Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Хоразм вилоятидаги вакили Даврон Абдулқодиров билан суҳбат

Ёшлар тарбияси барча давр ва маконларда энг долзарб масалалардан саналади. Бу борада дин ходими сифатида сизни нималар ташвишга соляпти?

– Менимча, бугунги ёшлар жуда бахтли авлод. Чунки уларга юртимизда илм олиш, касб-ҳунар ўрганиш учун барча шароитлар етарли. Аввало мени бир нарса қувонтиради: мазкур имкониятлардан унумли фойдаланган ўғил-қизларимиз ҳар қачонгидан ақллироқ, билимдонроқ ва қатъиятлироқ туюлади. Уларнинг илм-фан ва эътиқодда, миллат ва Ватан қайғусида дунёдаги тенгдошлари билан бўйлашаётганлари ҳам ҳақиқат.

Аммо булар хотиржамликка асос бўлолмайди. Дунёдаги ёвуз кучлар мустақил мамлакатимиз ёшлари қалби ва онгига эгалик қилиш учун кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ҳийла-найрангларни ўйлаб топишяпти, фитналар қилишяпти, ҳақ йўлдан чалғитиш учун бор воситаларни ишга солишяпти. Гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, ахлоқий бузуқликлар, турли оқимлар ва миссионерларнинг хуружлари ҳар томондан уларга хавф солаётир. Бундай шароитда ёшларимизни турли зарарли иллат ва мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш, уларнинг сохта ғоя ва бузуқликлар домига тушиб қолмасликлари масъулияти нафақат дин ходимлари, балки жамиятнинг барча ижтимоий жабҳалари зиммасига тушади.

Мафкуравий хуружлар ҳақида гапирдингиз. Бугунги кунда бузғунчи тоифалар, жумладан, ИШИД аъзоларининг фитнасидан огоҳ бўлиш бутун дунё жамоатчилиги олдида турган муҳим устувор масалалардан бири бўлиб қолмоқда...

– Инсон ақли бовар қилмайдиган қабиҳ ишлари билан бутун дунё халқларининг нафратига сазовор бўлаётган ИШИД аъзоларининг динимиз асл моҳиятини бузиб, ўз манфаатлари ва қабиҳ режалари йўлида фойдаланишга уринишлари тобора авж оляпти.

ИШИД аъзолари одамлар, хусусан, ёшлар онгига таъсир ўтказишга зўр беришмоқда. Чет элларга ишлаш учун кетган айрим юртдошларимиз ҳам террорчи тўдаларга қўшилиб қолаётгани ачинарли ҳол.

Муҳтарам Юртбошимизнинг “Аллоҳ қалбимизда, юрагимизда” китобида айтиб ўтилганидай: “Бу ёвуз кимсалар ҳали онги шаклланиб улгурмаган, тажрибасиз, ғўр ёшларни ўз тузоғига илинтириб, бош-кўзини айлантириб, улардан ўзларининг ифлос мақсадлари йўлида фойдаланмоқда. Бу эса Исломнинг инсонпарварлик ғояларини обрўсизлантиришга сабаб бўлмоқда”. Террорчи тўдалар дастидан тинч аҳоли ҳаёти издан чиқди, шаҳар ва қишлоқлар вайронага айланди. Қанчадан-қанча норасида гўдаклар ўлдирилиб, аёллар қул қилиб сотиб юборилди.

Глобаллашув даврида ҳар қандай воқеа-ҳодисани биздан йироқда, деб бўлмайди. Шу боисдан, мамлакатимизда юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, ўсиб келаётган ёш авлод келажагини мустаҳкамлаш, уларни турли хил фитналардан огоҳ этиш, ватан муҳаббати каби улуғ туйғуларни сингдириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу йўналишдаги ишларимизда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, исломшунос олим Айдарбек Тулеповнинг “ИШИД фитнаси” номли китоби биз учун муҳим қўлланма бўлди. ИШИД аъзоларининг асл башараларини одамларга танитишда бу асардан унумли фойдаланяпмиз.

Вилоятимизда бугунги кунда 97 та жоме масжиди ишлаб турибди. Имом-хатибларимиз мактаблар, олийгоҳлар, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати шаҳар ва туман кенгаши ходимлари, “Нуроний” жамғармаси, Маънавият тарғибот маркази ходимлари билан ҳамкорликда мафкуравий таҳдидларнинг олдини олиш бўйича кенг тарғибот-тушунтириш ишларини олиб боришяпти.

