Саҳобалар орасида Қуръонни худди Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­га нозил этилганидек тиловат қиладиган қорилар талайгина эди. Улар ўз билимларини тобеинларга, тобеинлар эса ўзларидан кейингиларга мерос қолдиришди. Қуръони карим бизгача ҳеч қандай ўзгаришларсиз, илк нозил бўлган пайтдаги каби етиб келишида шу зотларнинг хизматлари беқиёс. Улардан бири забардаст олим, тажвид илмининг етук намояндаси, ҳофиз, муҳаддис, фақиҳ Муҳаммад ибн Жазарий (раҳматуллоҳи алайҳ)дир.
 
Тўлиқ исми Абул Хайр Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Али ибн Юсуф Жазарийдир. Ота-боболари (Дажла дарёси бўйидаги Жизра шаҳри – ҳозирги Туркия) Ибн Умар ярим­оролида яшаб ўтгани учун олим “Жазарий” нисбати билан аталган.
 
Имом Жазарий ҳижрий 751 йил Рамазон ойининг 25-куни, шанба кечасида дунёга келди.
 
Манбаларда келтирилишича, Имом Жазарийнинг отаси кўп йиллар фарзанд кўра олмаган. 750 ҳижрий йилда ҳаж ибодатини адо этиш асносида Замзам сувидан ичиб, Аллоҳдан солиҳ фарзанд ато этишини сўраб дуо қилади. Орадан бир йил ўтгач, Рамазон ойида кичкина Муҳаммад дунёга келади.
 
Муҳаммад Дамашқ шаҳрида вояга етди. 13 ёшга тўлганида Қуръони каримни хатм қилади. 14 ёшга етгач эса таровеҳ намозларида Қуръони каримни тиловат қилиб беради. 17 ёшида устозларига барча қироатларни жамлаб, ўқиб беради.
 
Имом Жазарий ҳаёти давомида бир неча маротаба ҳаж қилган. Илм талабида Мисрга бориб, у ердаги қироат шайхларидан таҳсил олган. У зот фақатгина тажвид илми билимдони эмас, барча соҳада етук олим бўлган. Ҳадис ва фиқҳ илмида бир неча шайхлардан ижозалар олган. Хусусан, ҳижрий 774 йили Ибн Касир (раҳматуллоҳи алайҳ) унга фатво айтишга ижозат берган. Бундан ташқари,  тафсир, усулул фиқҳ, ақоид, балоғат ва луғат каби соҳаларга доир бир қанча асарлар ёзган.
 
Имом Жазарий ҳаж амалини адо этаётган пайтда бир киши келиб: “Мен Бурса шаҳриданман. Бурсада Қуръон ҳофизлари кўп бўлса-да, уларнинг орзулари сиздек улуғ шайхдан Қуръонни ўқиб, ўтказиб олишдир. Бироқ бу ерга келиб, сиз билан учрашиш учун имкониятлари йўқ”, дейди. Шунда Имом Жазарий: “Агар улар кела олишмаса, мен олдиларига бораман”, деб ҳаж амалини адо қилиб бўлгач, узоқ ва машаққатли сафарга отланади. Бурсага бориб, Қуръони каримдан таълим беради.
 
Ўша даврларда Султон Боязид ва Амир Темур ўртасида жанг бўлади. Амир Темур зафар қучгач, уламоларни Мовароуннаҳрга олиб келади. Улар орасида Имом Жазарий ҳам бор эди. Олим ҳижрий 805 йилдан бошлаб Мовароуннаҳрда ҳам талабаларга Қуръон ва бошқа фанлардан дарс бера бошлайди.
 
Кейинчалик Дамашқдаги “Қуббатун наср” мадрасасида, умрининг охирги йилларида ўзи ташкил қилган “Дорул Қуръанил карим”да дарс беради.
 
Имом Жазарий ҳаёти давомида кўплаб уламоларга устозлик қилган. Манбаларда унинг ўнлаб машҳур шогирдларининг исми зикр қилинади.
 
Олим фақатгина тажвид соҳасида ўнта асар ёзган. Улардан энг машҳурлари “Муқаддиматул Жазарий”, “Таҳбирут тайсийр фий қироатил ашр” (Ўнта қироатда янгилик йўллари), “Ан-нашр фий қироатил ашр” (Ўнта қироат ҳақида тўлиқ маълумот), “Ғоятун ниҳоя фий табаййиқотил қурро” (Қориларнинг табақаси борасида сўнгги чизиқлар) маъно таржималари китобларидир.
 
Кўплаб қироат имомларининг устози Муҳаммад ибн Жазарий ҳижрий 833 йили Рабиул аввал ойининг 5-куни, жума тонгида вафот этади. Олим Дамашқ шаҳридаги ўзи ташкил этган “Дорул Қуръанил карим” ҳовлисига дафн қилинади.
 
“Ал-минаҳул фикриййа фи шарҳил Муқаддиматил Жазарийя» китоби  асосида
Тошкент ислом институти  
4-курс талабаси
Сайдулло Тоҳиров 
тайёрлади.