1 март – яшариш, янгиланиш фасли баҳорнинг илк куни... Неча йиллар давомида қалбимизда айни шу кундаги қувончларимизга яна бир катта ҳаяжон муштарак бўлди – Ўзбекистон халқ шоири Зулфияхоним ҳамкасбларини, шогирдларини кўкламнинг биринчи куни меҳмон қилардилар.

Қизил чиннигулларни яхши кўрардилар. Ҳеч биримизнинг кўнглимизга ортиқча ҳозирлигу совға-салом олиш ташвиши тушмасди. Уч киши бўламизми, ўнта қизу аёлларми – бир даста қизил чиннигул билан Зулфия опанинг мунаввар, шинам, бағридан меҳру эъзоз уфуриб турган хонадонларига кириб борардик. Ҳақиқатан ҳам, Зулфияхонимнинг олдига гуллар ва китобдан бошқа нарса кўтариб боришнинг ўзи жуда ноқулай эди, назаримда. Чунки расмий раҳбарлигу ходимликдан тортиб ўзаро яқин муносабатларгача – барча-барчасида юксак одамийлик этикасини муқаддас сақлардилар. Яхшиликлари ҳаммага беғараз бўлгани каби ножўя мақтов, ноўрин совға-саломлар билан бошқаларнинг шаънини хиралаштиришни истамасдилар. Ҳеч кимнинг ҳеч кимга ниманингдир илинжида мутеъ бўлишини ёқтирмасдилар. Бу борада ўзлари бизга ҳар куни ибрат эдилар. Гапнинг очиғи, юқоридаги фикрларнинг Зулфияхоним шахси билан муқоясада айтилишининг ўзи ноқулай, чунки юксак тоғларнинг салобати, қиёфаси, ўктамлиги, мағрурлиги қирлар билан қиёсланмайди...

Ўтган асрнинг ўрталаридан бошлаб умрларининг охиригача “Саодат” журнали бош муҳаррири, катта шоира, муҳими, халқининг ноёб иқтидорлари – адабиётга кириб келган ижодкор қизлар, аёллар учун ҳақиқий ғамхўр инсон сифатида, кимнинг қаламидан чиққанидан қатъи назар, агар адабиётнинг гўзал намунаси бўлса, унга тан бергувчи шеърхон эди Зулфия опа.

 

Ҳикматлар бағрида дур, марваридим

Аждодларим менга ифтихор, ғурур.

Шу мавжлардан томган нуқра умидим –

Шоира қизларим бахш этар сурур.

 

Бошқаларга ёрдам қўлини чўзишга ҳамиша тайёр-у, аммо бу ҳақда ҳар қандай оқибат шароитида ҳам оғиз очмайдиган меҳрибон эдилар. Шундай фазилатларни рўзи азалда Аллоҳ руҳу жонларига омухта қилган бўлса керак. Ўз шахсий манфаатлари кўйига кирмай, инсонийликка заррача ғубор тушириши мумкин бўлган барча ожизликлардан юксакда яшардилар. “Зулфиядек дунё таниган шоира, арбоб” олдида ўзгаларнинг ҳам қадр-қиммати, кўнгли, иззат-нафсига озор етишига зинҳор йўл қўймас эдилар.

...1978 йил. “Саодат” журналида ишлай бошлаган пайтларим. Устоз хонамизга қўлларида уч дона митти гуллар (ангишвона гул ҳам дейилади), ердан қор кетар-кетмас очиладиган баҳор чечаклари билан кириб келдилар.

– Бу – сизга! – дедилар кўзларида ҳамиша ўзларига ярашимли ифода билан. – Мажлисга боргандик. Пиёда қайтаётсак, йўл четларида очилибди. Сиз учун териб олдим.

Бу воқеага неча йиллар бўлди. Каттаю кичик гулдасталар насиб этди. Бироқ… Зулфия опа ўша мунчоққа ўхшаш гулларни қўлимга берганларида, дилимдан: “Шундай обрўли, шундай машҳур одам оддийгина ходими учун эгилиб йўл четидан гуллар терса!” – деган хаёл ҳайратдай ўтганди. Кейин бу туйғу умрбод кўнглимни кўтарадиган миннатдорчиликка, эҳтиромга айланиб қолди.

