Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоятидаги вакили ўринбосари Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ билан суҳбат
 
— Домла, келинг, суҳбатимизни энг долзарб мавзудан бошласак. Бугунги глобаллашув замонида ёшларнинг қалби ва онгини эгаллаш учун ғаразли кучлар, оқимлар тинимсиз кураш олиб бормоқда. Уларнинг асосий қуроллари турли ахборот воситалари, хусусан, интернетдаги баъзи ижтимоий сайтлардир. Албатта, бу ҳолатлар бизни доимо ҳушёр бўлишга ундайди...  
— Бугун тинчлик қадри ҳар доимгидан-да теранроқ ҳис қилинмоқда, террорчилар динни ниқоб қилиб олиб, ўзларининг ғаразли ниятларини амалга оширмоқдалар. Ёшларимиз оқни қорадан ажратишида диний соҳа ходимларининг, айниқса, имом-хатибларнинг ўрни жуда муҳим. Дунёнинг турли нуқталарида авж олаётган қарама-қаршилик, қонли тўқнашувлар, бузғунчилар келтириб чиқараётган зиддиятлар барчани хавотирга қўймоқда.
Бузғунчилар энди энг илғор технологиялардан ҳам унумли фойдаланмоқда. Бугун ҳаётимизни компьютерсиз, қўл телефонларисиз тасаввур қила олмаймиз. Бу эса уларга қўл келмоқда. Интернет орқали кишиларнинг соғлом эътиқодига таҳдид солаётганлар ижтимоий тармоқларда дастлаб ўзларини гўё дўст кўрсатиб, асл мақсадини яширади. Интернетдан ақл билан фойдаланилмаса, етган зарарини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайди. Бу ҳолатни баъзи минтақаларда рўй бераётган фожиалар мисолида яққол кўришимиз мумкин. Ғўр, эндигина ҳаёт пиллапояларидан одимлаётган ёшларимизни ахборот хуружларидан асрашимиз керак. Уларга нима фойдаю, нима зарар эканини ўргатиш лозим. Ўқиган, эшитган хабарига кўр-кўрона эргашиб кетавериш оқил одамнинг иши эмас. Бу ҳақда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!» (Ҳужурот, 6).
Ҳадисларда, олинган ҳар қандай маълумотни текширмай, асосли ёки асоссизлигини аниқламай туриб, ўша маълумотга қараб иш тутиш шайтон йўлига кириш билан баробар экани таъкидланади.
Минг афсуски, улар бугун бу каби қабиҳ ишларини амалга оширишда муқаддас динимиз номидан фойдаланмоқда. Мисол учун, ўз ёвузликлари билан дунёни ларзага солаётган ИШИДчилар Ислом номидан динимизга зид бўлган фатволар чиқариб, одамларнинг динга нисбатан фикрини ўзгартиришга интилмоқда. Уларнинг асл башараларини билишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, исломшунос олим Айдарбек Тулеповнинг “ИШИД фитнаси”, “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” каби китоблари бизга яқиндан ёрдам бермоқда. Имом-хатибларимиз аҳолига тушунтириш ишларини олиб боришда бу асарлардан унумли фойдаланишяпти.
Мамлакатимиздаги тинчлик, фаровон ҳаётга ўз-ўзидан эришилаётгани йўқ.  Муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаганларидек, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш зарур. Зеро, турли мафкуравий хуружлар, ёвуз ниятли кишиларнинг таъсирларига қарши ақл билан чора кўриш замон талабидир.
 
