Тошкент шаҳридаги “Жўрабек” жоме масжиди имом-хатиби Абдулҳаким қори Матқулов билан суҳбат

– Юртимизда ҳукм сураётган тинч­лик, осойишталикнинг қадрига етиш ва уни сақлашда қандай жиҳатларга эътибор бериш лозим деб биласиз ҳамда бу имом-домлаларимизга қандай масъулият юклайди?
– Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим. Не бахтки, йигирма беш йилдан буён мустақиллик саодатидан баҳраманд бўлиб, эмин-эркин яшаш имкониятига эгамиз. Не бахтки, аждодларнинг асрий орзу-умидлари ушалиб, ўзбек халқининг бағрига озодлик шабадаси тегди. Не бахтки, ўз тили, динини унутаёзган миллатимизнинг бахти барқарор бўлиб, ўзлигини танимоқ, миллий қадриятлари ва урф-одатларини тикламоқ иқболига эришди. Дарҳақиқат, биз ана шундай бахтли юрт фарзандларимиз. Бу заминдан қанчадан-қанча алломалар етишиб чиққанлар. Араб уламоларидан бири бундай деган эди: “Мовароуннаҳр халқи Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хулқлари билан зийнатланган халқдир. Айниқса, қориларининг тиловати Жаброил (алайҳиссалом)нинг Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га қилиб берган қироатларидан бир намунадир”.
Чиндан ҳам, ота-боболаримизнинг дуо­лари сабабли бугунги доруломон кунларга етдик. Бу кунларнинг ҳар бир сониясига шукр қилиб, унинг қадрига етиш барчамиз учун ҳам фарз ҳам қарздир. Шукроналик бугунги кунларимизнинг янада обод, турмушимизнинг эса фаровон бўлишига сабаб бўлади. Неъматларнинг шукри аввало тоат-ибодатлар билан бўлади. Тоат-ибодатларнинг мағзи дуодир. Шундай экан, ҳаётимиз зийнати бўлган нуроний ота-оналаримиз, имом-домлалар кўпроқ юртимиз ободлиги, фарзандларимиз салоҳиятини сўраб дуолар қилишимиз лозим.
Бугун биз, имом-домлалар, халқимизни шукроналик ҳисси билан яшашга тарғиб этишимиз даркор. Шу билан бирга, турли қабиҳ ниятлар билан интернет орқали ёш авлод онги ва қалбини эгаллашга интилаётган ёвуз кучларнинг таҳдидларига барҳам беришда ҳам жонбозлик кўрсатишимиз лозим. Биз, имомлар, янада фаол бўлиб, фарзандларимизни ҳанафий мазҳаби ҳамда мотуридия ақидасида тарбияласак, ёшларимиз бузғунчиларнинг кирдикорларига учмайдилар, динимизнинг асл мазмун-моҳиятини тўғри англаб етадилар.

