Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим ИНОМОВ билан суҳбат

Иномов Иброҳим Раҳмонжонович, 1968 йили Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида туғилган. Маълумоти олий. Тошкент Ислом институти ва Омск давлат университетини тамомлаган. Мутахассислиги исломшунос, имом-хатиб, араб тили ўқитувчиси, ҳуқуқшунос. Меҳнат фаолиятини 1997 йилда Бекобод шаҳридаги “Оқ масжид” жоме масжидида имом-хатибликдан бошлаган. 2005–2016 йилларда Бекобод шаҳри бош имом-хатиби вазифасида ишлаган. 2016 йилнинг август ойидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари лавозимида хизмат қилмоқда.

— Ассалому алайкум, суҳбатимиз аввалида Сизнинг ушбу масъулиятли вазифага тайинланганингиз билан муборакбод этамиз. Аллоҳ таоло хайрли қилсин!
Ушбу суҳбат орқали журналхонларга сизни яқиндан таништиришни мақсад қилганмиз. Шунинг учун дастлаб устозларингиз, бугунгача олиб борган фаолиятингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Ҳар бир инсоннинг энг биринчи устози ота-онаси бўлганидек, камина журналхонингизни ҳам энг биринчи Устози – раҳматли падари бузрукворимиз ва раҳматли волидаи меҳрибонимиз эдилар. Тақдири илоҳий экан, ёшлик чоғимизда аввал отам, сал кейинроқ онам ҳам вафот этдилар. Панд-насиҳатларига энг муҳтож пайтимизда бу икки меҳрибонимиздан айрилиб қолдик. Уларнинг бепоён ва беқиёс меҳрларига тўймай қолдик. Ўша кунлардан бошлаб ҳозиргача менга устозлик қилаётган – бу менинг халқим! Ота-онамдан кейин мана шу халқим менга ўз меҳрини берди. Аямасдан берди! Отамдек раҳмдил, онамдек меҳрибон бўлди! Қийин кунларимда ҳам, хурсандчилик кунларимда ҳам доимо мен билан бирга бўлиб, оғиримни енгил, йўғимни бор, узоғимни яқин, мушкулимни осон қилиб келаётган шу азиз халқимиздир! Халқимиз деганда, мен энг аввало қўни-қўшниларим, маҳаллам, маҳалладошларим, раҳбарларим, хизматдошларим, яқинларим, дўстларим, ёшлари катта отахон-онахонлар, ҳамшаҳарларим, касбдошларим, ўқитувчиларим, ота қадрдон-она қадрдонларим, ака-ука, опа-сингилларим, ­оилам аъзолари ва, албатта, мени таниган ва мен таниган ҳар бир инсонни назарда тутаман.
Бугунгача камина ўз фаолиятини мана шу инсонлар билан бирга олиб борган. Уларсиз мен нафақат фаолиятимни, балки бутун ҳаётимни ҳам тасаввур эта олмайман. Чунки шу инсонлар мени тарбиялашган, вояга етказишган, зарур кўрсатмалар ва керакли маслаҳатлар бериб, таълим-тарбия беришган. Бир сўз билан айтганда, мени халқ ичига қўшиб, элга танитиб, “одам қилишган”!
— Бугунги ёш имом-хатибларга тажрибали имом сифатида, қолаверса, уларнинг бевосита раҳбари сифатида қандай тавсиялар берасиз?
– Бу саволингизга жавоб тариқасида улуғ устозларимизнинг қуйидаги битикларини келтириш мумкин. “Уч нарсанинг эгаси йўқ. 1) тобут; 2) қўлимиздаги мол-дунё;
­3) эгаллаб турган лавозимимиз, ишлаб турган ишимиз. Шу учаласига ҳам бугун бир инсон эгалик қилса, эртага бошқа одам, эртадан кейин яна бошқа одам эга бўлади”. Шу буюк ҳақиқатни қалби билан ҳис қилган ва ақл-заковати билан тушуниб етган инсон тан-жони соғ, ақл-ҳуши жойида пайтида тезроқ ва кўпроқ хайрли, чиройли ва савобли ишларни қилишга ўзини ундайди.
— Инсон камолотида айнан қандай хислатлар муҳим деб биласиз?
– Олманинг мазасини уни тишлаб, еб кўрган одам билади. Қўлида ушлаб турган бўлса ҳам, токи уни еб кўрмагунча таъмини билмайди. Шу маънода, бу саволга камолотга етган одамлар жавоб бера олади. Илоҳим, бизларга ҳам шундай улуғ даражаларни насиб этсин!
— Осойишта юртда байрамлар кўп бўлади. Истиқлолнинг 25 йиллиги шодиёналари нишонлар эканмиз, ортидан муборак Қурбон ҳайитини орзиқиб кутгандик. Байрам байрамларга уланиб кетишини истагандик. Аммо айни мустақиллик байрами кунларида халқимиз шу мустақилликнинг асосчисидан, одил раҳнамо, доно раҳбаридан айрилиб қолди. Байрамлар татимади...  
– Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло халқимизга, жаннатмакон диёримизга чексиз иноят кўрсатиб, доно ва оқил раҳбарни берган эди. Марҳум Юртбошимиз раҳбарлигида ҳар бир соҳада улкан ислоҳотлар олиб борди. Ватанимиз ҳар жиҳатдан юксалди, тараққий топди. Бу ислоҳотларга нафақат бутун дунё ҳамжамияти тан бермоқда, нафақат Европа давлатлари лол қолмоқда, нафақат Америка халқлари тасаннолар айтмоқда, балки Ўзбекистондаги бу хайрли ишларни ҳар бир кўзи ожиз инсон ҳам кўрмокда, ҳар бир қулоғи оғир одам ҳам эшитмоқда, ҳар бир ақли заиф банда ҳам моҳиятини анг­лаб, мазмунини тушуниб, самараларини сезиб, тўла-тўкис ҳис қилмоқда. Ана шундай бир шароитда Аллоҳ таоло ўзигагина аён ҳикмати билан Йўлбошчимизни қайтариб олди. Ҳар бир тирик жон куни келиб дунёдан кетмоғи аччиқ ҳақиқатдир. Аллоҳ таоло марҳум Юртбошимизнинг барча хайрли амалларини, элу юрт манфаати учун чеккан заҳматларини беҳисоб ажрлари билан мукофотласин. Мусибатзада халқимизга чиройли сабр берсин. Бу сабримиз эвазига мамлакатимизнинг биринчи Президенти бошлаб берган ривожланиш йўлидан оғишмай юрадиган, диёримизни янада гуллатиб-яшнатадиган янги раҳбарни насиб айласин.

Нўъмон АБДУЛМАЖИД суҳбатлашди.