Имом-домлалар ИШИД террорчиларининг асл мақсадларини фош этиб, уларнинг олиб бораётган ишлари динимиз аҳкомларига асло мос келмаслиги, улар “Ислом давлати” ниқобида “учинчи қўл”нинг буюртмасини бажараётгани, давлат бошқарувини қўлга киритишга уринаётгани ва бу ҳаракатлар замирида фақат манфаат, бойлик истаги ётгани, уларнинг мақсадлари тинчлик ва осойишталикка раҳна солиш, миллатлараро ва динлараро бирдамликка путур етказиш эканини аниқ далиллар билан ёритиб бераётир.

Вилоятимизнинг чегара ҳудуд туманларида ҳам таниқли имом-домлалар жалб этилиб, режа асосида қишлоқ, овул, маҳаллаларда учрашувлар ташкил қилиниб, турли оқимлар, одам савдосига қарши кураш ва миссионерлик хуружлари ҳақида суҳбатлар ўтказиляпти.

Динимиз мўминларни барчага бирдек яхшилик қилишга буюради. Зеро, мусулмонни бу фазилатдан айро тасаввур этиш қийин. Вакилликда олиб борилаётган хайрия ишлари ҳақида гапирсангиз...

– Эзгуликнинг катта-кичиги йўқ. Қўшни билан тотув бўлиш, бировларга озор беришдан сақланиш, фарзандларга меҳр кўрсатиш, атрофдагиларга чиройли муомала қилиш, ҳатто табассум билан қараш хам яхшиликдир. Одамларнинг қувончларига шерик, мусибатларига ҳамдард бўлиш, ёрдамлашиш, беморлигида ҳол сўраш юксак фазилат. Ҳадисларда мўминнинг тилидан ҳам, қўлидан ҳам бошқалар озор кўрмайди, дейилади. Санайверсак, динимиз буюрган эзгу ишларнинг саноғи йўқ. Айнан шу фазилатлар халқимиз қон-қонига сингиб кетгани боис юртимизда бағрикенглик, тинчлик муҳити юзага келган.

Ҳозир вакиллик ташаббуси билан жойларда “Кексалар – фахримиз” шиори остида хайрли ишлар қилинмоқда. Туманлардаги имом-хатибларимиз ҳомийларни жалб қилган ҳолда кекса, ёлғиз қариялар, ногиронлар ҳолидан хабар олиб моддий ва маънавий кўмак бераётир.

Жорий йилда 169 та кам таъминланган оила ва 3 та мурувват уйига салкам саккиз миллион сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди.

Вилоятимиз аҳолиси турли миллат вакилларидан иборат эканини инобатга олиб Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан маданият марказлари билан келишган ҳолда турли миллат вакилларидан иборат бўлган 22 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга бир миллион сўм хайрия қилинди.

Жоме масжидларини обод қилиш борасида Хоразм вилоятида қилинаётган ишлар ҳақида айтиб ўтсангиз...

– Бугун юртимизда ривожланиш яхши. Шаҳарларимиз обод, кўркам бўляпти. Шулар қаторида жоме масжидларимиз ҳам кундан-кун чирой очиб бораётир.

Жоме масжидларимизда намозхонларга қулай шароитлар яратилмоқда. Намозхонлар талаб ва истагидан келиб чиқиб, оммавий ахборот воситалари, газета ва журналлар, диний мазмундаги адабиётлардан кутубхоналар ташкил этилган.

Ўтган йили Ҳазорасп туманидаги “Шайх Қосим бобо” жоме масжиди тўла қайта таъмирланди. Қўшимча ва маъмурий бинолар, шинам ва шарқона услубда шийпонлар қурилди. Урганч шаҳридаги “Кўзли ота” масжидида ҳам қурилиш ишлари якунланди. Урганч шаҳридаги “Охун бобо” ҳамда Хивадаги “Сайидниёз шоликор” жоме масжидларида қайта таъмирлаш ишлари бошлаб юборилади.

Мухбиримиз Муҳаммад СИДДИҚ суҳбатлашди.