— Домла, мана бу йил истиқлолимизга 25 йил тўлади. Бу қисқа вақт ичида мамлакатимиз ҳаётида оламшумул воқеалар юз берди. Мустақиллик йилларида Самарқанд вилояти вакиллигида амалга оширилган ишлар ҳақида суҳбатлашсак...
– Дарҳақиқат, истиқлол йилларида юртимизда кўплаб соҳаларда бўлгани каби диний жабҳаларда ҳам қатор ислоҳотлар олиб борилди. Жумладан, вилоятимизда собиқ тузум даврида саноқли масжидлар фаолият юритган бўлса, мустақилликдан сўнг уларнинг сони 285 тага етди. Ҳозир ушбу масжидлар ислом билим юртларини тамомлаган малакали имом-хатиблар билан таъминланган.
Вилоятимизда масжидлар ободлиги, улардаги мавжуд шарт-шароитларни яхшилаш, мукаммаллаштириб боришга ҳамиша эътибор билан ёндашилган. Самарқанд масжидлари ҳақида гапирар эканмиз, Имом Бухорий ҳазратлари қўним топган масканни эсга олмасдан иложимиз йўқ. Бу ерда 1998 йилда Имом Бухорий таваллудининг 1225 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармойишига мувофиқ қисқа фурсатда муҳташам ёдгорлик мажмуа бунёд этилди ва шу кунгача бевосита муҳтарам Юртбошимизнинг раҳнамоликларида масжид ва зиёратгоҳ доимий обод этиб келинмоқда. Ўтган 2015 йилнинг охирида ҳам мажмуанинг устун ва пештоқлари тубдан тўлалигича янгиланди. Бобокалонимиз шарафларига очилган Имом Бухорий халқаро маркази ҳам имом-хатиб­ларимизнинг малакасини ошириб, атрофга зиё тарқатаётган илм маскани сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда.
Бундан ташқари, Самарқанд шаҳридаги “Хўжа Дониёл” зиёратгоҳи, Жомбой туманидаги “Шайх Худойдод Вали”, Оқдарё туманидаги “Махдуми Аъзам” каби зиёратгоҳ масжидларимизда ҳам бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари олиб борилди, намозхонлар ва зиёратчилар учун қулай шароитлар муҳайё этилди. Қолган масжидларимизни ҳам замон талабларига мос ҳолатга келтириш бугунги кунда вилоят вакиллигининг устувор мақсадларидан биридир.
Вакиллигимиз биноси ҳам яқинда тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Миллий меъморчилигимиз ҳамда замонавий усуллар уйғунлигида қилинган таъмир ишлари натижасида бино янада чиройли кўриниш олди, хизмат шароитлари жуда қулай бўлди.
 
— Муҳтарам Юртбошимиз таклифи билан 2016 йилнинг «Соғлом она ва бола йили» деб эълон қилиниши болажон халқимиз кўнглини тоғдай кўтарди. Ҳозир ҳар бир даврада одамлар шу ҳақда гапир­япти, орзу-ниятлар қилиняпти, фикр-мулоҳазалар билдириляпти. Вакилликнинг бу борадаги режалари ҳақида айтиб ўтсангиз...
— Албатта, бу ҳолат айни динимиз ҳукмларига ҳам мос.  Соғлом бола деганда, фақат жисмонан эмас, балки руҳан, маънан соғлом болани тушунишимиз керак. Бундай фарзандни тарбиялаш учун ҳеч қандай жиҳатни назардан четда қолдирмаслик зарур. Уларнинг яхши ўқиши, сиҳат-саломатлиги, спорт билан шуғулланиши ва турли зарарли одатлар, ёт ғоялардан ҳимояланиши, буларнинг ҳаммаси бирдек муҳим. Ушбу “Соғлом она ва бола” йилида фаолиятимиз самарадорлигини янада оширишга ҳаракат қилмоқдамиз. Маҳаллий ҳокимият ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда вилоятдаги барча олий ўқув юртлари, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари, умумтаълим мактаблари ва маҳаллаларда диний экстремистик оқимлар, миссионерлик, “оммавий маданият” билан боғлиқ мафкуравий таҳдидларни фош этувчи тизимли учрашувлар ва давра суҳбатларини ўтказиб бориш режалаштирилган. Чекка туманлар ва чегараолди ҳудудларда жойлашган масжидларда жума намозига тажрибали имомларни сафарбар қилиб борамиз. Ушбу тадбирларда кишиларни Ватанга муҳаббатли бўлишга, юрт тинчлиги йўлида бир тану бир жон бўлиб туришга, айниқса, аёлларни қадрлаш, ёш авлод тарбиясига катта эътибор билан ёндашишга кўпроқ урғу бериляпти.
Имом-хатибларимизнинг тажрибаси, савиясини ошириш, дунёқарашини янада кенгайтириш мақсадида яқин вақтлар ичида қисқа муддатли ўқув-семинарини ҳам ташкил этмоқчимиз.
 
 
Муҳаммад СИДДИҚ 
суҳбатлашди.