Имон инсон қалбининг энг нодир гавҳаридир. У барчани тўғриликка, эзгуликка, ҳалоллик ва покликка чорлайди.

Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бу борада шундай ҳадиси шарифлари бор:

“Ислом дини, яъни мусулмончилик ошкорадир, имон эса дилда бўлади”.

“Имоннинг афзали сабр ва кенг қалбли бўлишдир”.

Имон инсонни илм-маърифатли бўлишга ундайди. Имонли киши ўз илмини оширгани ва дунёқараши кенгайгани сайин Аллоҳ таолонинг қудратига ишончи янада орта боради.

Имони бут кишилар диёнатли, саховатли, меҳру мурувватли бўладилар. Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) дейдилар: “… Сабрли бўлинг. Бошнинг танада тутган ўрни қандай бўлса, сабрнинг имонда тутган ўрни шундайдир. Бошсиз тана бўлмаганидек, сабрсиз имон ҳам бўлмас”.