Газета бўлими

«Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур» (Мужодала сураси, 11-оят).

Ҳар бир мўмин банда ана шу юксак даражага эришиш йўлида жидду жаҳд қилади. Зеро, қалбга Ислом маърифатини солиш ҳам савоби улуғ амал саналади. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг диний-ижтимоий газетаси “Ислом нури” чорак асрдан зиёд ана шу хайрли йўлда фаолият юритиб келмоқда. Ана шу даврида эса ушбу нашр фаолияти асосида юртимизда диний журналистика ривожланди, десак муболаға бўлмайди.

Раҳматли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг жасорати ва саъй-ҳаракати билан 1990 йилнинг март ойида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг диний-ижтимоий газетаси “Ислом нури”нинг нишона сони дунё юзини кўрди.

Газета катта қизиқиш ва ҳурмат билан кутиб олингани сабабли 150 минг нусхада чиқарилди. Газетада “Бир оят тафсири”, “Бир ҳадис шарҳи”, “Ислом асослари”, “Имом минбари”, “Исломий одоб-ахлоқ”, “Динимизга ёт оқимлар”, “Яхшиликка чақириш”, “Аёллар саҳифаси”, каби рукнлар остида идора фатволари, Олий ҳайъат ва Уламолар кенгаши ҳужжатлари, Ислом арконлари ва тарихи, мамлакатимиз мусулмонлари ҳаётига доир мақолалар, суҳбатлар ва хабарлар эълон қилинади.

2008 йилдан буён газетанинг қорақалпоқча иловаси – «Ислам нуры» ҳам чоп этилмоқда.

“Мовароуннаҳр” нашриётининг таркибида бўлган “Ислом нури” газетаси соф Ислом таълимотини ҳанафийлик мазҳабига кўра халқимизга ўргатишга хизмат қилмоқда.

Исомиддин Алимов бошчилигидаги Нигора Мирзаева, Муҳтарама Улуғова, Юлдуз Комилова каби ижодкорлар халқимиз эҳтиёж ва талаб-таклифидан келиб чиққан ҳолда “Бир ҳадис шарҳи”, “Қуръони карим қиссалари”, “Фазилатли суралар”, “Нубувват гулшани”, “Тарихда ўтган валийлар”, “Буюк аждодларимиз”, “Кун нафаси”, “Мутолаа завқи”, “Бизнинг мусоҳаба”, “Ҳаёт ибратлари” каби рукнлар остида бир-биридан қизиқарли ва мазмунли мақолалар тайёрламоқдалар.

 

Бош муҳаррир

Исомиддин АЛИМОВ