Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Жиззах вилояти вакили Меҳмонали Жабборов билан суҳбат
 
– Домла, жорий йилнинг 10 июнь куни Самарқанд вилоятида уламолар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида “Ижтимоий барқарорликни янада мустаҳкамлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзуида республика анжумани бўлиб ўтди. Унга республикамизнинг барча вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган диний соҳа вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мутасадди ходимлари ташриф буюришди. Анжуманда қатнашиб қандай таассурот ва хулосалар олдингиз?
– Бисмиллаҳир Раҳмонир Раҳим. Анжуманда Бутун Ислом оламида, хусусан, Яқин Шарқ минтақасида кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг мазмун-моҳиятини мутахассислар атрофлича таҳлил этди. Тинчлик ва барқарорликка раҳна солувчи ақидапараст оқим ва террорчи гуруҳларнинг сохта даъволарига уламоларнинг раддиялари билдирилди. Диний соҳа ходимларининг бу борадаги долзарб вазифалари белгилаб олинди.
Айни пайтда, Яқин Шарқ минтақасида рўй бераётган воқеа-ҳодисалар, террорчи тўдаларнинг динимиз номини ниқоб қилиб, амалга ошираётган хунрезликлари, жиноий хатти-ҳаракатлари бутун инсониятни жиддий ташвишга солмоқда. Бугун “исломофобия” деган бир ибора тез-тез қулоғимизга чалинади. Бу сўзнинг маъноси одамларни Исломдан қўрқитиш, деганидир. Ахборот асрида муқаддас динимиздан одамларни қўрқитиш, унинг асл моҳиятини бузиб кўрсатиш, обрўсизлантириш, иғво ва фитналар уюштириш кабилар кучаймоқда.
Мусулмон киши ўз динини яхши билиши жуда зарур. Бу ўзи учун ҳам, жамияти учун ҳам яхшиликдир, дейилган. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Албатта, дин осонликдир. Кимки динда чуқур кетса, дин уни енгиб қўяди”, деб огоҳлантирганлар (Имом Бухорий ривояти). Хаворижлар ҳам олдинига кўп нафл намозлар ўқиганлар, кўп нафл рўза тутганлар. Кейин зиммаларига ўзлари тоқатидан ортиқ юклаган амалларни бошқалардан ҳам талаб қила бошлаган, бунга кўнмаганларни эса кофирликда айб­лашган, қатл қилишга ўтишган... Хуллас, ҳозирги пайтдаги мазҳабсизлик ва такфирчилик ғояларини кўтариб чиқаётган террорчилар ҳам хаворижлар кабидир. Улар қилмишлари шариатга тўғри келмаслигини фаҳмламайдилар. Уларнинг хатти-ҳаракатлари илмсизликка асосланган.
– Ҳозир дунёнинг қайси минтақасида қўпорувчилик содир этилса, албатта, бу ҳолатни  Ислом дини билан боғлаш одат тусига кириб қолди. Динимизда бегуноҳ инсоннинг қонини тўкиш, шаъни ва қадр-қимматини топташ, мол-мулкини талон-тарож қилиш ҳаром деб қатъий ҳукм қилинган...
– Тўғри айтдингиз, эътиқод ва амалда Ислом асосларига буткул ёт бўлган ақидапараст гуруҳлар фитна чиқариб, Аллоҳнинг каломи, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатларига риоя қилувчи дунё мусулмонларини танг аҳволга қўймоқда. Уларнинг бу фитнаси, аввало, Ислом ва террорни тенг маънода янглиш тушуниш, мусулмонларни ўзларига буткул дахли бўлмаган ишда айблашга сабаб бўлмоқда. Аллоҳ таоло: «Уларга: “Ер юзида фасод (бузғунчилик) қилмангиз!” дейилса, улар: “Албатта, биз ислоҳ қилувчилармиз”, дейдилар. Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар», дея таъкидлайди (Бақара, 11–12).
