Алишер Навоий Мовароуннаҳрда Қуръон илмларини, жумладан, тафсирни ёйиш учун ўз даврининг етук олим ва муфассирларини жалб қилган.
Ўша давр муфассирларидан бири мовароуннаҳрлик Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Жавоҳирут тафсир” ва “Мавоҳиби алийя” асарлари бевосита Алишер Навоий таклифи билан ёзилган.
Алишер Навоийнинг “Назмул жавоҳир”, “Мажолисун нафоис”, “Ҳайратул аброр”, “Ситтаи зарурия”, “Насоимул муҳаббат”, “Тарихи анбиё ва ҳукамо”, “Сирожул муслимин”, “Хамсатул мутаҳаййирин” каби асарларида муаллиф Қуръон ва унинг илмларини пухта эгаллагани намоён бўлади.
Масалан, шоир “Назмул жавоҳир” асарида Қуръон ўқишнинг фойдаси ҳақида бундай ёзади:
 
Олам эли ичра гар гадо, гар шоҳ эрур,
Не дардки ул кўнгли аро ҳамроҳ эрур,
Қуръонни тиловат этсун, гар огоҳ эрур,
Эл дардига чун даъво Каломуллоҳ эрур.
 
Бошқа бир байтида:
 
Қуръонки эрур муждаи жоний ўқумоқ,
Йўқ, йўқки, ҳаёти жовидоний ўқумоқ,
Бил, кўнгулга истасанг шифони ўқумоқ,
Ким келди кўнгул шифоси они ўқумоқ, 
деб ёзади.
Бу сатрлар Исро сурасининг: “(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз”, оятига ишорадир. 
Давлат арбоби сифатида катта ҳуқуқларга эга бўлган ҳазрат Навоий куч-ғайратини эл-юрт хизматига, халқ фаровонлиги ва осойишталигини таъминлашга сарфлади. 
XV асрнинг иккинчи ярмида Мовароуннаҳр ва Хуросонда Қуръон тафсири, ҳадис, фалсафа, адабиёт, тарих, мусиқа, рассомлик ва хаттотлик илмлари ривожланди. Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий ўз меҳнат ва ижоди билан нафақат туркий адабий тилга асос солди, балки  Мовароуннаҳрда Қуръон ва тафсир илмларининг ривожланишига ҳам ҳисса қўшди.
Юртбошимиз таъкидлаганларидек, “Агар биз ҳазрат Навоийни шоир десак, шоирлар шоири, агар мутафаккир десак, мутафаккирлар мутафаккири, агар авлиё десак, авлиёларнинг авлиёсидир”.
 
Аброр АЛИМОВ,
Тошкент шаҳар “Қатортол” масжиди имом-хатиби