Имом Зуфар ибн Ҳузайл (раҳимаҳуллоҳ) йирик фақиҳ, имом Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит (раҳ­матуллоҳи алайҳ)нинг энг пешқадам издошларидан бўлган. У зот қиёс борасида қалби закий ва назари ўткир инсон эди.

Куняси Абул Ҳузайл, тўлиқ исми шарифи Зуфар ибн Анбарий Басрий ибн Ҳузайлдир. У киши (раҳматуллоҳи алайҳ) 110 ҳижрий санада отаси Исфаҳонда волийлик қилиб турган пайтларида дунёга келган.

Абу Нуъайм Исфаҳоний “Исфаҳон тарихи” китобида ёзади: “Зуфар Язид ибн Валид халифалик пайтида Исфаҳонда, Бозаон деган қишлоқда яшаганди. Ҳузайлнинг учта ўғли бўлиб, биринчисининг исми Кавсар, иккинчисининг исми Ҳарсама, учинчисининг исми Зуфар эди”.
Имом Зуфар ибн Ҳузайл (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳадис аҳлидан эди. У киши ва издошлари бир қийин масалага дуч келишади. Шунда Имом Зуфар (раҳматуллоҳи алайҳ) Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг олдига боради. Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) жавоб беради. Имом Зуфар (раҳматуллоҳи алайҳ) Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ)дан: “Бу масала жавобини қаердан топдингиз?” деб сўрайди. Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ): “Фалон ҳадисга кўра ва фалон қиёсга кўра”, деб жавоб беради. Сўнгра: “Агар масала мана бундай бўлганида, жавоби нима бўлар эди?” деб сўрайди. Имом Зуфар: “Мен бу масалада олдин қийналганимдек яна қийналар эдим”, дейди. Абу Ҳанифа яна бир неча масалани ва уларнинг жавобини айтиб, сабабларини тушунтиради. Зуфар ибн Ҳузайл (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: «Мен ўшандан кейин Абу Ҳанифа ҳузуридан дўстларимнинг олдига бордим ва улардан менга айтилган масалалар ҳақида сўрадим. Улар бу борада мендан кўра ожизроқ эдилар. Мен уларга Абу Ҳанифа айтган жавоб­ларни ва изоҳларни етказдим. Улар: “Бу масалалар жавобини қандай топдинг?” дейишди. Мен: “Абу Ҳанифадан сўрадим”, дедим».
Ушбу воқеадан сўнг Имом Зуфар ибн Ҳузайл (раҳматуллоҳи алайҳ) Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ)­нинг ҳузурларига келди. У киши Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) билан китоблар ёзган ўн нафар катта шогирднинг бирига айланди. Ибн Фазлуллоҳ Умарий ҳам ўзининг “Масоликул абсор” китобида маълумотларни батафсил келтириб ўтади.
Муҳаммад ибн Усмон айтади: «Мен отам ва амаким Абу Бакрдан Зуфар ибн Ҳузайл (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳақида сўрадим. Улар: “Зуфар ибн Ҳузайл (раҳматуллоҳи алайҳ) ўз замонасининг энг етук фақиҳларидан бири эди”, дедилар. Отам Фазл ибн Дукайндан шундай ҳикояни эшитган экан: «Зуфар уйланадиган бўлди. Тўйга Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳам борди. Зуфар Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ)га “Сўзланг!”деди. Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) хутба ўқидилар. Хутбаси асносида: “Бу Зуфар ибн Ҳузайл, у Ислом динининг пешволаридан, ҳасаб, насаб ва илмда пешво кишидир”, деди. Шунда Зуфарнинг айрим қариндошлари: “Абу Ҳанифадан бошқа хутба ўқийдиган киши йўқмиди? Амакингнинг ўғли, ўз қавмингнинг улуғи келиб, ҳозир бўлиб турса-ю, биз Абу Ҳанифадан хутба ўқиб беришини сўрасак?!” дейишди. Шунда Зуфар ибн Ҳузайл (раҳматуллоҳи алайҳ) деди: “Агар бу ерга менинг ­от­ам келса ҳам, устозим Абу Ҳанифани ундан устун қўяр эдим”». Зуфар ибн Ҳузайл (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг фазилатига Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) кўрсатган ҳурмат-эътибор етарли далилдир.
Малиҳ ибн Вакиъ айтади: «Мен отамнинг: “Зуфар ибн Ҳузайл жуда тақводор, чиройли қиёс қиладиган, кам ёзадиган, ёзганларини эса ёдлаб қоладиган киши эди”, деганини эшитганман». Ибн Аби Имрон фақиҳ ҳақида: “Зуфар ибн Ҳузайл жуда шарафли оиладан эди. Унинг онаси араб эмасди. Шу сабабли Зуфар ибн Ҳузайл ажамларга ўхшарди. Талаффузи эса арабларникига тортарди”, деган фикрларни айтади. Ибн Абдулбар эса: “Зуфар ибн Ҳузайл ақлли, дину диёнатли, ўткир фаҳмли ва тақводор киши эди. У ҳадисда ишончли – сиқа эди”, деб хотирлайди.
Имом Зуфар 158 ҳижрий сананинг шаъбон ойида Басрада вафот этган.
 
Тошкент Ислом институти ўқитувчиси 
Фазлиддин СУВОНОВ
тайёрлади.