Жангарилар мусулмонларни куфрда айблаб, оммавий қирғин қилаётгани, аёлларнинг ор-номусини топтаб, чўрига айлантираётгани, гўдакларни қатл этаётгани, аҳли китобларнинг қонини тўкиб, ибодат уйларини вайрон қилаётгани динимиз кескин қоралаган ва илоҳий таълимотга мутлақо зид ишлардир. Мазкур тоифалар динимиз асосларини бузиб, оят ва ҳадисларни ўзларининг разил мақсадлари йўлида талқин қилмоқдалар, ўзларига жангарилар тайёрлаш мақсадида, ёшларни ўз сафларига чорламоқдалар, уларни ҳам мудҳиш жиноятларига шерик қилмоқдалар. Энг ачинарлиси, улар орасида айрим юртдошларимизнинг ҳам учраб қолаётганидир. Афсуски, ҳозирги кунда баъзи кишилар, жумладан, ёшларимиз чет элларга ишлаш учун кетиб, интернет тармоғи орқали динимиз ҳақидаги нотўғри, нохолис маълумотлар, террорчи гуруҳларнинг манфаатига мос хабарларга ишониб, уларнинг қармоғига илиниб қолмоқда.
Шу ўринда хорижда юрган ватандошларимизни ўзларини қизиқтирган диний мазмундаги саволларига диний идорамиз тасарруфидаги сайтлардан жавоб олишга чақирамиз. Ана шунда адашмайдилар, иншааллоҳ.
– Тобора глобаллашиб бораётган бугунги ахборот асрида мусулмон мамлакатларида кечаётган мураккаб жараёнларнинг асл моҳиятини халқимизга англатиш, энг аввало, имом-хатибларимиздан катта масъулият талаб этади. Бу борада ёш имомларимизга тавсияларингиз...
– Тарихга назар ташласак, Ислом динининг илк асрларида диёримиздан буюк алломалар етишиб чиққанини кўрамиз. Уламо аждодларимиз Имоми Аъзам Абу Ҳанифа мазҳабида шариат ҳукмларига амал қилиб, гўзал илмий асарлар ёзганлар. Жумладан, Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Ҳусайн Уструшоний, Лутфуллоҳ Насафий, Фозил Кайдоний каби ўнлаб фақиҳлар илмий асарларида шаръий ҳукмларнинг ­енгиллигини ва динимиз инсонпарвар динлигини исботлай олганлар. Илм талабидагилар тафсир, ҳадис ва адаб, фиқҳ, калом, ва фалсафа каби илмларни ўрганиш учун Ислом оламининг турли нуқталаридан Насаф, Самарқанд, Бухорога келганлар. Ҳанафий олимлар нафақат ижтимоий масалалар, балки ибодат масалалари орқали ҳам жамиятни бирлик, яхшилик ва эзгуликка чорлаганлар. Имом-хатибларимиз бу анъанани давом эттиришга масъулдирлар. Бу масъулият илмий салоҳиятларини ошириб боришни мажбурият даражасига кўтаради. Уларнинг бугунги кундаги биринчи вазифалари турли мамлакатларда кучайиб бораётган ўзаро низо ва зиддиятларнинг келиб чиқиш сабаблари ва фожиали оқибатларини кенг жамоатчиликка етказишдан иборат.
Муҳтарам Юртбошимизнинг: “Ғояга қарши ғоя, фикрга қарши фикр, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш зарур”, деган сўзлари имомларимизни тинмасдан изланишга ва хулосаларини оммага нутқ, оммавий ахборот воситалари ва интернет орқали етказа билишга ундайди. Замон талабига ва тезкор маънавий хуружларга муносиб жавоб бера олиш имом-хатибнинг долзарб вазифаси десак, адашмаймиз. Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан очилган Имом Бухорий халқаро марказидаги ўқув машғулотларидан кўзланган асосий мақсад ҳам шу.
Имом-хатиблар, диний соҳа ходимлари террорчиларнинг хунрезлигига муносабатини масжидлар, ташкилотлар, таълим муассасаларида ўтказиладиган маънавий-маърифий тадбирларда кенг ёритишлари керак. Айниқса, ёшлар билан бўладиган учрашувларда динимизнинг асл инсоний моҳиятини аниқ мисоллар билан тушунтиришлари зарур.
Муҳаммад СИДДИҚ
суҳбатлашди.