Имом Шибровийнинг тўлиқ исми Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Омир ибн Шарофиддин  Шибровий Жамолиддин Абу Муҳаммад Мисрий Азҳарий Шофиъийдир. Имом Шибровий милодий 1681 йили Мисрда зиёли оилада туғилиб ўсиб-улғайди. Унинг бобоси шайх Омир Шибровий Мисрда фатво борасида шуҳрат қозонган бўлиб, ўз даврининг кўплаб етук уламолари ундан дарс олишган. Набираси Имом Абдуллоҳ Шибровий ҳам аввал бобосидан, сўнгра “Ал-Азҳар”нинг биринчи шайхи имом Муҳаммад Харашийдан таълим олди.

“Унвонул баён ва бўстонул азҳон ва мажмуъ насоиҳ фил ҳикам” китоби халқ орасида “Унвонул баён" номи билан машҳурдир. Бу шеърий девонда панду насиҳатлар, ҳикматлар ва зарбулмасаллар тўпланган. Муаллиф китобни етти услубда тартибга келтириб, ҳар бир услуб  сўнгидан бир зарбулмасал келтиради. Биринчи бор ҳиж­рий 1275 йил Мисрда нашр қилинган бу асар муаллифи Имом Шибровий (раҳматуллоҳи алайҳ)дир.

Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Шиб­ровий (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳадис, фиқҳ, усулул фиқҳ, ақоид, адабиёт, шеърият ва бошқа бир қанча илмларни эгаллаган забардаст олим, ўз вақтида “Ал-Азҳар”нинг шайхи бўлган. Ўзининг “Ажоибул асор фит тарожим вал ахбор” китобида Имом Абдуллоҳ Шибровий ҳақида кўплаб маълумотлар берган машҳур тарихчи олим Абдурраҳмон Жабратий уни ўз даврининг етук олимларидан бўлганини таъкидлайди. У Шиб­ровийнинг меҳрибон, бағрикенг, олижаноб ва доно бўлганини, олим ва солиҳ кишиларни яхши кўриб, ҳимоя қилганини ҳам зикр қилади.  

Имом Шибровий (раҳматуллоҳи алайҳ) “Унвонул баён ва бўстонул азҳан”, “Маноиҳул алтоф фи мадоиҳил ашроф”, “Ал манҳалул мавруд фи шарҳи қасидати Аҳмад ибн Масъуд”, “Шарҳу рисалатул аздийя фил вазъ” каби тарих ва адабиётга оид бир қанча асарлар ёзиб қолдирди.

“Унвонул баён” китобида зарарли ва ёмон хулқлардан узоқ бўлиш, инсонларга чиройли муомала қилиш, ҳасад ва зулмдан сақланиш, тақдирга ишониш, шукроналик ва сабр, сахийлик, бахиллик, ихлос ва таваккул, илм­нинг фазилати, илмсизлик ва тил офатлари, лоқайд­ликнинг зарарлари, нафснинг ёмонлиги каби мавзулар баён этилган.  

Китобда ҳушёрлик ва эҳтиёткорлик борасида бундай дейи­лади: “Кечаги кунидан ибрат ва панд-насиҳат олган, огоҳ ва эҳтиёткор киши ҳақиқий оқил кишидир”.

“Сен барча ҳолатларда ҳам огоҳлик ва эҳтиёткорликни лозим тут. Эҳтиёткорликни ўзингга қўрғон қил. Шунда сен даврнинг қийинчиликлари ва фитналаридан ҳамда ҳар хил зарарли хатарларидан ҳимоя қиладиган қўрғонга эга бўласан”.

Неъматнинг қадрига етиш ва унга шукр қилиш ҳақида бундай дейилади: “Агар сен бирор неъматга эга бўлсанг, унинг риоясини қил. Зеро, гуноҳ-маъсиятлар неъматни кетказади. Сен Аллоҳ таолога шукр қил ва неъматида давом эт. Чунки Аллоҳ таолонинг интиқоми тездир”. “Касал қалб ботил ишларга мойил бўлади. Аллоҳнинг тақдирига рози бўлмаган киши умр бўйи хафа ҳолда яшайди”.

Бир хушхабар: Мазкур асарни Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари ўзбек тилига таржима қилаётгани тўғрисида эшитдик. Ул ҳазратнинг бу хайр­ли иши ҳусни хотима топишини Аллоҳдан тилаб қоламиз.

Манбалар асосида “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси
Аббос ҚОСИМОВ тайёрлади.