Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идорасида исломшунос олим Айдарбек Тулеповнинг “ИШИД фитнаси” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Бугун дунёнинг айрим ҳудудлари, айниқса, Ироқ ва Суриядаги қўпорувчиликлар, қатлиомлар ва босқинчиликлар ҳар қандай кишининг қалбини ларзага солади. Бундай хунрезликлар ИШИД террорчилик гуруҳи томонидан амалга оширилаётгани маълум.

Мазкур китобда дунё жамоатчилигининг диққат марказида турган ва оммавий ахборот воситаларидаги баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган ИШИД террорчилар тўдасининг фитналари, ботил ғоялари фош этилган. Ушбу террорчилик ташкилоти ўзлариниг қонли фаолиятини Ислом билан ниқоблашса-да, мусулмон уламолари томонидан унинг ғоялари, ишлари, қабиҳ ниятлари муқаддас динимиз аҳкомларига мутлақо зид экани кўп таъкидланди. Аслида, ИШИД газандалари “халифалик қуриш” шиори остида ҳокимиятни қўлга олиш, “халифалик” иддаоси билан зўравонлик ва зулм ўтказиш каби малъун ишларни қилмоқда. ИШИДнинг ваҳшийларча ҳаракати, мусулмонларни шафқатсизларча қатл эттириши уларнинг асл башарасини очиб берди. ИШИД уруш ва қон тўкишларни Аллоҳ ҳаром қилган ойлар ва муборак Рамазони шарифда ҳам тўхтатмагани бунинг яққол исботидир.

Китобда ИШИД террорчилар тўдаси Исломни ниқоб қилиб, учинчи томоннинг буюртмасини бажараётгани, бошқарувни қўлга олишга уринаётгани, бойлик орттиришни кўзлаётгани аниқ мисоллар билан очиб берилган. Шунингдек, ғаламисларнинг мусулмонларни кофирга чиқариб, зулм қилаётгани, тинч аҳолига азоб бераётгани ва бошқа барча хатти-ҳаракатлари, даъволари Ислом дини моҳиятига буткул зид экани ҳужжат-далиллар асосида исботланган.

Муаллиф Қуръони карим оятлари, ҳадиси шарифлар ҳамда етук уламолар фатволарига таяниб, ИШИДнинг ботил ғоялари, сохта иддаоларига қарши асосли раддиялар берган. Китобда ғаламисларнинг қилмишлари аниқ фактлар, ҳаётий мисоллар ва жонли суратлар билан замонавий услубда ёритилган.

Ислом мусаффолигини сақлаш, унинг бағрикенглик ва меҳр-шафқатга йўғрилган дин экани, шунингдек, турли бузғунчи кучларга қарши кураш ва уларнинг ботил ғояларидан аҳолини ҳимоя этишда бундай адабиётларнинг аҳамияти катта. “ИШИД фитнаси” китоби айни шу жиҳатлари билан қимматлидир.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати