Абу Амр Усмон ибн Умар – араб тили грамматикасининг етук олими, машҳур “Кофия” асари муаллифи. Отаси Амр Иззуддин Салоҳийнинг ҳожиб унвони (сарой “эшик оғаси”) бўлган. Шу сабабдан олим Ибн Ҳожиб номи билан танилган.

 

Ибн Ҳожиб курд миллатига мансуб бўлиб, 570 ҳижрий (милодий 1174) санада Исно шаҳрида туғилди. Ёшлик чоғидан Қуръони карим қироати ва фиқҳни ўрганди. Замонасининг етук олимлари Исмоил ибн Ёсин, Муҳаммад ибн Аҳмад Артоҳий, Ҳибатуллоҳ ибн Али Бусайрий, Юсуф Ғазнавий, Али ибн Исмоил, Ғиёс ибн Форисдан таълим олди.

Араб тили грамматикасини мукаммал ўрганиб, тилшунос олим сифатида танилди. Кўп ўринларда наҳв олимларига инкор этиб бўлмас далиллар келтирди. Бундан ташқари, усулул фиқҳ илмидан ҳам дарс берди.

Илм бешиги ҳисобланган Қоҳирада зеҳни ўткир, солиҳ, омонатдор ва тавозели бу инсон учун қаср эшиклари, уламоларнинг қалб тўри очилди. Ҳатто “Олимларнинг энг зийраги”, деган эътирофга сазовор бўлди.

Олим бир неча шаҳарларга саёҳат қилди. Ҳижрий 617 йили Дамашққа келиб, фиқҳдан дарс берди. Кейинчалик Қоҳирага қайтиб, мадрасада фаолият юритди. Умрининг охирларида Искандарияга кўчиб ўтиб, таълим беришни давом эттирди.

* * *

Ибн Ҳожибдан жуда кўп асарлар мерос қолган. Улардан энг машҳури “Кофияту завил иъраб фи маърифати каломил араб”дир. Қисқача “Кофия” номи билан машҳур бу асар наҳв илмидаги мўъжаз кема, яъни муқаддима ҳисобланади. Абу Ҳайён (раҳимаҳуллоҳ): “Бу китоб фақиҳларнинг наҳвидир”, деб айтган. “Кофия”нинг мухтасарлари ва 5 та назмда ёзилган нусхаси бор.

Шунингдек, асарга олт­мишдан ортиқ шарҳ битилган. Улардан энг машҳури Абдураҳмон Жомийнинг “Шарҳ мулла Жомий” номли асари бўлиб, асл номи “Ал-Фавоид аз-Зиёийя”дир.

Ибн Ҳожибнинг сарф илмида “Аш-Шофия”, моликий фиқҳида “Мухтасарул фиқҳ”, аруз илмида “Мақсудул жалил” деб номланган қасидалари, “Ал-амолий ан-наҳвийя” ва Замахшарийнинг “Муфассал” китобига “Ал-Ийзоҳ” номли шарҳи машҳурдир.

* * *

Имом Ибн Дақиқ Ийд айтади: “Ибн Ҳожибга балоғат жуда ҳам осон эди. Ҳикмат чашмаси ундан булоқ каби отилиб туради”. Қози ибн Халликон олим ҳақида бундай дейди: “Олдимга келганида араб тилидаги қийин масалаларни сўрар эдим. У сўраган нарсамга ўйлаганимдан яхшироқ жавоб берарди”. Аллома Ибн Абу Шома бундай дейди: “Ибн Ҳожиб туғма истеъдод соҳиби бўлиб, зийракликда ҳеч ким унга тенг келмаган. Илмда моҳир, ғоят тавозели, илм ва унинг аҳлига муҳаббатли, қийинчилик ва озорларга сабр этадиган, илмни сидқидилдан тарқатадиган инсон эди”.

Ибн Ҳожибдан дарс олган шогирдлар сони йигирмадан ошади. Улар орасидан замона олимлари етишиб чиққан.

Ибн Ҳожиб ҳижрий 646 йил шаввол ойининг 26-куни Искандарияда оламдан ўтди. Бобул Баҳрдаги “Шайх Солиҳ ибн Абу Шома” мақбарасига дафн этилди.

 

Ҳасанбой ЭРГАШЕВ,

Тошкент ислом институти 1- босқич талабаси