Машҳур ҳанафий олим Муҳаммад Ашраф Али Таҳонавий 1863 йилда Ҳиндис­тоннинг Музаффарнагар вилоятига қарашли Таҳона Баҳун қишлоғида таваллуд топган. Унинг отаси қишлоқда кўзга кўринган, зиёли ва бадавлат киши эди. Ашраф Али ёшлигида Қуръонни тўлиқ ёд олиб, араб ва форс тилларини ўргана бошлади. Кейинчалик “Девбанд” мадрасасига ўқишга кириб, ўз даврининг етук олимлари Муҳаммад Қосим Нанутвий, Рашид Аҳмат Ганговий, Муҳаммад Ёқуб Нанутвий ва Маҳмуд Ҳасан Девбандийлардан дарс олди.

У табиатан ўта камтар ва босиқ эди. Буни қуйидаги воқеа мисолида ҳам кўриш мумкин. Мадраса битирувчиларига ҳужжат топшириш маросимидан олдин, Ашраф Али Таҳонавий баъзи дўстлари билан мадраса мудири шайх Муҳаммад Ёқуб Нанутвийни қабулига кириб: “Бизга мадрасани битирганимиз тўғрисида гувоҳнома бериб, бошимизга салла кийдирилар экан, лекин биз бунга лойиқ эмасмиз, ҳали кўп ўқиб, ўрганишимиз керак. Биз каби илмсиз талабалар “Девбанд”ни битириб чиқса, мадраса номига доғ тушмасин деб, хавотирдамиз. Шунинг учун бизга салла ҳам кийдирманг, гувоҳнома ҳам берманг”, дейишади. Шунда шайх Муҳаммад Ёқуб: “Сизлар етук устозлар орасида юрибсиз, шунинг учун ўзингизни илмсиздек ҳис қиляпсиз. Аминманки, мад­расани битириб чиққач, кўзга кўринган олим бўласизлар”, деган экан.
Ҳақиқатан ҳам, Таҳонавий мадрасани битиргач, Канпур шаҳридаги мадрасада узоқ йил талабаларга дарс берди. У қисқа муддат ичида ўз илми ва тафаккури билан халқ орасида машҳурликка эришди. Ёш бўлишига қарамай, шайх Муҳаннак (тажрибали шайх) номини олди.
Олим ҳаёти давомида кўплаб шогирдлар етиштирди. Улар илму маърифат соҳасида устозлари янглиғ, ўз номларини тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битиб қўйишди. “Саҳиҳул Бухорий”ни тўлиқ санади билан ёд олган шайх Муҳаммад Исҳоқ Бардаваний, кўплаб китоблар муаллифи Ҳаким Муҳаммад Мустафо Бажнуврий ҳамда “Иълоус Сунан” китоби муаллифи шайх Зафар Аҳмад Усмоний ва бошқалар шулар жумласидандир.
Таҳонавий умри давомида мингдан ортиқ китоб ва рисолалар ёзди. “Тафсирул Баён, “Аҳкомул Қуръон”, “Имдодул фатаво” каби асарлари билан, айниқса, катта шуҳрат қозонди.
Ислом тарихида ёрқин из қолдирган, кўплаб асарлар муаллифи Ашраф Али Таҳонавий 1943 йилда вафот этди ва ўз қишлоғи Таҳона Баҳундаги “Ишқи Базон” қабристонига дафн қилинди.
 
“Иълолус Сунан” китобидан
ТИИ ходими 
Ўрол Назар Мустанов 
таржимаси.