– Юртимиздаги бунёдкорлик ишларининг узвий давоми сифатида халқимиз учун яна бир қувончли воқеа – Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан Тошкент шаҳри Яшнобод туманида янгидан қурилаётган “Жўрабек” жоме масжидининг бугунги ҳолати ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
– Маълумки, “Жўрабек” масжиди уч юз йилдан кўпроқ тарихга эга бўлган қадимий масжидлардан биридир. Тошкент дарвозаларидан бири шу масжид яқинида бўлган. 1943 йил Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати иш бошлаган пайтда Ўзбекистонда атиги бешта масжид ишларди, улардан бири “Жўрабек” масжиди эди.
2015 йилда келиб чиққан ёнғин оқибати­да масжиднинг хонақоҳ қисмига жиддий шикаст етди. Шу боис, масжидни қайта таъмирлаш мақсадида жорий йилнинг 18 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов бошчилигида масжид янги биносининг биринчи ғишти қўйилди. Масжиднинг янгидан қурилиши халқимиз учун қувончли воқеа бўлди. Ҳатто масжид қурилишидан хабар топган бошқа динга эътиқод қилувчи маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам келиб, ушбу даҳада бу каби кўркам масжиднинг барпо этилишидан мамнунликларини изҳор этишди.
Масжид қурилишида пойтахт ва вилоятлардан келган 300дан ортиқ юртдошимиз меҳнат қилмоқда. Масжидлар Қуръони карим оятлари билан безатилади, оятлар масжиднинг зийнатидир. Шу боис, масжид хонақоҳи Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг “Ҳар бир нарсанинг қалби бор. Қуръоннинг қалби Ёсиндир”, деган ҳадисларидан келиб чиқиб, Ёсин сураси билан безатилмоқда. Масжид меҳробининг юқори қисмига Қуръони каримнинг «Қайси жойдан (сафарга) чиқсангиз ҳам, (намозда) юзингизни Масжиди Ҳаром (Каъба) томонига ўгиринг! Ушбу (буйруқ) Парвардигорингиз тарафидан (айтилган) ҳақиқатдир. Аллоҳ қилаётган ишларингиздан ғофил эмасдир» (Бақара, 149) ояти кўчирилади. Ушбу оятни юртимизда илк барпо этилган Бухородаги “Масжиди Калон”нинг меҳробида ҳам ўқишимиз мумкин.
Бундан ташқари, масжид айвонлари ҳам ибодат, илм, эзгуликка тарғиб этувчи ҳикматлар билан безатилади. Хорижий давлатларда ҳам асарлари билан танилган юртдошимиз машҳур Шоҳазиз хаттот устоз шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларининг кўрсатмалари асосида хаттотлик ишларини олиб бормоқда. Бир пайтнинг ўзида 120 кишига хизмат кўрсата оладиган масжид таҳоратхонаси барча қулайликларга эга, у ерда ҳатто имконияти чекланганлар учун ҳам етарли шарт-шароитлар мавжуд.
Масжид ҳузурида кутубхона ташкил этилиши ҳам режалаштирилган. Ушбу кутубхона чоп этилаётган янги нашрлар билан бирга, қўлёзмалар ҳамда нодир манбалар билан ҳам бойитилади. Шунингдек, масжидда турли маънавий-маданий тадбирларни ўтказишга мўлжалланган 80 кишилик мажлислар зали ҳам қурилади. Масжиднинг баландлиги 22 метрли мовий гумбази мусаффо осмонимизнинг, баландлиги 35 метр­дан ортиқ бўлган азим минораси эса юксак мақсад ҳамда эзгу ниятларимизнинг рамзи ҳисобланади.
Лойиҳада масжид биносини ёритиш ва иситишда қуёшнинг ҳаракати ҳам ҳисобга олинган. Масжид – эзгулик маскани. Зеро, масжидда юртимиз тинч, турмушимиз фаровон бўлишини сўраб, жамоат бўлиб дуо қилинади, кўпчиликнинг дуоси эса, иншоаллоҳ, қабул бўлади.

– Ёшларни Ватанга садоқат, динимизга ҳурмат ва дахлдорлик руҳида тарбия қилишда қандай услубларни қўллаш самара беради, деб ҳисоблайсиз?
– Фарзандлар баркамол бўлишида соғлом муҳит ҳукмрон бўлган оиланинг таъсири кучлидир. Шунингдек, фарзанд ҳам жисмонан, ҳам ақлан соғлом дунёга келиши учун биринчи навбатда ота-она соғлом бўлиши лозим. Ёшларни мактаб давридан бошлаб илм олиши билан бирга, гўзал хулқларга ҳам ўргатиб бориш керак. Ўқишдан бўш вақтларида турли спорт, фан тўгарак­ларида машғул бўлиш­ларини ота-она назорат қилиб борсин. Бугун ёш авлоднинг чуқур билимли, касб-ҳунарли ва жисмонан соғ бўлиши талаб этилади.
Улуғ аждодларимиз она заминни муқаддас билганлар, миллий анъаналаримизни асраб-авайлаб, янги мазмун билан бойитганлар, уларни келгуси авлодга етказишга ҳаракат қилганлар. Шу боис, ёшлар тарбиясида халқимиз қадим-қадимдан эъзозлаб келган эзгу қадриятлар, бой илмий-маънавий мерос жуда катта аҳамиятга эгадир.
Ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Имом Бухорий, Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний каби улуғ аждодларимизга муносиб камол топаётган ёшлар фахримиз ҳисобланади. Уларнинг муваффақият ва зафарлари ҳар бир юртдошимизга қувонч бахш этади.

Мухбиримиз
суҳбатлашди.