Баҳорнинг изғиринли илк кунларида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари вафот этгани мусулмонлар учун катта йўқотиш бўлди.

Боқийлик фақат Аллоҳга хос. Устоз бу ва бошқа ақидавий масалаларни ҳар бир мусулмон ақлига жойлаб олиши кераклигини доимо таъкидлар, бунинг учун “Сунний ақидалар”, “Ҳадис ва ҳаёт” силсиласининг 2-жилди ва “Ақидатут-Таҳовия” шарҳининг талхийси каби зарур ва бирламчи манба, адабиётларни халқимизга тақдим қилгандилар.

Ақида Исломнинг пойдеворидир. Шунинг учун ҳам улуғ олим бу масалани шиор даражасига кўтаргандилар: “Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақида ва мусаффо Исломга интилиш...”

Устоз билан боғлиқ хотиралар кўз ўнгимда бир-бир жонлана бошлади. Хаёлим талабалик давримга кетди. Мен Шайх ҳазратларидан таълим олган бахтиёр шогирдлардан бириман. Ислом университетида таҳсил олаётганимизда устоз бизга ақида ва усули фиқҳ фанларидан араб тилида сабоқ берганлар. У зот ўзбек тилида қандай моҳир нотиқ бўлсалар, араб тилида ҳам шунчалик равон, бир текис ва эркин маъруза ўқирдилар.

Дарслар кетма-кет икки пара давом этар, дарс тугашига ўн-ўн беш дақиқа қолганида устоз мавзуни тугатардилар. Навбат ўзбекча савол-жавобга келарди. Бунда ҳамма ўзини қизиқтирган саволлар билан бевосита ҳазратга мурожаат қилиб, жавоб олиш имконига эга эди. Аудитория ана шундай пайтларда жонланиб кетар, ҳамма бу фурсатдан имкон қадар кўпроқ фойдаланиб қолишга шошарди. Шундай кунлардан бирида саволлар берилиб, жавоблар олиб бўлингач, устоз: “Энди мен сизлардан сўрайман: хабарингиз бор, ғарблик бир бадбахт кимса Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни масхаралаб расм (карикатура) чизди. Бу барча мусулмон дунёсининг кескин норозилигига сабаб бўлди. Баъзи мамлакатларда ғазабларини жиловлай олмаган кишилар ҳар хил нораво ишларга ҳам қўл уришди. Юртдошларимиз ўзларини қийнаган шундай саволлар билан менга мурожаат қилишди: “Хўш, биз норозилигимизни қандай ифодалашимиз керак?”» Ҳамма жим эди. Ҳазратнинг ўзлари гап бошладилар: “Бундай пайтларда ҳар бир мусулмон ўзига: “Мен Пайғамбаримизни қай даражада танийман? У зотга муҳаббатим қанчалик самимий?” деб савол бериши керак. Бунга қониқарли жавоб топилганида эса, оила аъзоларига у зот (алайҳиссалом)ни танитиш, фарзандлари қалбида муҳаббатларини уйғотиш содир этилган жоҳилона ҳурматсизликка энг тўғри жавоб бўлади!”

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)ни таниш, у зотни яхши кўриш учун аввало, Қуръон ва суннатни, Расулуллоҳ (алайҳиссалом) сийратларини яхшилаб ўрганиш лозим. Шайх ҳазратлари бу борада жуда кўп хайрли ишлар қилдилар: олти жилдли “Тафсири Ҳилол”, кўп жилдли “Ҳадис ва ҳаёт”, Пайғамбаримиз сийратларига бағишланган “Ҳазрат Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)” ва яна кўпгина асарлар, веб саҳифалар... Устознинг шиорларидаги ушбу сатрлар ёдга тушади: “Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш...”

