(раҳматуллоҳи алайҳ)

Хафс ибн Сулаймон ибн Муғира ибн Абу Довуд Асадий Куфий Баззоз (куняси Абу Умар) ҳижратнинг 90-йили туғилган. Имом Осимнинг (раҳматуллоҳи алайҳ) ўгай ўғли эди.

Қироатни Имом Осимдан (раҳматуллоҳи алайҳ) оятма-оят эшитиб ва ўзига қайта ўқиб бериш орқали ўрганди. Абу Амр Доний (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Имом Осимнинг қироатини одамларга тиловат қилиб бериб ўрганди. Бағдодга ва Маккага бориб, қироатини ўқиб берди”.

Яҳё ибн Маъин (раҳматул­лоҳи алайҳ) айтади: “Осим (раҳматул­лоҳи алайҳ) қироати­нинг саҳиҳи Абу Умар Ҳафс ибн Сулаймоннинг ривоятидир”.

Абу Ҳишоф Рифоий (раҳ­матул­лоҳи алайҳ) айтади: “Ҳафс Имом Осимнинг (раҳимаҳумаллоҳ) қироатини энг яхши билувчи шогирдларидан. У ҳарфларнинг аниқ-тиниқлигида Шўъбадан устундир”.

Имом Заҳабий (раҳматул­лоҳи алайҳ) айтади: “У қироатда ишончли ва аниқ-тиниқ ривоят қилишда ўта пухта эди”.

Ибн Мунадо (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай дейди: “Имом Осимга (раҳматуллоҳи алайҳ) бир неча бор ўқиб берди. Аввалгилар унинг ҳифзини Абу Бакр ибн Айёшникидан устун қўйди ва Осимга (раҳматуллоҳи алайҳ) ўқиб берган қироатининг ўта пухталиги билан мақтади. Уни одамларга узоқ вақт ўқиб берди. Имом Осимдан (раҳматуллоҳи алайҳ) олган қироати Али ибн Абу Толибга (розияллоҳу анҳу) бориб тақалади”.

Имом Ҳафсдан (раҳматул­лоҳи алайҳ) ривоят қилинади: «Мен Имом Осимга (раҳматул­лоҳи алайҳ): “Абу Бакр Шўъба қироатда менга хилоф қиляпти”, дедим. Имом Осим (раҳматуллоҳи алайҳ) деди: “Абу Абдураҳмон Суламий Али ибн Абу Толибдан (розияллоҳу анҳу) менга ўқиб берган қироатини сенга ўқиб бердим. Зирр ибн Ҳубайш Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розияллоҳу анҳу) менга ўқиб берганини эса Абу Бакрга ўқиб бердим”, деди».

Имом Ҳафснинг (раҳматул­лоҳи алайҳ) қироатини кўп инсонлар ўқиб бериш ва эшитиш орқали ривоят қилишди. Улар: Ҳусайн ибн Муҳаммад Марвазий, Амр ибн Саббоҳ, Убайд ибн Саббоҳ, Фазл ибн Яҳё Анбарий ва Абу Шуайб Қоввасдир (раҳимаҳумуллоҳ).

Имом Ҳафс (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳижратнинг бир юз саксонинчи йили вафот этди.

Нуринисо САМУҚ қизи тайёрлади.