Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан Имом Бухорий (ваф.256/870 й.), Имом Мотуридий (ваф. 333/944 й.), Бурҳониддин Марғиноний (ваф. 593/1197 й.), Имом Абул Баракот Насафий (ваф. 710/1310 й.) каби йирик алломаларнинг асарларига шарҳлар ёзиш эҳтиёжи туғилди. Шу сабабли ўрта асрларда уларни шарҳловчи олимлар – шориҳлар етишиб чиқди.

Ана шундай шориҳлардан бири Бадриддин Айний бўлиб, тўлиқ исми Маҳмуд ибн Аҳмад ибн Мусо ибн Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Юсуф ибн Маҳмуддир[1]. Олим ҳижрий 762 йил 26 рамазон (милодий 1361 йил 30 июль) шанба куни Шом шаҳрида таваллуд топган. Баъзи манбаларда аллома “Ҳалабий”, кейинчалик Қоҳирада яшагани учун “Қоҳирий” нисбалари билан аталган. Олимга ўша даврдаги уламолар “Қозиюл қузот” (бош қози) ва “Бадриддин” (диннинг тўлин ойи) каби лақаб (унвон)лар беришган. Кунялари Абуссано ва Абу Муҳаммаддир. Бадриддин Айний туркий тилни ҳам яхши билган[2].

Бадриддин Айний 783/1381 йили Ҳалаб шаҳрига сафар қилди. У ерда бош қози Жамолиддин Юсуф ибн Мусо Паздавийга (ваф. 803/1401 й.) олган илмларини ўқиб бериб, унинг тасдиғидан ўтказди. Устозидан Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ал-Ҳидоя” асари ва Фахрулислом Паздавийнинг (ваф. 482/1089 й.) усул илмига оид асаридан сабоқ олди. Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Сайромийдан (ваф. 890/1485 й.) ҳам “Ал-Ҳидоя” асарининг кўп қисмини ва бошқа асарларни эшитди. Шайх Микоил ибн Ҳусайн ибн Ҳанафийдан (ваф. 798/1396 й.) “Мухтасар ал-Қудурий” асарини ва имом Абул Баракот Насафийнинг манзумаларини ўрганди.

Аллома фиқҳ, тарих, тафсир, араб тили қоидалари битилган асарларни шарҳлади. Шарҳларнинг қўлёзма нусхалари дунё кутубхоналаридан жой олган. Ҳозирда чоп этилган ва чоп этилмаган китобларининг сони олтмиш тўққизта[3]. Тадқиқотчи Солиҳ Юсуф Маътуқ алломанинг асарлари ҳақида шундай сўзларни келтириб ўтади: “Бадриддин Айнийнинг асарлари уч турга бўлиб ўрганилади. Биринчиси, чоп этилган асарлари. Иккинчиси, дунё кутубхоналаридаги қўлёзма нусхалари – ҳали чоп этилмаганлари. Учинчиси, алломага нисбат берилган асарлар – манбаларда номи келган, бироқ қўлёзмаси ҳам, чоп этилган нусхаси ҳам бўлмаган асарлар”.

Бадриддин Айний кўплаб олимлар қатори Мовароуннаҳр ўлкасидан етишиб чиққан уч забардаст уламонинг асарларига шарҳ битган. Биринчиси, “ал-Биноя фи шарҳ ал-Ҳидоя” номли фиқҳ илмига оид асар бўлиб, у Имом Бурҳониддин Марғинонийнинг фиқҳга доир “ал-Ҳидоя фи шарҳ ал-бидоя” асарига битилган. Иккинчи асарининг номи “Рамз ал-ҳақоиқ фи шарҳи канз ад-дақоиқ” бўлиб, у Абдул Баракот Насафийнинг фиқҳга оид “Канз ад-дақоиқ” асарига шарҳдир. Учинчиси “Умдат ал-қорий шарҳи Саҳиҳ ал-Бухорий” номли фиқҳ илмига оид асар бўлиб, у муҳаддислар султони Имом Бухорийнинг ҳадис илмига оид “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарига шарҳ ҳисобланади.

Бадриддин Айний асарларни шарҳлаш жараёнида бошқа уламоларнинг асарларидан кенг фойдаланган. Жумладан, “Умдат ал-қорий шарҳи Саҳиҳ ал-Бухорий” асарини ёзишда Маҳмуд Замахшарий (ваф. 538/1143 й.) китобларига мурожаат қилган. Ушбу асар илк бор Туркиянинг “Остона” босмахонасида 1308/1960 йили 11 жуз қилиб чоп этилган. Кейинчалик Мисрдаги “ал-Мунирия” босмахонасида 1384/1964 йили 12 жилд қилиб, 25 та жузни ўзига сиғдирган шаклда чоп этилди.

“Рамз ал-ҳақоиқ фий шарҳу канз ад-дақоиқ” асари шарҳи билан бирга икки мужаллад ҳолида Қоҳирада “Амирия” босмахонасида 1285/1868 йили чоп этилган. Мисрдаги “Майманийя” босмахонасида эса дастлаб 1285/1868 йили, сўнг 1320/1902 йили икки жилдда чоп этилди. Ушбу асарга Абдул Мунъим ибн Муҳаммад Қалъий Ҳанафий (ваф.1174/1761 й.) “Рафъ ал-авоиқ ан фаҳми рамз ал-ҳақоиқ” (Ҳақиқатлар ишорасини тушунишда тўсиқларни кўтариш) номи билан шарҳ битган.

Бадриддин Айний “ал-Биноя фи шарҳ ал-Ҳидоя” асарини 850 йил 20 муҳаррам (1446 йил 17 апрель) куни ўз мадрасасида якунлаган. Аллома “ал-Ҳидоя” асари муаллифи Бурҳониддин Марғинонийга тўртта шайхдан ижоза санади билан боғланишини зикр қилиб ўтган.

“Ал-Биноя фи шарҳ ал-Ҳидоя” асари дастлаб 1293/1876 йили Ҳиндистонда тўрт жуз шаклида чоп этилган. Сўнг Байрутдаги “Дор ал-фикр” босмахонсида 1400/1980 ва 1408 /1988 йилларда катта ададларда нашр этилди.

Бадриддин Айний 855 йил 4 зулҳижжа (1451 йил 28 декабр)да вафот этди ва эртаси куни тонгда Азҳар университетида жаноза ўқилиб, ўз мадрасаси ёнига дафн этилди.

Фозилжон ОхунжОнов,

ТИУ магистранти



[1] Бадриддин Айний. Умдат ал-қорий шарҳи Саҳиҳ ал-Бухорий. ­– Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2009. – 55-бет.

[2] Бадриддин Айний. Ал-биноя фи шарҳ ал-Ҳидоя ­– Байрут: Дор ал-фикр, 1980. – 3-бет.

[3] Солиҳ Юсуф Маътуқ. Бадриддин Айний ва асаруҳу фи ал-ҳадис ­– Макка: Дор ал-башар исломия, 1982. – 89-бет.