Ургут тумани бош имом-хатиби Шоди Ҳақбердиев билан суҳбат

– Домла, ёшлик ва талабалик йилларингиз ҳақида гапириб берсангиз.
– Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим. Ўша йиллари динга тазйиқ кучли, аммо отам эътиқоди мустаҳкам инсон бўлганидан уйи­мизга уламоларни чақириб, суҳбат уюштирар, уларнинг дуоларини оларди. Ўша пайтда мен саккиз-тўққиз ёшда эдим. Оилада биз тўққиз фарзандмиз. Бир куни отам бизни жамлаб, бирингиз диний мактабда ўқишингиз керак, деди. Мен ўқийман, дедим. Шу кундан бошлаб менда дин илмини ўрганишга иштиёқ пайдо бўлди.
Кейинчалик “Мир Араб” мадрасасида ўқидим. Шўролар даврида ўқиш ниҳоятда оғир эди. Боиси, ўн бешта республикадан фақатгина бир нафардан талаба олинар ва имтиҳон бўлгунча неча йиллаб тайёргарлик кўриларди. Мадрасага киришдан олдин муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратларидан дуо олдик. Сўнг у кишининг тавсияси билан менга Сирожиддин Алилов – Лазгин домла бир йил давомида тажвид, сарф ва хаттотликдан дарс бердилар. Устоз мени “Мулло Шоди Аргутий” деб эркалатардилар. 1975 йил “Мир Араб” талабаси бўлдим. У ерда ўн икки миллат вакиллари билан бирга Садриддин қори домла, Мухторжон домла Абдуллаев, Фозилжон қори Ёсин ўғли, Абдуғафур домла Раззоқов, Абдуқаҳҳор Шоший, Шайх Абдулазиз Мансур каби узтозлардан таҳсил олдик.
Мадрасани аъло баҳоларга битирган, иқтидорли талабалар қаторида камина ҳам 1979 йили Ислом олий маъҳади (ҳозирги Тошкент Ислом институти)га қабул қилиндим. У табаррук даргоҳда бизларга Абдуғани Абдуллаев, Юсуфхон Шокиров, Шоикром Шоисломов, Салоҳиддин Муҳиддинов, Абу Туроб домла, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Алибек Рустамов, Шамсиддин Бобохонов (раҳимаҳумуллоҳ) дарс беришган.

– Домла, қарийб ўттиз беш йилдан буён имом-хатиблик вазифасида дин, миллат, Ватан равнақи йўлида хизмат қилиб келмоқдасиз. Шўролар даврини ҳам кўрган устозлардан бирисиз. Айтинг-чи, ўша давр билан ҳозирги кунимизни қиёслаб, кўнгилда нималарни ҳис этасиз?
– Мустақиллик ва мустабид тузум ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Ҳозирги кунларимизни собиқ шўролар давридаги ҳолатга қиёслайдиган бўлсак, истиқлол неъматининг қадрини яхшироқ англаймиз. Мустабид тузум даврида рес­публика бўйича битта мадраса ва Ислом Олий маъҳади бўлиб, уларда саноқли талаба таҳсил оларди. Ўқув юртларида китоб ва ўқув қуроллари етишмаслиги, мавзуларни китоблардан навбат билан дафтаримизга кўчириш, мударрисларнинг камлиги анча қийинчилик туғдирарди.
Шунингдек, ота ёки онаси жанозасида иштирок этганнинг вазифадан бўшатилиши тайин эди. Никоҳ ўқитиб оила қуриш, диний байрамлар ўтказиш ман этилган, ҳатто Наврўз каби халқ байрамлари ҳам диний мазмунга эга деган тамға билан тақиқланганди. Янада ачинарлиси, юртимизда деярли қорилар йўқ эди. Таровеҳ намози учун ҳам хориждан қорилар таклиф этиларди. Мустақиллик шарофати туфайли юртдошларимиз Қуръон билан ошно бўлиш имкониятини қўлга киритди. Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказишга давлат даражасида юксак эътибор бериляпти, Рамазон ва Қурбон ҳайити кунлари миллий байрамларимиз деб эътироф этилди.
Туманимиз мисолида кўрадиган бўлсак, илгари бирорта масжид бўлмаган. 1982 йили илк “Чўбин” жоме масжиди очилди. Мен мазкур масжидга имом-хатиб этиб тайинландим. Туманимиздаги шу ягона масжидда ҳам шароитлар талабга жавоб бермасди.
Ватанимиз истиқлолга эришгандан ке­йин бутунлай йўқ бўлиб кетиш арафасида турган йигирматача масжид таъмирланди, қирқдан ортиқ масжид янгидан қурилди. Эндиликда туманимиз аҳолиси учун барча қулайликларга эга бўлган олт­миш битта масжид хизмат қилмоқда. Масжидларимизнинг йигирмадан ортиғида олий маълумотли, қолганларида эса ўрта махсус маълумотга эга имом-хатиблар фаолият юритмоқда.