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари интернетда ҳар куни юзлаб кишилар саволларини қолдиришарди, улар орасида самимий, билмаганини ўрганиш учун сўрайдиганлар ҳам, ўзи тутган нотўғри йўлидан бошқасини қабул қилмайдиган мутаассиб жоҳил кимсалар ҳам бўларди. Устоз уларнинг барчасига бирдек қаноатлантирувчи жавоблар берардилар. Чунки шиорлари: “кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш, диний саводсизликни тугатиш, ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш, мутаассиблик ва бидъат-хурофотларни йўқотиш” эди. Устоз бу билан чекланмадилар. “Ислом мусаффолиги йўлида”, “Шоядки тақводор бўлсак”, “Ислом маънавий жиноятларга қарши”, “Ихтилофлар ҳақида”, “Дин насиҳатдир”, “Ижтимоий одоблар”, “Мазҳаблар – бирлик рамзи”, марҳум шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг “Мазҳабсизлик – ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир” номли асарининг ўзбек тилига таржимаси каби ўнлаб асарлар таълиф қилдилар, диний-маърифий сайтлар ташкил этиб, кенг жамоатчиликка Ислом зиёси ва маърифатини тарқатиб келдилар.

Яқинда Ислом оламининг кўзга кўринган 120 дан ортиқ уламолари террорчилар тўдаси ИШИДга раҳбарлик қилаётган, ўзини Абу Бакр Бағдодий деб номлаб олган шахсга очиқ хат ёзиб, бу жиноятчи гуруҳга нисбатан бутун дунё мусулмонлари номидан муносабат ва асосли раддиялар билдиришди. Мазкур очиқ хат муаллифларидан бири Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари эди. Устознинг “Очиқ хат” номли рисоласида бугунги кунда кўпгина мусулмонлар йўлиққан илмсизлик муаммоси, вазиятга қараб иш кўриш ҳикмати, зарарларнинг олдини олиш, воқелик фиқҳи каби қимматли маълумотлар, турли бузғунчи тоифаларга, хусусан, ИШИДга асосли раддиялар келтирилган.

Шайх ҳазратлари доимо одобга, маънавий камолотга катта эътибор берардилар. Устознинг “Тасаввуф ҳақида тасаввур”, “Ислом маънавий жиноятларга қарши”, “Ижтимоий одоблар”, “Одоблар хазинаси” каби асарларида шахс камолотидан жамият камолотигача зарур бўлган барча жиҳатлар кенг ёритиб берилган.

Шайх ҳазратларининг вақтларига Аллоҳ барака берган эди. Яқин шогирдларидан бири эслашича, ҳазрат кун соатларини тақсимлаб олган эдилар. Эл-юрт ичидаги турли йиғинлар, қабул соати, зикр вирдлар, турли келди-кетдилар, жисмоний машғулот учун алоҳида вақт белгилагандилар. Кунига 10 варақ янги китоб ёзиш билан бирга 30 варақ янги китобдан мутолаа қилишни ҳам вазифа қилиб олгандилар. Бирор кун тарк этмасдилар. Баъзан сафарлар сабабидан вазифа тарк бўлиб қолса, уйга қайтгач, ўрнини тўлдириб қўярдилар. Ҳатто баъзан кунига 30 – 40 вараққача таълиф қилган пайтлари ҳам бўлган.

Шайх ҳазратлари халқаро ҳаётда ҳам фаол бўлиб, Робита ал-олам ал-исломийнинг таъсис мажлиси, Бутундунё тасаввуф уюшмаси, Бутундунё мусулмон халқлар бошқарувининг Бош котибияти, Бутундунё даъват уюшмаси, Бутундунё уламолари кенгаши, Бутундунё ислом уюшмаси, Макка шаҳридаги Бутундунё мутафаккир уламолари йиғинининг ижроия қўмитаси, Бутундунё масжидлар уюшмаси, Иорданиядаги Оли Байт муассасасига қарашли Исломий фикрлар академияси каби ўнлаб халқаро ташкилотларнинг аъзоси эдилар.

Шайх ҳазратлари рисоладаги мусулмон, яъни, ҳақиқий мўмин учун зарур бўлган барча хислатларга эга эдилар.

Парвардигор жаннатмакон юртимизга Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларидек етук олимни неъмат қилиб берган эди, қайтариб олди. Уламоларнинг барчалари Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) меросхўрлари, йўлчи юлдузлардир, уларсиз халқ тўғри йўлни топа олмайди. Дуо қилайлик, Аллоҳ таоло Ўзининг назари тушган табаррук заминимизни ўнлаб, юзлаб ана шундай уламолар билан сийласин!

Нўъмонхон АТАБАЕВ,

Тошкент ислом университети тадқиқотчиси