"Мен нима учун ризқимни қувайки, у мендан бошқасига насиб этмаса. Мен нима учун унинг келмаганидан афсусланайки, у меники бўлмаса?!"

Ҳасан БАСРИЙ

Қуръони каримда бундай баён қилинади: “Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур. Ҳаммаси аниқ Китоб (Лавҳул-маҳфуз)да (ёзилган)дир”(Ҳуд, 6).

Ризқ ҳақида ҳадиси шарифда эса бундай дейилган: "Ҳақиқатан, сизлардан ҳар бир кишининг яратилиши онасининг қорнида қирқ кун ичида томчи сув (нутфа) ҳолида амалга ошади. Сўнг шунча муддат ичида лахта қон (алақ), яна шунча вақт ичида бир парча гўшт (музға) ҳолида бўлади. Кейин унга бир фаришта юборилади ва ўша фаришта унга жон пуркайди. Сўнгра фариштага шу инсоннинг тақдирига тааллуқли бўлган тўрт нарсани – ризқи, ажали, амали ҳамда толесиз ёки толели эканини ёзиш буюрилади" (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд ривояти).

Ояти карима ва ҳадиси шарифдан англашиладики, банданинг ризқини бергувчи зот Аллоҳ! Мусулмон киши шуни англаган ҳолда ризқни ҳалол йўллар билан топишга интилиши лозим. Зеро, ризқ албатта ўз соҳибини топади.

Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Али отасидан ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй одамлар, Аллоҳга қасамки, мен сизларни фақат Аллоҳ буюрган нарсагагина буюриб, Аллоҳ қайтарган нарсадан қайтараман. (Ризқларингизни) чиройли суратда талаб қилинг­лар! Абулқосимнинг жони изнида бўлган Зотга қасамки, ҳар бирингизнинг ризқи уни ажали қидирганидек қидиради..." (Имом Табароний).

Кишининг ажалдан қочиб қутулиши мумкин бўлмаганидек, битилган ризқдан ҳам тониб бўлмайди. Инсон ҳар қанча интилмасин, ўзига буюрилмаган нарсани қўлга киритолмайди. Аллоҳ тақдир қилган ризқнинг келиши бирон сабабга кўра кечикса, шош­қалоқлик, сабрсизлик қилиб, унга ҳар хил гуноҳ ва ношаръий йўллар билан эмас, балки ҳалол воситалар орқали эришишга ҳаракат қилмоғи керак.

Машҳур бир ривоят бор. Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) отини бир аъробийга топшириб, масжид­га кирдилар. Қайтиб чиққач, бу одамга беш дирҳам беришни дилларига тугиб қўйдилар.

От топширилган аробийнинг эса фикри бузилди, отнинг эгар-жабдуғини беш дирҳамга сотиб юборди.

Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) қайтиб чиқиб, эгарсиз отни етаклаб йўлда кетарканлар, эгар-жабдуқларини бир савдогарнинг олдида кўриб, танидилар ва сотиб олдилар.

Қиссадан ҳисса шуки, аъробийга ўша беш дирҳам ризқ қилиб битилган эди. У шошилди ва ризқни ҳаром йўл билан қўлга киритди. Агар бир оз сабр қилиб, омонатга топширилган от ва эгарга хиёнат қилмаганида эди, қўлга киритган дирҳамлари ҳалол бўларди.

Агар ҳар банда ўзи учун белгилан­ган ризқи борлигини анг­лаб, хотиржамлик билан унинг талаби­да бўлса, ҳаром йўлларга кириб кетмаса, Аллоҳ таолонинг синовидан яхши ўтади. Яъни, ризқдан ноумид бўлмасдан, ҳалол йўллар билан касб-корни чиройли суратда олиб бориш лозимдир.

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай ривоят қилади: “Албатта, Аллоҳ касб-кор қилувчи мўмин бандани яхши кўради” (Имом Табароний, Ибн Адий, Ҳаким Термизий ва Байҳақий ривояти).

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилган бошқа бир ҳадисда: “Дангаса тижорат­чи маҳрум, шижоатли тижоратчи эса ризқланувчидир” (Қузоъий ривояти), дейилади. Яъни, банданинг ризқи албатта келади. Фақат буни айрича тушу­ниб, "олма пиш, оғзимга туш", деб ўтириш тўғри бўлмас экан.

Банданинг ризқ талаб қилиш­даги ҳолати – ҳаракатчанлиги ёки дангасалиги унинг ризқи кенг ёки тор бўлишига сабаб бўлади. Ҳадис­да таъкид­ланганидек, дангаса тижоратчи лаёқатсизлиги боис келиши мумкин бўлган даромадлардан маҳрум бўлади. Ҳаракатчан тижоратчи эса яхши нияти билан ҳаракат қилади ва ишларини пухта, мукаммал дара­жада маромига етказиб амал­га оширади. Натижада кенг ризққа эга бўлади. Шундай экан, бизлар­дан лозими ризқ талабида юрган­­да, аввало унинг муқаррар келишига ишонч ва берилган ризққа рози бўлишдир.

Аллоҳ таоло барчамизни ризқ талабида нотўғри йўлларга кириб қолишдан сақласин!

 

Эргашали МИРЗАЕВ,

Тошкент шаҳар "Абдуллоҳ ибн Масъуд" жоме масжиди имом-хатиби