Вақт ва унинг қадри ҳақида ёзганлар, гапирганлар жуда кўп, аммо Аллоҳнинг бу бебаҳо неъмати қимматини чуқур англаб, унинг баҳосига муносиб яшаш ҳаммамизга ҳам насиб этавермайди. Фикр юритсак, жуда кўп фурсатларимиз бу дунёнинг ўткинчи ҳою ҳавасларига совурилади. Рўзғорда кундан-кунга тўкинлик яратиш, либослар, тўю ҳашамлар, ҳар хил давраю гурунглар – оқибати, асосан, умрнинг елдек беиз учиб кетишига сабаб бўладиган бундай ишлар Зулфияхоним ҳаётидан бегона эди.

Тақдирнинг ғалати синовими, дарсимикин бу: айни навжувон – йигирма тўққиз ёшида келган жудолик шоира қалбига суйган ёридан айрилиқда, ёлғизликда кечадиган кун, ой, йилларнинг ҳар ким ҳам кўтаришга қодир бўлмаган дардларини юклаш билан бирга бу йилларни мазмун-моҳиятда садоқат, меҳнат ва ижоднинг ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайдиган ибратли мактабига айлантирди. Аслида камуйқу эдилар. Фақат... кўпинча тунни бедор ўтказганларини сўзлари эмас, кўзлари айтиб турарди:

Яна йилдай узун бўлди тун,

Кўзларимга келмади уйқу.

Аммо бу дунё ҳаётида бошга тушган ҳар қандай мушкул синовнинг ҳам, қувончу омад, муваффақиятларнинг ҳам охир-оқибатда бир ҳикмати, одил Ҳақ томонидан бериладиган ажр-мукофотлари борлигига ишонган шоира тақдир тақдим этган кунларни осойишта, сабру қаноат ва шукроналик билан қабул қилди, кузатди.

Бандага берилар умр чамалаб,

Афсус, ҳукмидамас тошу тарозу...

Аллоҳ Зулфия опани ҳам зоҳиран, ҳам ботинан гўзал, нозик қилиб яратган экан. Ҳамма нарсанинг чиройли, дидли бўлишини яхши кўрардилар. Ва айни шу туйғу уларнинг табиий эҳтиёжига айланган эдики, буни кўз-кўз қилиш ва ўзларини бошқалардан ажратиб кўрсатишга уриниш одатлари йўқ эди. Ҳаммага ёрдамга тайёр эдилар. Лекин ўзларининг на жисмоний дардларини, на кўнгил изтиробларини айтмас, шарҳламас эдилар. Ҳаттоки бетоблик пайтларида бошқаларга кўринишни, дўсту қадрдонларнинг дилини инжитишни истамасдилар. Ҳамиша одамларнинг кўнглини кўтариш, кайфиятини чоғ этиш, умид ва ишончини мустаҳкамлаш, яхши сўз ва хайрли амал билан хотира қолдириш опанинг одатлари эди. Устоз умрларининг охирги дамларигача шундай бўлиб қолдилар.

Аждодларимиз гапларининг ички маънолари, мантиқи ҳам гўзал бўлган. Бу – юксак маданиятлилик белгиси. Зулфия опа одамлар билан яккама-якка суҳбатларда ҳам, кўпчилик билан бўладиган мулоқотларда ҳам тилга ғоят эътиборли, нозиклик билан сўз танлардилар, бунга кўпчилик ҳавас қиларди.

– Ҳозир бўй етган қизлар ота-онаси, ҳатто қариндошлари билан ҳам ўз тўйлари, тўйга мебель олиш ҳақида заррача тортинмай гаплашаверадилар, – дегандилар бир суҳбатда. – Ахир, мебель деганда, энг аввало тасаввурингда одам ухлайдиган каравот пайдо бўлади-ку!

Асл тошкентлик бўлсалар-да, тилларида Тошкент шевасига хос қўшимчаю иборалар умуман йўқ эди. Бунга сабаб ёшликларидан оналари, илк ҳарф танитган Сиддиқа отин ва Қори домла китоблар, адабиёт орқали ўзбек адабий тилининг гўзал, бетакрор оламига ҳам олиб кирган бўлсалар, ажабмас. Албатта, тил маданиятини шакллантириш, ривожлантиришда китоблар ўрнини босадиган восита топилмайди. Лекин... беихтиёр мулоҳаза туғилади: кўп китоб ўқиганларнинг ҳаммасиям адабий тилда гапиравермайди-ку!.. Зулфияхоним тил миллатнинг ўзлиги, маънавий бойликларини бағрига олган ва келажакка элтувчи дарё, шу билан бирга, халқнинг муштарак бойлиги бўлиб, унинг қиёфаси, латофати, қатъияти, ҳарорати, жозибаларини асраб-авайлаш миллий бурч эканини чуқур англаган шахс эди.

