Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Сурхондарё вилоятидаги вакили Эргашали Рустамов билан суҳбат

– Домла, ҳадемай муборак Рамазон ойи бошланади. Бу ойнинг фазилатлари, вилоят масжидларида Рамазонга тайёргарликнинг бориши ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғам­баримиз (а.с.)га саловоту саломлар бўлсин. Ҳар бир мўмин муборак Рамазон бошланишини орзиқиб кутади. Куръони каримнинг Рамазон ойида нозил қилина бошланиши бу ойнинг нақадар улуғлигига далолат. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Рамазон ойи одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир” (Бақара, 185).

Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу муборак ойнинг ташрифи ҳақида марҳамат қилиб: “Бу ойда жаннат эшиклари очилади, жаҳаннамнинг эшиклари эса беркитилади, шайтонлар кишанланади”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: “Одам боласининг барча амаллари ўзи учун, аммо рўза Мен учун. Унинг мукофотини Ўзим бераман”, деб марҳамат қилади (Имом Бухорий ривояти).

Рўза банданинг тақвосини оширадиган омиллардан биридир. У инсонни улуғ мартабага кўтаради. Бой-камбағал, шоҳу гадо, ҳамма-ҳаммани бир қаторга қўяди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Сурхондарё вилоятидаги вакиллиги ходимлари ҳам Рамазон ойини муносиб кутиб олиш учун тайёргарлик ишларини бошлаб юборган. Жоме масжидларида таровеҳ намозларини ўқиш учун шароитлар етарли. Вилоятдаги етмиш еттита масжиддан қирққа яқинида хатми Қуръон ўқилади. Уларга тажрибали қорилар жал­б­ қилинган.

Албатта, Рамазон хайру эҳсон ойи. Эзгуликка ташна халқимиз бу ойда янада саховатли бўлиб кетади. Вилоятдаги жоме масжидлар имом-хатиблари ҳомийлар кўмагида Рамазонда бир қанча савобли ишларни амалга оширадилар. Вакиллик ходимлари кам таъминланган оилаларга, кекса, ногирон, боқувчисини йўқотган, ёлғиз қарияларга ҳомийлар кўмагида ўтган йили Рамазон ҳайити арафасида беш миллион сўмга яқин беминнат ёрдам кўрсатди. Хайру эҳсонларимизни бу йил янада кўпайтиришга ҳаракат қиламиз.

Ҳозир вилоятда бир юз тўқсон беш нафар иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, юзлаб меҳнат фахрийлари истиқомат қилади. Кексаларни эъзозлаш йилида вакиллик ходимлари доим уларнинг ҳолидан хабардор. Хотира ва қадрлаш кунида “Ҳеч ким меҳр-муравватдан четда қолмайди” шиори остида тадбирлар ташкил этилди. Кексалар, беморлар, ногиронларга шодлик, қувонч улашилди.

– Сурхондарё юртимизнинг чегара ҳудудларида жойлашган. Албатта, бу ҳолат вакиллик ходимларига ҳам бир қанча масъулият юклайди. Мамлакатимиз ривожига соя солаётган турли таҳдидлар, ёт ғояларнинг кириб келишига қарши олиб борилаётган тадбирлар ҳақида гапирсангиз.

– Ҳозир имом-домлаларимиз жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ёшлар маънавиятини юксалтириш, турли бузғунчи ғояларнинг улар онгига сингишининг олдини олиш бўйича тадбирлар ташкил этишга жиддий эътибор беришмоқда. Хусусан, вилоятдаги институт, коллеж, академик лицей ва мактабларда экстремизм ва терроризм, ниқоби остида ёшларимиз ҳаётига кириб келаётган “оммавий маъданият”, гиёҳвандлик, одам савдоси каби иллатларнинг зарарли оқибатлари тўғрисида кенг миқёсда маънавий-маърифий тадбирлар ташкил қилиняпти. Қолаверса, оммавий ахборот воситаларида турли мавзуларга бағишланган маърифий мақолалар ҳам эълон қилиб борил­яптики, бу ҳам аҳоли ўртасида соғлом муҳитни қарор топтиришга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Вакиллик тасарруфида иш бошлаган surxonmuslim.uz сайтида мунтазам мақола ва янгиликлар бериб борилмоқда. Бу борада имом-хатибларимизнинг малакасини ошириш бўйича ҳам дастурлар тузилган. Вақти-вақти билан уларнинг билимлари ҳам синовдан ўтказилмоқда.

– Жоме масжидларида ободончилик ишлари қандай бормоқда?

– Жорий йилнинг бошида вакиллик “Ҳаким Термизий” мажмуаси ҳудудида жойлашган, барча қулайликларга эга янги бинога кўчиб ўтди. Янги бинода хоналари кенг, шинам, мажлислар зали, кутубхона мавжуд. Умуман олганда, кейинги йилларда вилоят жомеларида кенг қамровли таъмирлаш ишлари олиб борилди. Олтинсой туманидаги “Раҳмонберди” ва Денов туманидаги “Имом Исмоил Бухорий” жоме масжидлари қайта қурилиб, фойдаланишга топширилди. Қолган масжидларда ҳам таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Барча масжидларда компютерлар ва кузатув камералари бор.

Ўтган йили қарийб саксон фоиз масжидларнинг таҳоратхоналари қайта қурилиб, фойдаланишга топширилди. Қолган масжидларнинг таҳоратхоналари ҳам босқичма-босқич таъмирланмоқда.

Муборак Рамазон ойи барча Юртдош­ларимизга хайрли, баракотли келсин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Муҳаммад СИДДИҚ суҳбатлашди.