Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент вилояти вакили Хайрулла ТУРМАТОВ билан суҳбат

 

Домла, юртимизда ҳар бир йилнинг алоҳида бир ном билан аталиб, муҳим ишларга эътибор қаратилаётгани барча соҳа вакиллари қатори диний ходимларнинг ҳам эзгу ишларни кўпайтиришига қўл келмоқда. Жорий йилимиз олиб борилаётган яхши ишларнинг мантиқий давомида “Кексаларни эъзозлаш йили” деб номланди...

 

– Албатта, муҳтарам Юртбошимизнинг ушбу таклифлари айни халқимиз кўнглидаги иш бўлди. Зеро, пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳам бир муборак ҳадиси шарифларида: “Барака кексаларингиз билан биргадир”, деб марҳамат қилганлар. Уйларида кекса онаси ёки отаси бор бўлган инсон нақадар бахтли. Хонадонларимиздаги баракот устуни, раҳмат василаси, ғаму ташвишлардан омон бўлишимизга сабабчи зотлар ҳам ана ўша кексаларимиздир. Улар бизнинг дуогўйларимиз, йўлбошчиларимиз, насиҳатгўйларимиз ва меҳрибонларимиздир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган чорва ҳайвонлари ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида, балолар бошингизга селдай оқиб келарди”, деб марҳамат қилганлар.

Тошкент вилояти вакиллиги ходимлари ҳам “Кексаларни эъзозлаш йили” муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг режасига мувофиқ қатор хайрли ишларни йил давомида амалга оширишни белгилаб олди. Мазкур дастурда вилоятдаги барча имом-хатиб­лар маросим ва тадбирларда қатнашиб, кексаларни улуғлаш, ота-оналарни қадрлаш фарзлиги, уларни ранжитишдан сақланиш, уларни авайлаб-асраш азалий қадриятлармиздан эканини ёшлар онгига сингдириб боришларига алоҳида урғу берилган. Шунингдек, ҳар бир имом-хатиб ўз ҳудудидаги ёши улуғ инсонларга иззат-ҳурмат кўрсатиши, ёлғиз қария ва беморлар ҳолидан мунтазам хабар олиб туриши белгилаб қўйилган.

 

Вилоят масжидларидаги ободончилик ишлари ҳақида гапирсангиз...

 

– Ҳозир вилоятда икки юз йигирма битта жоме масжиди ишлаб турибди. Жоме масжидларни замон талабида таъмирлаш ва намозхонлар учун қулай шарт-шароитлар яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ўтган йили ўн олтита жоме хонақоҳи ва тўртта масжид биноси мукаммал таъмирланди. Ўттиз иккита масжиднинг таҳоратхонаси замонавий усулда қайта қурилди.

Юртдошларимизга яхши маълум, Занги ота масжиди ҳудудида ҳам кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилган эди. Мингдан ортиқ намозхонни бағрига олувчи масжид шарқона меъморчилик услубида қайта қурилди. Майдонга экилган арчалар ва манзарали дарахтлар масжидга, зиёратгоҳга ўзгача ҳусн бахш этади. Кенг, шинам, замон талабларига мос янги таҳоратхона намозхонларга катта қулайликдир.

 

Сиз имом-хатибларда қайси фазилатлар бўлишини истайсиз? Вилоят бош имом-хатиби сифатида ўзаро йиғинларда, юзма-юз суҳбатларда уларга нималарни кўпроқ тайинлайсиз?

 

– Жамиятдаги ижтимоий воқеа-ҳодисаларга имом-хатибларнинг дахли йўқ, деган замонлар ортда қолди. Маълумки, имом ўз жамоасининг маънавий тарбия, одоб-ахлоқ ва инсоний фазилатлар билан зийнатланишида асосий кўмакчи ва холис хизматчидир. Улар бугунги глобаллашув жараёнида пайдо бўлаётган ўзгаришларни таҳлил қила оладиган ва уларга муносабат билдирадиган даражадаги салоҳиятга эга бўлишлари лозим. Бунинг учун улар диний ва дунёвий илмларни пухта эгаллашлари ва мунтазам равишда воқеликлардан хабардор бўлишлари давр тақозосидир. Имом Бухорий халқаро марказининг ташкил этилишидан ҳам айнан шу мақсад кўзланган.

Бугун қўпорувчилик ва террор каби хавф-хатар билан бирга мамлакатимизга соя солаётган тахдидлардан яна бири – “оммавий маданият” деб номланувчи иллат ҳам борки, у ўзлигимизни, диний ва миллий қадриятларни, халқимизга хос ҳаё, андиша, иффат каби фазилатларни ҳамда асрлар давомида шаклланган анъаналаримизни йўқ қилишга қаратилган. Миссионерлик хатари ҳаммасидан ҳам ошиб тушади. Вилоятимизнинг чекка ҳудудларида бундан бир неча йиллар илгари миссионерлик фаолияти ҳам кузатилган. Алдов ва найрангларга учиб, бошқа динга эргашиб кетиш не-не аянчли оқибатларни келтириб чиқариши сир эмас. Мазкур иллатларга қарши курашишда имом-хатибларимиз катта масъулият ҳис этиши шарт. Шунинг учун мен, энг аввало, имом-хатиб фидойи бўлиши лозим, деб ҳисоблайман. Ватани, халқи, дини, миллати ва маънавиятини асраш йўлида бугун имом-хатиб­ларимиздан катта фидойилик талаб қилинади.

Муҳтарам Юртбошимиз 2015 йил 22 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси сенатининг биринчи мажлисида таъкидлаганларидек, бугун ён атрофимизда, қўшни давлатларда юз бераётган ҳодисалардан, динни ниқоб қилиб қўпорувчилик содир этаётган ташкилотларнинг хунрезликларидан тегишли хулосалар чиқармоғимиз зарур. Чунки биз қайси соҳа вакили бўлмайлик, бизни умумхалқ, умумдавлат ва умуммиллат манфаатлари бирлаштириб туради.

Имом-хатиблар учун энг асосий масъулият бу меҳроб масъулиятидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан мерос қолган меҳроб нақадар табаррук мақом экани, унда фақат муносиб ворисгина туришга ҳақли эканини унутмаслик керак. Яна имом-хатибларимиз илмларига амал қилиб, буюк ахлоқий ва инсоний фазилатлар соҳиби ўлароқ ҳар бир ўринда халққа ўрнак ва намуна бўлишлари лозим. Чунки имом-хатиб доим элнинг назарида бўлади. Бу борада ёши катта тажрибали имомларимиз ёшларни ёнларига олиб, одамлар билан муомала қилишни, халқнинг ичига кириш маданиятини астойдил ўргатишлари керак. Ўз ўрнида ёшлар ҳам устозлар ибрати ва ўгитларидан унумли фойдаланишлари зарур.

 

– “Ҳидоят”нинг мухлиси сифатида фикрингиз, таклифларингизни билишни истаймиз...

 

– “Ҳидоят”да берилаётган мақолалар илм-маърифатдан томчилардир. Журнал саҳифаларида содда ва теран ёритилган мавзулар жума мавъизаларимизда бизга жуда қўл келади. Журналда уламоларимизнинг эътиқодий масалалардаги чиқишлари кўпайса, қолаверса, юртимиздан етишиб чиққан беназир фақиҳлар ҳаёти, долзарб фиқҳий масалалар янада кўпроқ ёритилишини истардим.

 

Муҳаммад СИДДДИҚ суҳбатлашди.