Фаол ҳаёт кишини хилма-хил табиатли: сизни тушунадиган ва тушунмайдиган; ҳар хил вазиятларда рози ёки норози; ширинсўз ёки аксинча бўлган одамлар билан учраштиради... хуллас, метин асаблар ҳам бардош беролмайдиган ҳолатлардан доим ҳам ҳимояланиб бўлмайди. Шундай пайтларда тилнинг тиғига қарши тилни қайрамаслик, заҳарига қарши заҳар сочмаслик, ҳақоратга ҳақоратни қалқон қилмаслик, қалбга санчилган сўз ўқига жавобан сўз нишини отмаслик – қандай улуғвор фазилат! Шу фазилатнинг ўзи билангина инсон шаъни, қадри қанчалар юксалиши мумкин. Зулфияхонимнинг қаламидан, тилидан ҳатто кўпчилик учун оддий бўлиб қоладиган “аҳмоқ”, “ноинсоф”, “нодон”, “калтафаҳм” каби сўзлар ҳам сира айтилмасди. “Коса тагида ним коса”, “Қизим, сенга айтаман, келиним, сен эшит” қабилида луқма ташлаб ёки ҳазил тариқасида дилларга озор беришдан умуман бегона эдилар. Инсон ўзида топилмаган нарсаларни ўзгалардан сўрайди, излайди, тақлид қилади... Зулфияхоним она ўзбек тилимизнинг ифодаларга бойлиги, жозибадорлиги, жарангдорлигини қалбан, руҳан ҳис этган; тилимизнинг барча жилоларини мумтоз адабиётимиз орқали қону жонига сингдиришга уринган ва бу хислатни халқига, келажак наслларга ҳам “юқтириш”га бел боғлаган ижодкорлардан эди. Бизнингча, умрининг энг эзгу ниятлари қаторида бу мақсадига ҳам эришди... Эслаганинг сайин бири-биридан чиройли, ибратли хотиралар оҳанрабо тасмага муҳрланган лавҳалар каби кўнгил кўзгусидан ўтаверади...

Муҳтарам Юртбошимиз бундан йигирма йил муқаддам 80 ёшини қаршилаган шоирани қутлаб ёзган мактубларидаги: “Муҳтарам Зулфияхоним!.. Ҳаёт Сизни ҳар доим ҳам аягани йўқ. Аслида бу ёруғ дунёда айрилиқ ва ҳижрон азоби ҳамманинг ҳам бошида бор. Доимо ғам-андуҳни матонат билан маҳв этган, армонларидан тирик орзулар яратган, тоғдек бардоши билан садоқат ва вафо рамзига айланган Сиз каби аёллар жуда кам топилади”, деган эътироф нақадар ўринли ва муносиб! Ўшанда Зулфияхоним Аллоҳ берган тақдиридан, халқу Ватанидан миннатдорлик, шукрона туйғуларига йўғрилган шеърини мана бундай якунлаганди:

 

Ҳамон эътиқодим – ҳақиқат, ҳақдир,

Сўзлайман юзимни тутиб Каъбага.

Емира олмайди ўткинчи тақдир,

Осуда ўтади руҳим абадга.

Эъзозлар, ардоғлар учун ташаккур,

Асли сиз офтобим, мен зиёсиман.

Тонгларингиз кулсин дориломон, ҳур,

Бахтим шул – ўзбекнинг Зулфиясиман.

 

Янги-янги авлодлар Зулфияхонимнинг ҳаёт ва ижодига қайта-қайта мурожаат қилиб, шоира сабоқларидан ибрат олгай, иншоаллоҳ. Унинг бетакрор ижоди, Ватанга муҳаббат, вафо ва садоқат туйғусини, олижаноб фазилатларни юксак пардаларда тараннум этган етук бадиий асарлари, босиб ўтган ҳаёт йўли маданиятимиз, маънавиятимизнинг ажойиб, бетакрор саҳифасидир.

 

Муҳтарама УЛУҒОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими