяпти.

 

Абдувоҳид ЎРОЗОВ ёзиб олди.