Ҳанафий мазҳаби асосчиси Имоми Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг саҳобалари яшаган замонда таваллуд топиб, улардан тўққиз нафари билан яқиндан мулоқот қилиш бахтига муяссар бўлган.

Ривоят қилинишича, Имоми Аъзамнинг отаси Собитни болалик чоғида бобоси Зутий Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу)нинг ҳузурига олиб бориб, унинг ҳақига дуо қилишини сўрайди. Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу) Аллоҳ таоло бу боланинг ўзига ва зурриётига баракот берсин, деб дуо қилади. Аллоҳ таолонинг иродаси билан Собитнинг зурриётидан Имоми Аъзам (Улуғ имом) чиқади. Имом Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) чиройли юзли, хушмуомалали ва ширин сўзли бўлган. Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) виқор ва салобатли, кўп фикрлаб, кам гапирар эди. Фойдасиз ва бекорчи гап-сўзларни ёқтирмас, саволларга қисқа ва лўнда жавоб берадиган зукко мужтаҳид олим эди. У ҳақида Ҳорун ар-Рашид бундай дейди: “Кишилар кўз билан кўролмайдиган нарсаларни Абу Ҳанифа ақл кўзи билан кўради”. Имом Абу Юсуф (раҳматуллоҳи алайҳ) айтадилар: “Устозим Имоми Аъзамдек ақлли ва мурувватли инсонни кўрмадим”.

Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) шогирдлари ва бош­қа одамларга жуда кўп ик­ром ва эҳсон қиладиган, раҳмдил ва хушфеъл инсон эди.

Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) минглаб талабаларга сабоқ берган, улардан қирққа яқини мужтаҳидлик мартабасига эришган. У зот масалаларни ҳал этишда Қуръонга, суннатга, ижмога, қиёсга ва саҳобаларнинг қавлларига суянган. Бу ҳақда ўзлари бундай деганлар: “Мен, аввало, ҳукмни Аллоҳнинг китобидан оламан, ундан топмасам, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатларидан оламан. Агар Аллоҳнинг китобидан ҳам, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг суннатларидан ҳам топа ол­масам, саҳобаларнинг қавлидан оламан, агарда улар ихти­лоф қилган бўлсалар, уларнинг сўзидан Қуръон ва ҳадисга яқинроғини оламан, уларнинг гапидан бошқаникини олмайман. Агарда саҳобаларнинг сўзидан ҳам топа олмасам, ўзим ижтиҳод қиламан”.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) 767 йили Куфа шаҳрида вафот этган. У Бағдод шаҳрида дафн этилган.

Андижон шаҳридаги “Абу Ҳурайра”
жоме масжиди имом-хатиби

Шаробиддин МУСАБОЕВ
тайёрлади.