– Бугунги ёш имом-хатиблар қандай алоҳида сифатларга эга бўлишлари лозим деб ҳисоблайсиз?
– Имомлик касб эмас, балки масъулиятли вазифадир. Имом халққа динни тўғри тушунтириш, эзгу таълимотларини осонлик билан етказиш учун масъул. Бу борада Юртбошимиз ташаббуси билан 2008 йилда ташкил этилган Имом Бухорий халқаро марказининг ўрнини алоҳида таъкидлаш лозим. Туманимизнинг барча имом-хатиблари ушбу марказда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маданий-маърифий соҳалар бўйича билим ва малакаларини оширишга эришди.
Имом-хатиблар халқимиз эътиқоди мустаҳкамлиги йўлида янада фаоллик кўрсатишлари давр талабидир. Шу боис бугунги кунда мадрасаларни тамомлаб, масжидларга имом-хатиб бўлиб келаётган ёш имомларга тавсиямиз, аввало, ўз билимларини орттиришга ҳаракат қилишлари, қолаверса, замон билан ҳамнафас, дунёда содир бўлаётган воқеалардан бохабар бўлиб, ёши улуғлардан доимо маслаҳат сўраб туришлари керак. Илмнинг баракаси ҳам аввало тақво, олға интилиш, олган илмига амал, устозларни эса ҳурмат қилишда эканини унутмаслик лозим.

– Халқимизнинг эзгу одатларига амал қилиб, хайр-эҳсон, меҳр-мурувват кўрсатиш ишларига туман имом-хатиб­лари қандай ҳисса қўшаётгани ҳақида тўхталсангиз.
– Туман ҳокимлиги ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда вояга етмаганлар тарбияси, хотин-қизлар масалалари бўйича ҳам тегишли тарғибот-ташқивот ишларини олиб бормоқдамиз. Бундан ташқари, имом-хатибларимиз иштирокида коллежлар ва мактабларда режа асосида тадбирлар ўтказилмоқда. Имом-хатибларимиз ташаббуси билан ҳар йили икки Ҳайит, Наврўз, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни, Мустақиллик байрами муносабати билан кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилади. Жорий йилда ҳам 30 000 000 (ўттиз миллион) сўмга яқин моддий ёрдам ҳақдорларга тарқатилди.

– Сизнингча, “Ҳидоят” журнали, “Ислом нури” газетаси обуначиларини  янада кўпайтириш учун нималарга эъти­бор қаратиш керак?
– Аввало, биз имом-хатиблар ўзимиз ушбу нашрларга обуна бўлиб, уларда ёритилаётган масалаларни яхши тушуниб, унинг мазмун-моҳиятини масжид жамоа­сига етказишимиз лозим. Шунингдек, ўтказилаётган тадбирларда журнал ва газетада чиққан мақолалардан фойдаланиш ҳам обуначилар кўпайишига ижобий таъсир қилади.
Халқимизнинг асрий орзуси бўлмиш истиқлолга эришганимизнинг чорак асрлик тўйини нишонлаш арафасидамиз. Шу муносабат билан барча юртдошларимизни Ўзбекистонимиз мустақилликка эришганининг йигирма беш йиллик байрами билан чин қалбдан табриклайман. Тилагим – Ватанимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин. Ҳамжиҳатлик, тотувлик, хотиржамлик юртимизни асло тарк этмасин!

Даврон НУРМУҲАММАД
суҳбатлашди.